ИЛМ ЗУЛМАТДА НУР, КАМБАҒАЛЛИКДА НАЖОТДИР
Илм инсон ҳаётининг безаги, барча эзгу амалларининг сарчашмаси ўлароқ, келажак ҳаётининг нурафшон бўлишига асос бўлувчи ҳодисадир. Илм Аллоҳ томонидан инсон зотига берилган энг буюк неъматлардан бири бўлиб, илмнинг фазилати борасидаАллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (фойдали илм) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар» (Бақара сураси, 269-оят). Ушбу оятдан англашиладики, илмли кишилар жамиятимизнинг камёб ва алоҳида эҳтиромга сазовор кишилари бўлиб, улардан ўрганиш, уларнинг ҳаёт йўлларига тақлид қилиш ва шу орқали ақл-у заковат юксалишига интилиш порлоқ келажакка кафолатдир. Шунингдек, илм ўз соҳибини такаббурлик, ғазаб ва ёлғон каби иллатлардан ҳамоя қилувчи воситадир.Бир инсон донишманддан сўради:
- Инсонга ато этилган энг яхши ҳадя нима?
Донишманд шундай деб жавоб берди:
- Табиий ақл.
- Агар у бўлмаса-чи? - деб сўради донишманддан.
- Илм ўрганиш - деб жавоб берди донишманд.
- Агар ундан маҳрум бўлса-чи? - деб сўради.
- Тўғрисўзлик -деб жавоб берди донишманд.
- Агар ундан ҳам маҳрум бўлса-чи? - деб сўради.
- Сукут сақлаш - деб жавоб берди донишманд.
- Агар ундан ҳам маҳрум бўлса-чи? - деб яна сўради.
- Ундай бўлса, имкон қадар тезроқ ўлим, - деб жавоб берди донишманд.
Бу мулоҳазалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, илм — ўз соҳиби учун фаровонликда зийнат, камбағалликда нажотдир. Адаб орқали қалблар гуллаб-яшнайди, илм билан эса ақллар мустаҳкамланади.
✍️ Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Манбашунослик бўлими илмий ходими
Izoh qoldirish