30.05.2022

ТАСАВВУФ – БУ САҲОБАЛАР ЙЎЛИДИР

Дунёдан юз ўгириш, унинг ҳою ҳавасларидан ўзини тийиш, Аллоҳ таолога яқин бўлган валий зотларнинг хислатларидандир. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу мана шундай сифатга лойиқ бўлган зотлардан эди. 

Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: “Бир куни Абу Бакр розияллоҳу анҳу сув сўрадилар, Ул зотга ичида суви ва асали бўлган бир идиш келтирилди. Ул зот идишни оғзига яқин олиб келганида йиғлаб юборди. Бу ҳолни кўрган атрофидагилар ҳам йиғладилар. Шунда ўзи ҳам атроф сукунатга чўмди. Сўнг иккинчи бор сув сўради ва яна ўзини тиёлмасдан йиғлаб юборди. Ҳеч ким ундан бунинг сабабини сўрашга журъат қилолмади. Кейин юзларини артиб ўзларига келдилар. Саҳобалар сўрашди йиғингизнинг сабаби нима? Шунда: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида эдим. Ул зоти бобаракот қандайдир бир нарсани ўзларидан қайтарардилар ва: “Мендан узоқ бўл! Мендан узоқ бўл!” дер эдилар ва мен эса бирор бир нарсани кўрмасдим. Шунда Набий соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дунё мени кўзимга бир нарсадек шаклланди, шунинг учун ҳам: “Мендан узоқ бўл! Мендан узоқ бўл!” дедим. Шунда у мендан узоқлашиб: “Аллоҳга қасамки сен мендан узоқлашсанг-да сендан кейингилар мендан узоқлашмайди” деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Менга дунё йўлиқишидан қўрқиб йиғладим” дедилар.

Дунё ҳаваси, унга эришиш йўлида инсон узундан узун орзу-ҳавас қилар экан унинг қалбини батамом эгаллаб олади. Қайси бир инсон қалби дунё ғами билан тўлган бўлса унга бошқа ҳеч нарса сиғмайди. Зотан бир қалбга ҳам дунё ҳам дин ғами жам бўлмайди. Бу ҳақиқатни тушиниб этган валий зотлар дунёдан ўзини олиб қочганлар.

Мақола “Ҳилятул авлиё” китоби асосида тайёрланди.

 Маҳмуд Нормуродов- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими


 

Izoh qoldirish