01.06.2022

ПАЙҒАМБАРИМИЗﷺ ВА БОЛАЛАР

Бутун жонзотларни яратган Роббимиз Қуръони каримда, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун борлиққа раҳмат ўлароқ юборганини айтди ва у зотнинг шафқат, марҳамат ва меҳрга тўла пайғамбар эканлигини таъкидлайди. Пайғамбаримиз бир ҳадисишарифларида “Аллоҳ таоло мени оламларга айни раҳмат этиб юборди” (Имом Термизий ривояти), дея инсонларга ўз жонларидан ҳам яқин эканликларини ифода этадилар. Суюкли Пайғамбаримизнинг бу меҳр ва шафқатидан энг аввало болалар ўз насибасини олган десак тўғри бўлади. Зеро, рисолат келгунга қадар Маккада қиз фарзландлар мусибат ўлароқ кўрилар ва марҳаматдан маҳрум бир шаклда ўстирилар эдилар. Пайғамбаримиз ушбу хатоларнинг барчасини йўқ қилди ва болаларга муносиб қиймат ва ҳурматни берди.

Расулуллоҳ иймон, ибодат, ахлоқ ва ижтимоий ҳаётда энг тўғри йўлни кўрсатишлари билан бир қаторда болалар билан мулоқот, уларга бериладиган меҳр ва муҳаббатда ҳам биз умматлари учун энг гўзал намуна бўлдилар.

Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийнинг икки фарзанди Ҳасан ва Ҳусайнни ўптилар. Ҳузурларида Ақрў ибн Ҳобис ат-Тамимий бор эди. Шунда Ақрў: “Менинг ўнта фарзандим бор. Лекин мен уларнинг бирортасини ҳеч ҳам ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: “Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Фарзандларимиз олдидаги ота-оналик бурчимиз шунчаки уларни боқиш ва кийдиришда эмас. Уларнинг қадр-қимматини жойига қўйишимиз ва ҳурмат кўрсатишимиз тўғри таълим ва тарбия беришимиз ҳамда ўзимиз энг гўзал намуна бўлган ҳолда уларнинг маънавий камолотини таъминлашимиз даркор.

Барро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасалламни кўрдим, Ул зот елкаларида Ҳасанни кўтариб: “Эй, Аллоҳ, мен уни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин”, деб айтардилар” (Имом Бухорий ва Муслим ҳамда ИмомТермизий ривоятлари).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо болаларни шодлантириб, уларни хурсанд қилишга қизиқардилар. Ҳузурларига энг аввал пишган мевалардан келтирилса, олдиларидаги болаларга тарқатардилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айниқса етим-есирларга алоҳида эҳтиром кўрсатар эдилар. Улар билан бирга юрар, имкон қадар уларнинг ҳожатларини раво қилардилар (Имом Насоий шу маънодаги ҳадисни ривоят қилган).

Етимларга нисбатан ўзлари гўзал муомалада бўлардилар, уларга яхшилик қилардилар ва саҳобаларни ҳам шундай қилишга, етимларни ўз қарамоғига олишларига тарғиб қилиб, унинг фазилатларини баён қилардилар.

Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен билан етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундоқ бўлади”, деб кўрсаткич ва ўрта қўлларини бирлаштириб ишора қилдилар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ривоятда Пайғамбар ﷺ: “Мусулмонлардаги энг яхши уй бу унда етимга хайр-саховат қилинадиганидир”, деб айтганлар (Ибн Можа ривояти).

Пайғамбар ﷺкичкинтойлар бўлган жойга кирганда, улар билан саломлашар, уларга гўзал сўзлар билан мурожаат қилиб, ҳазиллашар эдилар. У зот меҳр билан болаларнинг ёноқларига тегиб, уларни ўпар эдилар. “Ҳеч бир ота-она фарзандига адаб ва гўзал тарбиядан кўра қимматроқ мерос қолдиролмайди”, дея ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрларини ҳам айнан тарбия масъулияти орқали шараф билан адо этишга даъват этадилар.

Пайғамбаримиз мусулмонларга болаларга, ўғил ёки қизга тенг муносабатда бўлиш кераклигини ўргатдилар. Натижада исломгача бўлган араб жамиятида узоқ вақтдан бери шаклланиб келган нотўғри қарашларни ўзгартириш мақсадида қизларга алоҳида эътибор қаратиб, қизларга ғамхўрлик қилган ота-онарларга жаннат хабарини бердилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, суюкли Пайғамбаримиз ҳар бир мавзуда бўлгани каби, болаларга бўлган муносабатда ҳам энг гўзал намуна бўлдилар. Бу мавзуда энг яхши сўзларни айтдилар, энг яхши хулқ-атворни кўрсатдилар ва энг яхши мисоллар келтирдилар. Аллоҳнинг У кишига саловоти ва саломи бўлсин.

✍️Музаффархон Жониев- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи


 

Izoh qoldirish