02.06.2022

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Сунани Термизий” шарҳлари

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ 1943 йили Ҳиндистоннинг Девбанд шаҳрида туғилган, болаликдан Покистонда бир умрга яшаб қолган, Карочидаги “Дор ал-улум” университети Шайх ул-ҳадис мударриси, давримизнинг энг машҳур ҳанафий олимларидан ва муҳаддисларидан биридир. Бир неча йиллар давомида бутун дунё мусулмон уламоларининг энг нуфузли ўринларидан муносиб жой олиб келган бу зотнинг “Сунан ат-Термизий”га қилган кўп жилдлик шарҳлари –“Дарси Термизий” ва “Тақрири Термизий” номли асарлари мавжуд.

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари 2019 йилда буюк муҳаддислар юрти Ўзбекистонга ташриф буюриб, Имом ат-Термизий ҳазратларининг муҳташам тарзда янгидан барпо қилинган қабрлари зиёратгоҳини ҳам зиёрат қилиш асносида аҳли илм зиёратчиларга “Сунан ат-Термизий”ни ва унинг шарҳларини ўқиб-ўрганишга умумий ва хусусий ижоза берган эдилар.

Муҳаммад Тақий Усмоний “Сунани Термизий”нинг ўзбек тилидаги шарҳлари устида илмий изланишлар олиб борилаётганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдилар. 2021 йилда эса шарҳларнинг дастлабки уч жилди нашрига тақдимнома ҳам ёзиб, мамнуният билан оқфотиҳа бердилар.

“Дарси Термизий” номли шарҳ урду тилида ёзилган бўлиб, Карочидаги “Дор ал-улум” университети мактабасида 2010 йили ҳар бири 530 жилдан кўпроқ ҳажмда 3 жилд қилиб нашр қилинган. Шарҳ Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг Рашид Ашраф Сайфий деган шогирди томонидан нашрга тайёрланган. Китоб Муҳаммад Тақий Усмонийнинг утиверситетда ўтган дарслари ва маърузалари асосида ёзиб олинган.

“Дарси Термизий”да мукаммал тарздаги муқаддима ўрин олган бўлиб, унда ҳадис илми истилоҳлари, ҳадиснинг аҳамияти, унинг зарурати, ҳанафий мазҳабига оид манбалар, ҳанафийларнинг ҳадисларни шарҳлаш услублари, ҳанафийликка оид шарҳлаш ва изоҳлашнинг ўзига хосликлари баён қилиб берилган.

“Дарси Термизий”да ибодат қисмига оид ҳадислар, жумладан, таҳорат, намоз, закот, рўза ва ҳаж масалалари шарҳланар экан, асосан уларнинг баҳсталаб ўринларига катта аҳамият берилган. Бошқа мазҳаблар фикрлари ва далилларига жавоблар келтирилган. Ҳанафий мазҳабининг далилларини бирма-бир келтирилиб, оят ва ҳадислар асосида асослаб берилган. Шунинг учун, баҳсталаб бўлмаган, ҳар ким тушунишда қийинчиликка учрамайдиган ҳадислар ва боблар шарҳлаб ўтирилмаган.

“Тақрири Термизий” номли шарҳ ҳам урду тилида ёзилган бўлиб, қарийб 400 бетлик 2 жилддан иборат. У Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг Муҳаммад Абдуллоҳ Майман деган шогирди томонидан нашрга тайёрланган ва Карочида “Майман” нашриётида 1999 йили чоп қилинган.

“Тақрири Термизий”нинг муҳим томони, у “Сунани Термизий”нинг муомалот қисмига оид ҳадислар шарҳига бағишланган. Муомалотга савдо-сотиқ, олди-берди, ижара, шерикчилик, одамлар ўртасида юзага келадиган ижтимоий муносабатлардаги ҳар хил шаръий ҳукмларга оид ҳадислар киритилган. Улар ҳанафийлик мазҳабининг фиқҳий мезонлари асосида шарҳланган. Замонавий банк масалалари, ҳозирги замон ислом молиясига тегишли маълумотларга ҳам кенг ўрин берилган.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Сунани Термизий”га битган шарҳларининг яна бир муҳим томони, ақидага тегишли ҳадислар мотуридийлик таълимотига мувофиқ изоҳлаб берилганидир.

Умуман олганда, мазкур “Дарси Термизий” ва “Тақрири Термизий” номидаги шарҳларни ўқиган талаба Абу Исо ат-Термизий келтирган ҳадисларни муфассалроқ тушуниш билан бирга ҳанафийларнинг далилларини ўрганиб, китобдаги фиқҳий ва ҳадисий фикрлар билан бирга ҳадис илмидан тўлиқроқ хабардор бўлишади.  

 

✍️ Ҳикматуллоҳ Абиев,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish