07.06.2022

“Рисолаи қудсия” асарида халқ манфаати устунлиги

Хожа Муҳаммад Порсо Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг энг машҳур шогирдларидан биридир. У киши ўз илмий салоҳияти, зукколиги, фаҳму фаросати, етук ақли ва тақводордлиги учун “Порсо” лақабини олган. Манбаларда Хожа Муҳаммад Порсо нафақат тасаввуфнинг йирик намояндаси балки тасаввуфнинг йирик тадқиқотчи олими сифатида ҳам тилга олинади. Хожа Муҳаммад Порсо асарларида комил инсон тарбияси асосий мавзулардан бўлиб, айниқса нафсни тўғри йўлда тарбиялашга алоҳида эътибор қаратади. “Рисолаи қудсия” асари бошқа асарлари орасида нафс тарбияси, инсон камолоти ва инсон қадрига алоҳида урғу берилганлиги билан эътиборлидир. Асарнинг эътиборли томони шундаки, Хожа Муҳаммад Порсо ўз устози – Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг муборак сўзлари, маноқиби, мажлисларидаги панд-насиҳати ва толиби илмларга қилинган хитоби китоб шаклига келтирилган. Шу билан бирга муаллиф баъзи фаҳми мушкил сўзларни шарҳлаб, Қуръони карим, Ҳадиси шариф ва мутасаввуф шоирларнинг шеърларидан намуна келтиради. Энг муҳими, инсон ўз нафсига ҳоким бўлиши, бошқалар ҳаққини поймол қилмаслиги, бировнинг молини ботил йўл билан емаслиги, жамият манфаатини ўзининг манфаатидан устун қуйишини устувор вазифалардан деб билади. Қуйида Хожа Муҳаммад Порсонининг “Рисолаи қудсия” асарида келган “Халқ манфаати” борасидаги қарашлари билан танишамиз:

“Аллоҳнинг дўстлари тариқи бир неча турлидир: баъзилари борки рухсат ва ижозат билан итоат қилишади. Рухсат олишдан уларнинг асл мақсадлари ўз мақсадларини кўзламасдан халқ манфаатини кўзлашлигидадир. Баъзилари қаттиқ истак мустаҳкам ирода билан бел боғлайди, уларнинг мақсади ўз нафсини семиртириш эмас, балки халқ манфаатини устун қўяди, аммо халқ манфаатини мустаҳкам ва иродали кишилар ўйлайди, бунинг натижаси ёруғ ва хатардан йироқдир. Барча машғулдир, худди бир дарахт каби. Дарахт самарасиз бўлмайди меваси ё ширин ёки таъмсиз бўлиши мумкин (Инсонларнинг амали ҳам шундай – манфаатли ва манфаатсиз). Агар дарахт мева бермаса ҳам ҳеч бўлмаса, бирор бир жонзот унинг соясида тинийди ёки унинг ҳусну таровати, гўзаллигидан кўзи қувнайди”.[1]

Бундан маълум бўладики, инсон доимо ўз манфаатидан кўра халқ манфаатини устун қуйиши керак. Халқ манфаатини ўйлаган ва халқ дарди билан яшаган инсон доимо ардоқда бўлиши маълум. Хожа Муҳаммад Порсо таъкидлайдики, нафс инсонни тубанликка чорлайди, агар киши ўз нафсини семиртирмасдан халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйса бундай инсоннинг ҳаёти хавф-хатардан йироқ ва хотимаси гўзал бўлади. Порсо инсонларни ҳам худди самарали ва самарасиз дарахтга ўхшатади. Самарасиз дарахт – лоқайд ва ўзининг манфаатидан бошқанинг манфаатини ўйламайдиган киши бўлса, самарали дарахт эса ўз манфаатидан кўра жамият манфаатини ўйлайдиган кишидир.

 

✍️ Каромиддин  ЖамаҳматовИмом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 ___________________

[1]Хожа Муҳаммад Порсо. Рисолаи қудсия/ бо кўшиш ва эҳтимоми Муҳаммад ибн Муҳаммад Тоҳири Ироқий. – Теҳрон: Таҳурий, 1354. – С. 154.


 

Izoh qoldirish