САНГАРДАК ШАРШАРАСИ ҲАҚИДА ЭШИТГАНМИСИЗ?!
Ўзбекистоннинг энг жанубий вилояти –Сурхондарё вилояти маркази Термиздан деярли 200 км узоқликда жойлашган Сангардак қишлоғи бугунги кунда нафақат юртимизда, балки бутун дунёда ҳам маълум ва машҳур бўлган масканлардан бири ҳисобланади. Сангардак қишлоғи ўзининг сўлим ва салқин табиати, гўзал манзараси, шарқираб оқувчи зилол сувлари билан бугунги кунда юртимиз ва хорижий давлатлардан кўплаб саёҳатчиларни ўзига жалб қилиб келмоқда. Аммо, ушбу ҳудудда зиёратчиларни ўзига жалб қилувчи бошқа бир манзилгоҳ ҳам борки, бу Сангардакнинг “Туризм қишлоғи” мақомини олишида асосий туртки ҳисобланади. Ушбу тоғли қишлоқда Ўзбекистон зиёрат туризмининг энг саёҳатбоп объектларидан бири ҳисобланган Сангардак шаршараси жойлашган.
Шаршаралар азалдан диққатга сазовор жойлар бўлиб келган, улар табиатнинг мўъжизаси ҳисобланган. Табиатнинг ноёб мўжизаларидан бири ҳисобланган Сангардак шаршараси ҳанузгача минглаб одамларни ушбу ҳудуднинг гўзаллиги ва бутун Сариосиё ҳудудининг таърифлаб бўлмайдиган жозибасидан баҳраманд бўлишга жалб қилмоқда.
“Сангардак” атамаси форс-тожик тилидан олинган бўлиб, “санги гирдак” – “айлана тош, юмалоқ тош” деган маънони билдиради. Сангардак шаршараси табиатнинг барча гўзаллиги ва улуғворлигини ўзида акс эттирувчи хушманзара жой бўлиб, мазкур шаршара Ўзбекистоннинг энг баланд шаршараларидан бири сифатида эътироф этилади. Шаршаранинг баландлиги 60-80 метр баландликкача боради. Бугунги кунда маҳаллий аҳоли орасида ушбу шаршара билан боғлиқ бир қанча афсоналар ҳам мавжуд бўлиб, бу баъзан ушбу шаршаранинг муқаддаслаштирилишига ҳам сабаб бўлган.
Тарихий манбаларда келтирилишича, қадим-қадим замонлардан ушбу шаршарани томоша қилиш учун нафақат Мовароуннаҳрдан, балки бошқа ўлкалардан ҳам амалдорлар, амир ва амалдорлар ташриф буюриб турганлар. Бугунги кунда ҳам Сангардак шаршарасини томоша қилиш учун Туркия, Япония, АҚШ, Афғонистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрмоқда. Статистик маълумотларга кўра, ушбу масканга келувчи сайёҳларнинг кунлик сони баҳор ва ёз фаслларида 1000 нафаргача етади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Сангардак қишлоғининг, хусусан мафтункор шаршаранинг атрофи обод бўлишига, ташриф буюрувчиларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун қулай шарт-шароитларнинг яратилишига, йўлларнинг равонлашишига, бир-биридан улуғвор масжидларнинг барпо этилишига, бир сўз билан айтганда, бутун инфраструктуранинг замонавий кўриниш касб этишига сабаб бўлди. Бу эса ички туризм ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
✍️ Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish