09.06.2022

ИНСОН МАХЛУҚОТЛАРНИНГ ГУЛТОЖИ

Инсонни барча махлуқотдан афзал ва акмал қилиб яратган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Бутун оламга раҳмат қилиб юборилган, комил инсон ахлоқини камолотига етказган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруду саломлар бўлсин.

        Ҳар бир махлуқотнинг ўзига яраша қадр-қиммати бор. Махлуқотларнинг ичида инсон зоти қадри юксак ва олийдир. Бутун борлиқни Аллоҳ таоло инсоният манфаати учун яратилгани сир эмас. Қолаверса энг хатарли махлуқотлар ҳам, гарчи инсон ҳаётига улар хавф солса-да лекин бир томондан манфаат етказади. Дунёдаги барча кашфиётлар, ёзилаган ва ёзилаётган асарлар инсоният ҳаёти ва қадр қиммати учун қаратилган. Бироқ буларнинг ичида Аллоҳнинг каломи Қуръони карим бу борада энг мукаммал дастуру-л-амалдир. Чунки Қуръон инсон қадри ва фазилатини доимо олий эканлигини уқтиради. Кўплаб оятларда “махлуқотларнинг карамалиси” деб инсон зотига ишора қилинади. Бу борда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Исро сурасидаги 70 оятида марҳамат қилади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا

(Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик).[1]

“Инсон” сўзи араб тилидаги “аниса” феълидан ҳосил бўлган исмдир. Мазкур феъл “мослашмоқ”, “танишмоқ”; “дўстлашмоқ”; “ёқтирмоқ”; “севмоқ”; “ўргатмоқ” каби ҳаракатларни ифода этади. Демак, бу ҳаракатларни ифодаловчи манбанинг исми сифатида инсон сўзи пайдо бўлган. Теранроқ тафаккур этадиган бўлсак, инсон фитратда туғилади, унинг ижтимоий муҳити, таълим-тарбияси уни яхшиликка ёки ёмонликка мойил этиб тарбиялайди. Агар ўзига манфаатли илмларни ўрганса, зарарли нарсаларни ўзидан дафъ этса, руҳий тарбияга алоҳида эътибор берса, Қуръони каримда таъкидланган “азиз ва мукаррам” инсон сифатида ном қозонади. Мана шундай инсонни қадрлаш ва эъзозлаш жамият ҳаётининг фаровонлигига сабабчи бўлади. Аммо инсон яхши тарбия олмаса, манфаатли илм ўрганмаса, исёнкор бўлса, одамларга зарар етказса бундай инсон Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрсиздир. Аллоҳнинг ҳузурида қадрсиз бўлган инсон одамларнинг ҳузуридан ҳам қадр топмайди. Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратилганлиги учун биз ҳам эътиборга молик ва мукаррам ишларни амалга оширишимиз керак. Зотан инсон қадри унинг хулқи, амали ва хайрли ишлари билан улчанади. Мавлоно Жалолидин Румий ўз асарларидан бирида қуйдаги байтларни баён этади:

Хоҳӣ, ки ҳамеша шоду хуррам бошӣ,

Ҳар ҷо ки равӣ, азизу маҳрам бошӣ.

Покиза шаву рост бизӣ, илм омӯз

То тоҷи наберагони Одам бошӣ.

(Мазмуни: Агар сен доимо бахт-саодат билан яшашни, Одам алайҳисаломнинг ҳақиқий вориси ва ҳар жойда азизу маҳрам бўлишингни хоҳласанг, пок бўлмоғинг (жисм ва руҳни назарда тутмоқда), тўғри йўлда юрмоқлигинг, илм ўрганишинг лозим).

Юқоридаги байтларга эътибор бермоқчи бўлсак, Жалолиддин Румий бутун инсониятга мурожаат қилиб айтмоқдаки, инсон қадри – поклик, тўғрилик, илм ўрганишлик билан баланд бўлади. Одам алайҳисалом давридан бугунги кунга қадар азиз ва мукаррам бўлган инсонларнинг барчаси поктабиат, илмга муҳаббатли ва садоқатли зотлар бўлишган.

Инсон қадр топиши учун биринчи ўзлигини англаши лозим. Ўзини англаган, инсонийлик масъулиятларига амал қилган инсонлар ҳеч қачон хор бўлмайди. Инсоф билан теварак-атрофга ва барча яратилган борлиққа назар солсангиз бутун бошли махлуқот сиз-у биз учун хизматкордир. Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий “Гулистон” асарида инсон учун барча махлуқот хизматкор қилиб қўйилган, бироқ инсон мана шу неъматларни бизга берган Аллоҳ таоло фармонларига итоат қилмаслиги инсофсизлик эканлигини таъкидлаб ўтади:

Абру боду маҳу хуршеди фалак дар коранд,

То ту ноне ба каф ориву ба ғафлат нахурӣ.

Ҳама аз баҳри ту саргаштаву фармонбардор,

Шарти инсоф набошад, ки ту фармон набарӣ.

(Мазмуни: Сен бир бурда нон топиб, ризқингни ердан териб ғафлат билан емаслигинг учун булут, шамол, қуёш, ой (барча коинотдаги катта ва кичик жисмлар) ҳаракат қиладилар. Буларнинг барчаси сени фармонинг билан юради ва хизматингни қилади. Сени итоатсизлигинг, ғафлатда умр кечиришинг, фармонларига амал қилмаслигинг инсоф юзасидан эмас).

Шайх Саъдий Шерозий инсон қадрини – итоаткорлик ва ҳаллоллик баланд қилишни таъкидлагани бежиз эмас. Бу каби олий мартабани Аллоҳ таоло бизларга инъом этгани учун доимо шукроналар айтишимиз шарт.

Маълумки, барча замонларда яхши инсонлар қадр топишган. Тарих зарварақларида яхши инсонлар номи доимо тилларга олишган. Буюк юрт алломлари номини олган Ўзбекистон ҳам азалдан буюк инсонларни тарбия қилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ал-Хоразмий, Ал-Форобий ва Ибн Синолар номини бутун дунё аҳли алоҳида ҳурмат билан тилга олишади. Бу зотлар бу каби қадрни инсоний қадриятларга амал қилганлиги учун топгани шубҳасиз.

Бугунги кунда ҳам ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш каби буюк ғоя яширин. 2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берилгани ҳам шу фикримизни тасдиқлайди. «Инсон қадри учун» деган тамойил ҳар бир ватандошмиз учун муносиб турмуш шароитини яратишни назарда тутади. Жумладан, ўтган давр мобайнида ушбу тамойил асосида барча соҳада туб ўзгаришлар қилинди. Юртимизда ҳар бир соҳада рўй бераётган ўзгаришлар аввало инсон учун яратилаётган қулайликларнинг ёрқин ифодасидир.

Мухтасар қилиб айтганда, инсон қадри ўзлигимизни англашдан бошланади. Қачонки, биз ўз милллий ва диний қадриятларимизни қадрласак, қадримиз баланд, йўлимиз равон, ҳаётимиз фаровон бўлади.

 

Жамаҳаматов Каромиддин – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбашунослик бўлими бошлиғи 

____________________________

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири/таржима ва тафсир муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур. (2019.). Тошкент:: Sano standart. – Б. 289.

 

Манба: "Халқ овози" (Тожикистон) газетаси, 2022 йил 9 июн сони


 

Izoh qoldirish