18.06.2022

ИСЛОМ ТАМАДДУНИДА ДАХИЛА (ЎЗГА) ИЛМЛАР ЁЙИЛИШИ

 Ислом тамаддуни тарихида “дахила илмлар”, “ажам илмлари”, “ғайриараб илмлари” номлари билан машҳур бўлган илмлар мавжуд бўлиб, ушбу илмлар бошқа тиллардан таржимонлар воситасида ислом маданиятига кириб келган илмларга нисбатан қўлланилади.

 Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, исломий илмлар 3 та асосий гуруҳга ажратилади:

1.   Аслан арабларга хос бўлган илмлар. Ушбу илмларга арабларда ислом кириб келишидан олдин ҳам мавжуд бўлган луғат илми, шеър, хитобат илми кабилар киради.

2.   Исломий ёки шаръий илмлар. Ушбу илмларга фиқҳ, тафсир, ҳадис каби илмларни мисол қилиб келтириш мумкин.

3.   Ажам илмлари ёки дахила илмлар. Бошқа халқлар маданиятидан араб тилига таржима қилинган илмлардир.

 Мусулмон олимларининг турли маданиятларга оид китобларни араб тилига таржима қилишдан мақсади ўзга маданиятлардан тўғридан-тўғри билим олиш, уни ўз мероси ёки бошқа фатҳ қилинган миллатлар мероси билан аралаштириш ва шу орқали ўз цивилизациясини барпо этиш эмас эди. Улар қадим замонлардан бошлаб вужудга келган турли хил таълимотларни, фалсафий баҳсларни ва илмий талқинларнинг натижаларини чуқур таҳлил қилиш ва улар орқали ўз маданиятини янада мустаҳкамлашни мақсад қилган эдилар. Шу тарзда оссурияликлар, бобилликлар, финикияликлар, мисрликлар, ҳиндлар, эронликлар ва румликларнинг асл билимлари мусулмон олимлари томонидан таржима қилинган ва Ислом тамаддуни тараққиёти учун жалб қилинган.

 Шунинг учун дахила илмларнинг ислом цивилизациясига кириб келиши жараёнини кузатиш учун аввал ушбу турдаги илмларнинг асл манбалари ва илдизлари бўлган юнон, форс, оссурия ва ҳинд маданиятларига назар ташлаш керак.

 Мусулмонлар Aфлотун ва Aристотел асарлари орқали юнонларнинг фалсафага оид ҳикматларидан иқтибос олишган, уларнинг аксарияти Умавий ва Aббосийлар халифалиги даврида араб тилига таржима қилинган.

 Юнонлар айниқса тибб илми ва илми нужум соҳасида пешқадам халқлардан ҳисобланган. Тиббиётни аниқ бир тизимга келтирган ва ушбу илмни илмий асосга эга илмга айлантирган биринчи шахс “Абуттиб” (Тиббиёт илмининг отаси) номини олган Буқрот эди.

 Aллома Aлиакбар Деҳхудо шундай дейди: “Буқрот Сурияга саёҳат қилганида, эҳтимол у Бобил ва Миср тиббиёт фанлари ҳақида маълумотларга эга бўлган ва уларни юнон тиббиёт илми ривожи учун сафарбар қилади. Натижада кўплаб тиббиётга оид қимматли асарларни ёзади”.

 Ҳозирги кунда Буқротнинг тибб илмига оид йигирмадан зиёд китоблар ёзганлиги маълум. Ушбу китобларнинг барчаси исломнинг илк даврларида моҳир таржимонлар томонидан араб тилига таржима қилинди. Шу билан бирга, юнонлар астрономия, математика, геометрия ва географиянинг ривожланишига ҳисса қўшдилар. Пифагор, Эвклид, Aрхимед, Птолемей, Гален ва бошқалар бунга далилдир.

 Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, юнон илмининг ислом оламига кириб келиши Уммавийлар ва Аббосийлар халифалиги даврида ривожланган. Aббосий халифалари ўзларининг оқилона сиёсати билан нодир асарларни юнон тилидан араб тилига таржима қилиш орқали илм-фан ва билимларнинг равнақи учун катта хизмат қилдилар.

 Таржима асрининг бошларида Aббосий халифаларининг мақсади яширин юнон билимларини кашф этиш, сўнгра уни араб тилига таржима қилиш ҳамда ушбу таржималарни тўлдирган ҳолда, ислом тамаддуни тараққиёти йўлида хизмат қилдириш эди. Исломнинг биринчи асрларида, бир томондан, турли мамлакатларнинг фатҳлари билан бир қаторда Бағдодга китоблар ва ўша халқларнинг илм-фан ва билимларининг барча хазиналари юборилган. Бошқа томондан, Бағдоднинг ўзидан бошқа минтақаларга илм-фан ютуқлари олиб борилди, бу эса ўзга илмлар ривожига катта ҳисса қўшди.

 Эрон ҳам қадимги цивилизациялардан бири бўлиб, қадимий тарихий ва географик манбаларда ва саёҳатномаларда унинг халқи юқори туғма маданият ва истеъдод билан, шунингдек обрў-эътибор билан тилга олинади. Паҳлавийдан араб тилига таржима қилинган асарлар ҳақида фойдали ва нисбатан кенг қамровли маълумотларнинг энг муҳим манбаи ибн Надимнинг “Ал-Фиҳрист” асаридир. Ушбу манбада “Эронликлар, римликлар, ҳиндлар ва араблар томонидан воизлик, одоб-ахлоқ ва донолик тўғрисида ёзилган китоблар” бўлимида 44 та насиҳат ва одоб-ахлоққа оид асарлар номлари зикр қилинган.

 Шуни таъкидлаш керакки, “Ал-Фиҳрист”дан ташқари, исломгача Эроннинг ахлоқий меросини таржима қилиш тўғрисидаги маълумотларни бошқа араб манбаларида ҳам топиш мумкин. Ушбу манбалардан бири ибн Мискавайҳнинг “Aбадий донишмандлик” китоби бўлиб, унда ўндан ортиқ паҳлавий тилидаги пандномаларнинг тўлиқ ёки қисман арабча таржимаси мавжуд. Шу икки манбанинг ўзи исломдан олдинги форс ахлоқий адабиётларини араб тилига таржима қилиш жараёни ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш учун кифоядир.

 Шуни айтиш мумкинки, исломдан олдинги ва исломнинг биринчи асрларида Эроннинг араб тилига таржима қилинган интеллектуал ва маданий меросининг энг катта қисми ахлоқий мерос эди. “Аҳднома” ва “Васиятнома” номлари билан танилган, индивидуал ва ижтимоий ахлоқ, сиёсат санъатига оид рисолаларнинг таржимаси исломий муҳитда машҳурликка эришди. Ушбу аҳдномалар ва васиятномалар орасида қуйидаги китоблар мавжуд:

 “Aрдашер аҳдномаси”, “Aрдашернинг жамиятдаги турли қатламларга пандномаси”, “Қубод аҳдномаси”, “Хусрав Aнушервоннинг ўғли Ҳормузга қилган аҳдномаси”, “Зодонфаррухнинг ўғил тарбиясига оид китоби” “Маздак китоби”, “Озарбод мавъизалари” ва бошқа ўнлаб китоблар ва рисолалар. Мазкур китобларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган, баъзиларининг таржимони ҳақида сўз юритилмаган.

 Шеърият, аҳдномалар ёзиш билан бирга, эронликлар табиат, астрономия, математика ва геометрия каби қадимий илм-фанларга ҳам алоқадор эдилар. Буни тарихий манбалардаги кўплаб маълумотлар ҳам исботлайди. Хусусан, ибн Тақтақий сосонийлар маданиятининг ўзига хос хусусиятларини ахлоқ ва тарихдан ташқари, геометрия ва математикада ҳам юқори поғонага эришганлигида деб билади.

✍️ Cарвар Саидов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish