Ким илм ўрганса, ўтган нарсаларга каффорат бўлади
عَنْ سَخْبَرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ " مَنْ طَلَبَ الْعِلْمَ كَانَ كَفَّارَةً لِمَا مَضَى "
Сахбара розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким илм ўрганса, ўтган нарсаларга каффорат бўлади”, деганлар.
Ислом дини илм олишга доим тарғиб қилади. Аллоҳнинг розилиги учун илм ўрганиш ибодат ва савоб ишдир. Бундан Ислом дини илм ўрганишга қанчалик катта аҳамият беришини кўришимиз мумкин.
Ҳар бир мусулмон учун дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиш, ўзига керакли, ҳаёти учун зарур бўлган нарсаларни ўрганиши лозим бўлган ишдир, яъни фарзи айндир. Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шарт бўлади. Агар буни қилмаса гуноҳкор бўлади. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасидаги барча илмлар бўйича етарли мутахассисларни тайёрлаб олиш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарз бўлади.
Мусулмонлар учун керакли бўлган ҳунар ва илм ўрганишни баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун кифоя қиладиган ишдир, яъни фарзи кифоядир. Эҳтиёжни қондирадиган даражада ва ададда мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади. Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади.
Бу ҳадисдан илм ўрганиш ибодат ва савобли иш бўлиши билан бирга, инсоннинг баъзи ўтган гуноҳларининг каффорат бўлишига, яъни гуноҳларнинг ювилишига ҳам сабаб бўлар экан. Каффорат – содир бўлган гуноҳни ювиш учун қилинадиган қўшимча ибодатдир.
Бу дунёда гуноҳга йўл қўймаган банда йўқ. Ҳар бир мусулмон банда бу дунёда, албатта, Аллоҳ унинг барча гуноҳларини кечиришини ва яхши амалларининг ажрини зиёда қилишини орзу қилади. Бу ҳадисдан тавба қилиш билан гуноҳлар ювилганидек, илм ўрганиш билан ҳам баъзи бир гуноҳлар ҳам ювилишини билиш мумкин.
Бу ҳадисда мўмин-мусулмон кишининг илм ўрганиши сабабли гуноҳларига каффорат бўлиши, гуноҳларининг тўкилиши таъкидланмоқда. Бундан мусулмон одам илм талаб қилса унинг гуноҳлари ювиб ташланиши маълум бўлмоқда. Бу эса илм талаб қилишнинг фазли қанчалик баланд эканини кўрсатади. Бундан мўмин киши гуноҳларини ювиш учун ҳам илм ўрганишлиги лозим бўлади.
Бошқа ҳадисларда ҳам гуноҳларнинг тўкилиши, ювилиши ёки ўчирилиши ҳақида маълумотлар келади. Бу маънолардаги ҳадисларни эшитиб ёки ўқиб, хоҳлаган гуноҳни қилиб келиб, бир марта таҳорат қилса ва намоз ўқиса ёхуд жума намозида иштирок этса, ҳамма гуноҳлари тўкилиб кетар экан, деган хаёлга бормаслик керак. Бунга ўхшаш маънодаги ҳадисларда зикр қилинган гуноҳнинг тўкилиши гуноҳи кабира (катта гуноҳлар) ва банда билан банда орасида қилинган гуноҳлар эмас, балки бу Аллоҳ билан банда орасидаги муносабатда банда томонидан содир этилган гуноҳи сағира (кичик гуноҳлар)га тегишлидир.
Лекин илм талаб қилиш билан кичик гуноҳларнинг ювилиб кетиши ҳам мусулмон киши учун Аллоҳ томонидан кичик гуноҳларини ювиб олиш учун берилган имконият ва қулай фурсатдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар:
1. Ислом дини илм олишга доим тарғиб қилиши.
2. Илм ўрганиш ибодат эканлиги.
3. Ҳар бир мусулмон учун дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиш, ўзига керакли, ҳаёти учун зарур бўлган нарсаларни ўрганиш фарзи айнлиги.
4. Мусулмонлар учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни ўрганиш эса, фарзи кифоялиги.
5. Илм ўрганишнинг фазли улуғ эканлиги.
6. Илм ўрганиш ўзидан олдин ўтган кичик гуноҳларга каффорот бўлиши.
7. Каффорат — содир бўлган гуноҳни ювиш учун қилинадиган қўшимча ибодат эканлиги.
8. Илм ўрганиш мўмин-мусулмон киши учун Аллоҳ томонидан кичик гуноҳларини ювиб олиш учун берилган имконият ва қулай фурсат эканлиги.
✍️ Олим Жўраев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
Izoh qoldirish