АҲМАД ТОШКЎПРИЗОДАНИНГ ФАЛСАФИЙ ФИКР ТАРАҚҚИЁТИДА ТУТГАН ЎРНИ
Машҳур мутафаккир Али Қушчи XV аср ўрталарида турк ҳукмдори Меҳмед Фотиҳнинг таклифига биноан Усмонийлар давлатида яшаб, ўз даврининг энг нуфузли мадрасаларидан бири бўлган “Ая-София”да бош мударрис сифатида фаолият юритади. У Самарқанддаги Улуғбек академиясига тегишли бўлган асосий илмий ютуқларни Усмонийлар давлатида кенг тарғиб қилади. Натижада Усмонийлар давлатида ҳам фалсафий фикр тараққиёти сезиларли даражада юксалиб, кўплаб мутафаккирларнинг етишиб чиқишига сабабчи бўлди. Шундай мутафаккирлардан бири Абул Хайр Исомиддин Аҳмад ибн Муслиҳиддин Мустафо Хайриддин Халил Тошкўпризода (1495-1560) ҳисобланади.
Аҳмад Тошкўпризода 24 йил давомида Усмонийлар давлатидаги нуфузли мадрасаларда мударрис, 6 йил давомида бир қанча шаҳарларда қозилик вазифаларида самарали фаолият юритиб, жуда бой илмий мерос қолдиради. Айниқса, мутафаккирнинг фалсафа, адабиёт, тарих, дин, санъат, тиббиёт, ахлоқ сингари соҳалардаги асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шунингдек, унинг илмий ижодиёти филология, мантиқ, калом фалсафаси, илмлар таснифи, математика каби соҳаларни ҳам қамраб олган. Мутафаккирнинг бизгача “Мавдуот ал-улум”, “Аш-шақоиқ ан-нуъмания”, “Ал-муаллим фиъл-калом”, “Тавориҳ ул-анбиё”, “Аҳвол ул-мулук” каби 40 га яқин асарлари, 30 га яқин рисолалари ва баъзи арабча шеърлари етиб келган.
Тошкўпризода илмий меросининг муҳим хусусияти шундаки, унинг асарларида универсал фикрлар ва долзарб масалалар жуда кўп кўтарилган. Унинг “Аш-шақоиқ ан-нуъмания” асари мадрасаларда муҳим манба сифатида ўқитилган. Чунки бу қимматли асарда 371 нафар олим ва мутафаккирлар, 150 нафар шайх ва авлиёларнинг таржимаи ҳоли келтириб ўтилган. Шунингдек, мутафаккирнинг “Тарихи кабир” асарида ўз давригача яшаган тил, дин, фалсафа, тиббиёт соҳасида улкан мувафаққиятларни қўлга киритган машҳур олимлар ҳақида ҳам муҳим маълумотлар ёзиб қолдирган.
Тошкўпризода томонидан ёзилган ҳар бир асар илмий қийматга эгалиги ва жамият учун долзарб бўлганлиги билан ҳам юксак аҳамиятга эга ҳисобланади. Унинг “Рисола ал-шифо ли-эдва ал-вабо” асари ҳам шундай асарлар сирасига киради. Бу вабо касаллиги тўғрисида ёзилган ўз даврининг муҳим тиббий рисоласидир. Асарда вабо касаллигининг умумий тавсифи, унинг келиб чиқиш сабаблари, хосиласи, тарқалиши, олдини олиш усуллари ва эпидемия вақтида қилинадиган энг муҳим вазифалар ҳақида қимматли илмий маълумотлар келтирилган.
Тошкўпризода илмий ижодиётида ахлоқ масаласи энг муҳим соҳалардан бири ҳисобланади. Бу борада унинг “Адаб ул-баҳс ва ал-мунозара” рисоласини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Рисолада мутафаккир баҳс ва мунозара юритишнинг муҳим хусусиятлари, баҳснинг муҳим шартлари ва қоидалари тўғрисида жуда аҳамиятли, илғор фикрларни келтириб ўтган. Шунинг учун ҳам аксарият тадқиқотчилар мазкур рисолани Шарқона илмий баҳс-мунозара этикасига оид энг сара манбалардан бири сифатида кўришади. Шунингдек, Тошкўпризоданинг ахлоққа оид яна бир машҳур асари мавжуд бўлиб, бу асар “Шарҳ-ул ахлоқ ал-адудийя” деб номланади. Ушбу асарда инсоннинг хулқи, юриш-туриши, феъл-атвори, жамиятдаги обрў-эътиборига оид келтирилган илмий фикрлар кейинги давр Мусулмон Шарқида ўз аҳамиятини йўқотмади.
Мутафаккирнинг “Рисолату ал-шуҳуд ал-айни фи мабаҳис ал-вужуд ал-зиҳни” номли рисоласи ҳақида ҳам тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Чунки мазкур рисола борлиқ фалсафасига оид муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Тошкўпризода бу рисоласида борлиқ масаласини очиб беришда калом фалсафаси нуқтаи назаридан ёндошган. Бунда у мажозий ёҳуд ҳақиқий борлиқ, калом фалсафаси тарихидаги ҳаракат билан борлиқ (вужуд) масаласини тушунтириб, “зиҳни борлиқ”ни онтологик жиҳатдан таҳлил этган.
Тошкўпризода барча асарларини араб тилида ёзган. Унинг тилни кучли билиши натижасида ўз асарларининг ҳам мазмунан, ҳам грамматик жиҳатдан мукаммалликка кўтарилишига сабаб бўлди. Шунингдек, мутафаккир ўзидан олдин яшаб ўтган кўплаб олимларнинг илмий меросини пухта ўзлаштирганлиги туфайли унинг дунёқарашида универсал ғоялар ва таҳлилий фикрлар юксак даражада шаклланишига туртки берди. Шунинг учун ҳам ҳозирги фан тадқиқотчилари Аҳмад Тошкўпризода ҳаёти ва илмий меросини кенг тадқиқ этиш орқали жамият ҳаёти учун зарур бўлган муҳим илмий натижаларга эришиши мумкин.
Уролбек Эргашев – “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети таянч докторанти.
Izoh qoldirish