КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ
Муқаддас динимизда энг қораланадиган, барча замонларда жамият ривожи учун тўсиқ сифатида қараб келинаётган иллатлардан бири таъмагирлик, коррупция ҳисобланади. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу борада шундай марҳамат қилади: “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ - ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ - ҳаром йўллар билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!” (Бақара сураси, 188 оят). Ушбу ояти каримада порахўрлик иллатининг ижтимоий, маънавий зарарлари нақадар буюк эканлиги яққол намоён бўлади.
Коррупция албатта бугун пайдо бўлган иллат эмас, у қадимдан буён мавжуд бўлиб келмокда. Қадимги юнон файласуфи Аристотел шундай деган: “Ҳар қандай давлат тизимида қонунлар ва бошқа фармойишлар орқали ишни шундай ташкил қилиш керак-ки, унда мансабдор шахсларни ноқонуний йўл билан бойишига йўл қўймаслик лозим”. Француз мутафаккири Шарл Монтескье эса бу борада “Асрлар тажрибасидан маълумки, ҳар қандай ҳокимият ваколатига эга бўлган шахс, уни суиистеъмол қилишга мойил бўлади ва у маълум бир мақсадга эришмагунча шу йўналишда юради” деган фикрларни билдирган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2003 йил 31 октябрда БМТнинг “Коррупцияга қарши кураш конвенцияси” имзоланган. Мазкур ҳужжат уни имзолаган давлатлардан пора олиш, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ва коррупция ортидан бойлик орттириш кабиларни жиноят деб белгилашни талаб этади. Ушбу Конвенцияда коррупцияга шундай таъриф берилади: “Коррупция — бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради. Ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатьий назар, барча мамлакатларда учрайди. Коррупция паст иқтисодий кўрсаткичларнинг асосий сабабларидан бири бўлиб, камбағаллик даражасини камайтириш ва ривожланишни таъминлаш учун энг катта тўсиқ ҳисобланади”. Шундан келиб чиқиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 9 декабрь – “Коррупцияга қарши кураш куни” деб эълон қилинган ва ҳар йили ушбу сана кенг нишонланади.
Албатта, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ яратила бошланган. Коррупцияга қарши кураш ишларини ташкиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 3 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси тузилмасида ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги порахўрлик, ўғирликлар ва бошқа суиистеъмолчиликларга қарши кураш бошқармасини ташкил этиш тўғрисида”ги; 1997 йил 28 майдаги “Коррупция, рэкет ва терроризмга қарши курашни такомиллаштириш ишларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди ва уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Мамлакатимизда “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган. Президент томонидан 2017 йил 3 январда тасдиқланиб, 4 январдан кучга кирди. Қонун 34 моддадан иборат. Қонун асосида давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 2 февралдаги «Коррупциягақарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар ўз мазмун моҳияти, мақсади билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг янги босқичини бошлаб берди.
Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган 2017- 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича тадбирлар белгиланганлиги алоҳида аҳамиятга молик..
2017 йил 4 январь куни Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун кенг жамоатчилик томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. Сабаби, бундан олдин айнан Коррупция ва унга қарши кураш соҳасидаги амалий чора-тадбирлар мазмун-моҳиятини тубдан ёритиб берувчи ва давлат органларининг умумий ҳолатда вазифа ва мажбуриятларини узвий ҳолатда белгиловчи норматив-хуқуқий ҳужжат мавжуд эмас эди. Қонун ижтимоий адолат руҳида тузилган бўлиб, ислоҳотлар самарадорлиги ва натижадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни ўрганиб, халқаро амалиёт билан таққослаш ва уни халқимиз, айниқса жойлардаги тадбиркорлар, жамоатчилик ташкилотлари билан кенг муҳокама қилиш асосида ишлаб чиқилди. Шунингдек, ушбу қонунда жамиятда коррупцияга қарши кураш бўйича барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ҳокимияти органлари, қолаверса ҳар бир фуқаро масъул эканлигини алоҳида қайд этилди.Аҳамиятли томони, Қонун барча давлат органлари ва жамоат бирлашмалари ўзаро баҳамжиҳатликда фаолият юритиши лозимлигини, шахсларни бирлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг давлат идоралари билан биргаликда иш олиб бориши ва ҳуқуқий тарғибот самарадорлигини кучайтиришни тақозо этмоқда. Чунки фақат кучли фуқаролик жамияти барпо қилиб ва астойдил курашибгина коррупциянинг олдини олишга эришишимиз мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, коррупция муаммосига қарши курашишда ҳуқуқий саводхонлик, одамларни ҳалол меҳнат қилишга ундаш, ёшларда ўз билими, куч-ғайрати ва ижодий қобилияти билан юксак марраларга эришиш ҳиссини тарбиялаш, барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларида, фуқароларда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик маданиятини шакллантиришнинг аҳамияти жуда катта.
Сарвар Саидов –
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Манбашунослик бўлими илмий ходими
Izoh qoldirish