27.06.2022

АБУ ҲАНИФА ИМОМ АЪЗАМ ВА ТЕРМИЗ 1-қисм

Тарихий манбаларда Термизни Имом Аъзамнинг ватани сифатида қайд этиш ҳолатлари ҳам учрайди. Бу эса Термизнинг Ислом билан боғлиқ илк тарихини ўрганиш ва баҳолашда муҳим аҳамиятга эга.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (80-150/699- 767) тўғрисида бизгача етиб келган дастлабки батафсил маълумот Хатиб Бағдодийга (392-463/1002-1072) тегишли бўлиб, бу унинг машҳур “Тарихи Бағдод” асарларидир. Улар Имом Аъзам ҳақидаги қарама-қарши фикрларни ўз ичига олганлиги боис кейинчалик кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган. Ундаги баъзи фикрларга ушбу улуғ Имомнинг шаънини ҳимоя қилинган ҳолда раддиялар ҳам берилган, бу хабарлар илмий жиҳатдан яхши текширилмаганлиги, Хатиб Бағдодийнинг шофеъий мазҳабига мойил бўлгани қайд қилинган. Шунинг учун тадқиқотчилар бу борадаги хабарларни санад жиҳатдан текшириб ҳам чиқишган. Имом Аъзам борасидаги тортишувлардан бири у зотнинг қаерда туғилганлиги масаласидир. Бу борада турлича фикрлар бўлиб. Уларни Хатиб Бағдодий қуйидагича келтиради.

1."Бизга Ҳамза ибн Муҳаммад ибн Тоҳир хабар берди ва деди: “Бизга Валид ибн Бакр ривоят қилди ва деди: “Бизга Али ибн Аҳмад ибн Закариё Ҳошимий ривоят қилди ва деди: “Бизга Абу Муслим Солиҳ ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Солих, Ижлий ривоят қилди ва деди: “Менга отам ривоят қилди ва деди: “Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Кўфий Таймий, Ҳамза аз-Зайётнинг гуруҳидан. У хаззоз бўлиб, хазз сотар эди”.

2. “Бизга Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ризқ хабар берди ва деди: “Бизга Муҳаммад ибн Аббос ибн Абу Зуҳл Ҳаравий хабар берди ва деди: “Бизга ҳофиз Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Юнус ривоят қилди ва деди: “Бизга Усмон ибн Саъид Доримий ривоят қилди ва деди: “Маҳбуб ибн Мусонинг шундай деганини эшитдим: “Ибн Асботнинг шундай деганини эшитдим: “Абу Ҳанифа туғилганида унинг отаси насроний эди”.

3. “Бизга Ҳасан ибн Муҳаммад Халлол хабар берди ва деди: “Бизга Али ибн Амр Ҳаравий хабар бердики, унга Абулқосим Али ибн Муҳаммад ибн Кас Нахаъий хабар берган ва деган: “Бизга Муҳаммад ибн Али ибн Аффон ривоят қилди ва деди: “Бизга Муҳаммад ибн Исҳоқ Баккоий Умар ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа, яъни, Абу Ҳанифанинг неварасидан ривоят килишича, у деди: “Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зуто. Аммо Зутога келсак, у Қобул аҳлидандир. Собит эса Исломда туғилди. Зуто Таймуллоҳ ибн Саълабанинг мамлуки эди ва улар уни озод қилди. Унинг валоси Таймуллоҳ ибн Саълабага, сўнг Бани Қафолгадир. Абу Ҳанифа хаззоз бўлиб, унинг дўкони Амр ибн Ҳурайснинг уйида машҳур эди”.

4. Муҳаммад ибн Али ибн Аффон деди: “Абу Нуъайм Фазл ибн Дукайннинг шундай деганини эшитдим: “Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутонинг асли Қобулдан”.

5. “Бизга ҳофиз Абу Нуъайм хабар берди ва деди: “Бизга Абу Аҳмад Ғитрифий ривоят қилди ва деди: “Сожийнинг шундай деганини эшитдим: “Муҳаммад ибн Муъовия Зиёдийнинг шундай деганини эшитдим: “Абу Жаъфарнинг шундай деганини эшитдим: “Абу Ҳанифанииг исми Атийк ибн Зутра. Сўнг у ўзини Нўъмон, отасини эса Собит деб номлаган”.

6. “Бизга Муҳаммад ибн Аҳмад Ризк хабар берди ва деди: “Бизга Аҳмад ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Салм Хутлий хабар берди ва деди: “Бизга Аҳмад ибн Али Аббор ривоят қилди ва деди: “Бизга Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Аткий Басрий ривоят қилди ва деди: “Бизга Муҳаммад ибн Айюб Зореъ ривоят қилди ва деди: “Язид ибн Зурайънинг шундай деганини эшитдим: “Абу Ҳанифа набатий эди”.

       Бу ривоят ровий Зориъ ва ундан олдинги Аткийлардаги камчилик туфайли исноди заиф дейилади.

7. ”Бизга Аҳмад ибн Умар ибн Ровх Наҳрувоний хабар берди ва деди: “Бизга Муъофий ибн Закариё хабар берди ва деди: “Бизга Аҳмад ибн Наср ибн Толиб ривоят қилди ва деди: “Бизга Исмоил ибн Абдуллоҳ ибн Маймун ривоят қилди ва деди: “Абу Абдураҳмон Муқриънинг шундай деганини эшитдим: “Абу Ҳанифа Бобил аҳлидан эди. Ва яна у дер эди: “Бобилийнинг (яъни. Имом Аъзамнинг -Ж.Ч.) қавлида бундай”.

8. Бизга Халлол хабар берди ва деди: “Бизга Али ибн Амр Ҳаририй хабар бердики Али ибн Муҳаммад ибн Кас Нахаъий уларга ривоят қилди ва деди: “Бизга Абу Бакр Марвазий ривоят қилди ва деди: “Бизга Назр ибн Муҳаммад ривоят қилди ва деди: “Бизга Яхё ибн Назр Қураший ривоят қилди ва деди: “Абу Ҳанифанинг отаси Наса (Нисо)дан эди”.

        Ушбу санад ҳасан. Назр ибн Муҳаммад Марвазий содук-ишончли бўлиб, ҳадиси ҳасандир.

9. “Нахаъий деди: “Бизга Сулаймои ибн Робийъ ривоят қилди ва деди: “Ҳорис ибн Идриснинг шундай деганини эшитганман: “Абу Ҳанифанинг асли Термиздан”.

        Ушбу ривоят ҳам Сулаймон ибн Робийъ Наҳдийнинг камчилиги туфайли заиф дейилади.

10. “Нахаъий яна дейди: “Бизга Қози Абу Жаъфар Аҳмад ибн Исҳоқ, ибн Баҳлул ривоят қилди ва деди: “Отамнинг бобомдан шундай ривоят қилганини эшитдим: “Абу Ҳанифанинг отаси Собит Анбор аҳлидан”.

11. “Бизга Қози Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Али Саймарий хабар берди ва деди: “Бизга Умар ибн Иброҳим Муқриъ хабар берди ва деди: “Бизга Мукрам ибн Аҳмад ривоят қилди ва деди: “Бизга Аҳмад ибн Убайдуллоҳ ибн Шозон отасидан, у бобосидан ривоят қилди ва деди: “Исмоил ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифанинг (яъни, Абу Ҳанифанинг неварасининг) шундай деганини эшитдим: “Мен Исмоил ибн Ҳаммод ибн Нўъмон ибн Собит ибн Нўъмон ибн Марзбон ҳур форслар авлодиданман. Худо ҳаққи, бизнинг бўйнимизга ҳеч қачон қуллик тушмаган. Бобом саксонинчи йилда туғилган ва Собит уни гўдаклигида Али ибн Абу Толибнинг олдига олиб борган. У зот у ва унинг зурриётлари ҳаққига барака сўраб дуо қилган. Биз Аллоҳ Али ибн Толибнинг бизнинг ҳаққимиздаги ушбу дуосини ижобат қилганлигини Аллоҳда умид қиламиз”. Деди: “Нўъмон ибн Марзбон Абу Собит Наврўз куни Али ибн Абу Толибга (мевадан шакар қўшиб тайёрланган) қиём ҳадя қилган ва у зот деди: “Бизнинг ҳар кунимиз Навруз”. Яна дейилади: “Бу Меҳржонда бўлган эди ва у зот деди: “Бизнинг ҳар кунимиз Меҳржон”.

       Бу ривоят ҳам санадидаги кўплаб кишиларнинг камчилиги туфайли исноди заиф дейилади.

       Қобул - ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги йирик шаҳар. Ёкутга кўра. Қобул Ҳинд ва Сижистон ноҳиялари ёки Ҳинд ва Ғазна орасида, Ибн Фақиҳга кўра, Тохаристоннинг чегара ноҳияларидан бири. Самъонийга кўра эса Ҳинд ноҳияларидан бири. Ёқут ҳам бу фикрга мойил бўлган.

      Бобил ҳақида турли қарашлар бор. У Кўфа унда жойлашган ноҳия номи. Қуръонда Бобил шаҳри зикри келади (2/102) ва муфассирлар уни турлича тафсир қилишган: Ироқ Бобили, Данбованд Бобили ва Куфа Бобили ёки калдонийлар яшаган Бобил. Дейиладики, энг аввал унда яшаган киши Нуҳ алайҳиссалом бўлиб, у зот тўфондан сўнг ўзлари билан бўлган кишилар билан бирга ушбу жойга яшаш учун қулай шароит излаб тушишган ва унда ўрнашиб, кўпайишган. Сўнг кейинчалик унинг ахолиси кўпайиб, ҳудуди кенгайиб, Фурот ва Дажлагача етган. Сўнг у бугун Ироққа ёйилган давлат бўлган ва подшолари Бобилда турган. Унинг қурилиши ҳақида яна турли қадимги асотирлар келтирилади. Ха­лифа Умарнинг бир деҳқондан уларнинг мамлакати ҳақида сўрагани ва у Бобилнинг етти шаҳардан иборат булиб, ундаги ажойиботларни сўзлагани ҳам айтилади

 

Манба: Жўрабек Чўтматовнинг "Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи" китоби

Izoh qoldirish