ХОЖА ҲАСАН АНДОҚИЙ – ХОЖАГОН ТАРИҚАТИ НАМОЯНДАСИ
Абу Али Ҳасан ибн Али Андоқий 1069 йилда Самарқанд яқинидаги Андоқ қишлоғида туғилиб, 1157 йилда вафот этган. Бу зот “ибн Абулҳасан ал-Андоқий” номи билан танилган эди.
Хожа Ҳасан Андоқий – хожагонлик тариқатининг йирик вакилларидан бири бўлиб, Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Хожагон – нақшбандия тариқатининг машҳур шайхи Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг истеъдодли муриди сифатида устози билан биргаликда илм-фан ривожланган Хоразм ва Бағдод шаҳарларига сафар қилган. Хожа Хасан Андоқий ўз умрини муридлар тарбиялаш билан ўтказган. У киши Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг энг суюкли муридларидан бири бўлиб, Хожа Юсуф Ҳамадоний ул зотни ўзларига маънавий фарзанд сифатида қабул қилган. Тоҳир Эшоннинг “Тазкираи Нақшбандия” асарида Юсуф Ҳамадоний ва Хожа Ҳасан Андоқийнинг устоз ва шогирдлик муносабатлари тўғрисида сўз юритилиб, шундай сатрлар келтирилади:
Боз аз Юсуфам ба Андоқий,
Нисбат омад зи соқийи боқий.
Таржимаси:
Боқий сифатли Юсуф (Ҳамадоний)дан,
Андоқийга авлиёлик нисбати келди.
Хожа Ҳасан Андоқий тасаввуфнинг хожагонлик тариқатини ишлаб чиқишда Абдулхолиқ Ғиждувонийга катта ёрдам берган. Али Сафийнинг “Рашаҳот” асарида ёзилишича, “у ўз даврининг буюк шайхларидан бири ва тариқат йўлида энг яхши инсонлардандир”.
Машҳур олим Самъоний МарвдагиЮсуф Ҳамадоний хонақоси ва Бухородаги хонақода ул зотдан ҳадис илмини ўрганганлиги ҳақида тарихий манбаларда маълумотлар келтирилган.
Машҳур ижодкор Саъдулла Сиёевнинг “Яссавийнинг сўнгги сафари” асарида Хожа Ҳасан Андоқий тўғрисида шундай маълумотлар келтирилган: “Ҳазратнинг халифаи аввали Ҳасан Андоқий Бухоронинг Андоқ кентидан эрди. Рўзғори фарзандлари бор эрди. Бир куни қўрғонига бориб келиб, кўнглини ёрди: “Мен қайтиб энди аҳли аёлимни кўра олмайдурман”,-деди. Боисин айтмадилар. Бу гапдин пир хабар топдилар. Ҳужрамизга кириб келдилар. Ҳасанни тиз чўктириб, насиҳат қилдилар: “Шариат ва ақл юзасидан қараганда сиз фарзандингизга ҳам рафиқангизга ҳам яқин бўлишингиз даркор”,- дедилар. “Нима бўлганини бир ўзим билурмен, бир Аллоҳ билур. Мен сўфийлик ҳирқасини кийдим, аҳли аёлдан воз кечдим, ўзга важим йўқ”, - деди. Хожамиз Ҳасанга қаттиқ гапирмадилар ва лекин дили озор чекди, ўша куни ҳазрат тушларида Аллоҳ таолони кўрибдилар. Худованди Карим дебдиларки: “Эй Юсуф, биз сенга басорат кўзи билан кўрмакни насиб этдик. Андоқийга эса ҳам басорат, ҳам басират нигоҳини бердик”. Пир ҳазрат бомдод ҳужрамизга кириб, Ҳасандан узр сўрадилар. Андоқий йиғлаб пирнинг қўлини ўпди”.
Хожа Ҳасан Андоқийнинг ҳаёти ва Хожагон тариқати йўлидаги хизматлари борасида Абдулкарим ас-Самъонийнинг “Ал-Ансоб” (“Насабнома”), Муҳаммад Дорошукуҳнинг “Сафинат ул-авлиё”, Мавлавий Ғулом Сарварнинг “Хазинат ул-асфиё” Тоҳир Эшоннинг “Тазкираи Нақшбандия”, Маҳмуд Ҳасаний, Мавжуда Раззоқоваларнинг “Хожагон тариқати ва Хожа Ҳасан Андоқий” каби тарихий асарларида маълумотлар мавжуд.
Юқорида номлари зикр қилинган манбаларни тадқиқ этиш жараёнида Хожа Ҳасан Андоқий ўз замонасида тариқат илмининг етук намояндаларидан бўлганлигини билиш мумкин.
Хожа Ҳасан Андоқий милодий 1157 йилда (ҳижрий 552 йил рамазон ойининг йигирма олтисида) вафот этган.
“Туҳфат аз-зоирин” китобида ёзилишича, Хожа Ҳасан Андоқийнинг қабрлари Бухорода Абу Исҳоқ Гулободий мозорлари ёнидадир. Хожа Абдулло Барқий, Хожа Ҳасан Андоқийларнинг қабрлари қолмаган. Шўролар замонасида улар йўқ қилинган. Кейинчалик Бухоро шаҳрида “Даҳмаи беҳиштиён” зиёратгоҳи бунёд этилиб, ушбу зиёратгоҳда Ҳазрат Андоқий, Ҳазрат Барқий ва бошқа авлиёларнинг таржимаи ҳоллари ёзиб қўйилди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Хожа Ҳасан Андоқий ўз даврининг етук мутасаввуф олимларидан бири бўлиб, унинг бой илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш тасаввуф тарихини янада чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.
✍️Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.
Izoh qoldirish