30.06.2022

НEГА ШАЙТОНГА ТОШ ОТАМИЗ?

  Муқаддас динимизнинг беш устунидан бири бўлмиш ҳаж ибодатининг ўзида бир қанча вожиблар мавжуд. Шайтонга тош отиш ҳам ана шу вожиблардан бири сифатида қабул қилинган. Хўш, нега шайтон алайҳи лаънага тош отамиз? Бунинг ҳикмати нима?

        Аввало, шайтонга тош отишнинг тартиб-қоидаларига қисқача тўхталиб ўтсак. Шайтонга тош отиш орқали мўмин киши бандаликни изҳор қилиш учун фармони Илоҳийнинг ўзига бўйсуниш қасд қилинади. Тошни ўнг қўлига олиб, бошмалдоқ, кўрсаткич ва ўрта бармоқни учи билан ушлаб отилади. Жамаротда тош отиладиган устунлар учта бўлиб, биринчи куни биринчи ва иккинчи устунларга тош отилмай ўтиб кетаверади. Шайтонга тош отиш – Аллоҳ таолонинг амри қандай бўлса ҳам, унга бўйсунишга тайёрлик рамзи, Аллоҳ таолога қулчиликнинг изҳоридир. Шу билан бирга, тош отиш ёмонлик ва шайтоний ишларни қувиш рамзидир.

Ҳайитнинг биринчи куни Жамратул Ақоба деб номланган жойда тош отилади. Уни Жамратул Кубро деб ҳам аташади. Тош отиладиган жойга нисбатан Мино томонда туриб, орада беш газ миқдорича масофа қолдириб (узоқроқ бўлса ҳам майли), бармоқларининг учи билан отиш керак.

Ҳар бир тош «Бисмиллаҳи, Аллоҳу Акбар» деб отилади. Агар тош бирор одамга ё нарсага тегиб кетса ҳам махсус жойга тушса бўлди, ҳисобга ўтади. Лекин кўзланган жойга етмаса, бошқатдан отиш вожиб бўлади. 

Иккинчи куни уч жойда тош отилади. Минодан юриб келганда даcтлаб дуч келинадиган Жамратул-ула деган ерга етти дона тош юқорида айтилгандек отилади.

Cўнг бир четга ўтиб, қиблага қараб дуо қилинади. Тош отиладиган иккинчи ва учинчи жойлар Жам­ратил Вуcто ва Жамратил Ақоба деб номланади.

У ерларда ҳам худди биринчи жойдаги ҳолат такрорланади. Фақат учинчи мақомда тош отилгандан кейин тўхтамай кетиш лозим.

Иккинчи ва учинчи кунлари тош отишнинг вақти заволдан кейин то қуёш ботгунча бўлиб, заволдан олдин отиш жоиз эмас. Қуёш ботгач отиш эса макруҳ бўлади. Агар кимдир тонг отгунча ҳам отмаcа, жонлиқ cўйиши вожиб бўлади.

Ҳайитнинг учинчи куни ҳам шу тарзда тош отилади. Агар ҳожи тўртинчи куни ҳам Минода қолcа, унга ўша куни ҳам тош отиш вожиб бўлади. Қолган вақтда ҳожи яна кўпроқ ибодат билан машғул бўлади.

  عن ابن عباس رضي الله عنهما: لمَّا أتَى إبراهيمُ خليلُ اللهِ صلواتُ اللهِ عليه وسلامُه المناسكَ عرض له الشَّيطانُ عند جمرةِ العقبةِ فرماه بسبعِ حصَياتٍ حتَّى ساخ في الأرضِ ثمَّ عرض له عند الجمرةِ الثَّانيةِ فرماه بسبعِ حصَياتٍ حتَّى ساخ في الأرضِ ثمَّ عرض له عند الجمرةِ الثَّالثةِ فرماه بسبعِ حصَياتٍ حتَّى ساخ في الأرضِ قال ابنُ عبَّاسٍ رضِي اللهُ عنهما الشَّيطانَ ترجُمون ومِلَّةَ أبيكم إبراهيمَ تتَّبعون

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Иброҳим Халилуллоҳ алайҳиссалом ҳаж амалини адо этаётиб Ақаба Жамрасида шайтон у кишига зоҳир бўлди. У киши етти дона тошни отиб ерга туширдилар, иккинчи Жамрада ҳам шайтон кўринди унга ети дона тош отиб ерга туширдилар. Сўнгра учинчи Жамрада шайтон кўринди унга ети дона тош отиб ерга туширдилар” (Имом Аҳмад, Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилган).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дедилар: «Шайтонга тош отасизлар ва отангиз (Иброҳим алайҳиссалом)нинг суннатига эргашасизлар».

Юқорида шайтонга тош отишнинг зоҳирий жиҳатлари ҳамда тартибларига тўхталиб ўтдик, энди унинг маънавий жиҳатлари ва ҳикматларини баён қилсак.

Улуғ мутафаккир олим Ҳаким Термизий ўзининг «Ал-Ҳажжу ва асроруҳу» («Ҳаж ва унинг сирлари») номли асарида шайтонга тош отишнинг ҳикматини баён қилар экан шундай ёзади:

“Шайтонга тош отиш бошланганда талбия айтишни тўхтатиш буюрилган. Чунки, талбия узоқлик ҳолатида айтилади. Банда Аллоҳ таолога яқинлашган, шайтонни ўзига душман тутган ҳамда тош отиш орқали ўзининг душманлигини ошкора қилган бўлса, Аллоҳ таоло уни Ўзига дўст қилиб олади. Шу сабабли банда талбияни тўхтатади”[1].  

Иблисни тошбўрон қилиш ҳаёт давомида шайтонга қарши курашни англатади. Ҳожи ҳар бир тошни ўзига, шаҳватига, ичидаги ёвузликка ва шайтонга қарши ташлайди. Унинг бандалигига тўсқинлик қилувчи – ғурур, кибр, мансаб ва мартабапарастлик, шон-шуҳрат, бахиллик каби хунук иллатларни тошбўрон қилади. Аслида бу орқали шайтонни «рожим» яъни тошбўрон қилинглиги яъни лаънатланганлигини билдиришдир.

Яна шуни таъкидлаш керакки, ердан териб олинган ва улоқтирилган тош аслида гуноҳга отилган тошдир. Ният эса Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдир.

Шайтонга тош отиш билан уни эргашишдан ноумид қилинади. Баъзилар Аллоҳ таолодан ўзгаларга яъни сабаб ва воситаларга таяниб қолганлари учун шайтонга тош отадилар. Чунки, Иблиснинг ўзи илк бор сабаб ва воситаларга таянди ва шундай деди:

خَلَقْتَنٖي مِنْ نَارٍ وَخَلَقْتَهُ مِنْ طٖينٍ

«Мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг» (Сод сураси 76-оят). Шундан сўнг шайтон қувилди ва лаънатланди. Банда ҳам сабаб ва воситаларга қарагани учун ҳам шайтоннинг юзига тош отади[2].

Тош отишдан мақсад шайтонга нафратдир. Ҳазрати Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратилганлиги учун хор кўргани ва оловдан яратилгани учун устунлик даъво қилган, мағрур бўлган Иблис, ўзи менсимайдиган ердаги тош билан тошбўрон қилинади.

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алаҳй бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтирадилар. “У зотдан «Тош отувчи киши тош отишдан нима олади?», дея сўралди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга энг муҳтож бўладиган нарсаси берилади», дедилар. «Унга нима берилади» дейилди. У зот алайҳиссалом: «Унга нур берилади», дедилар”.

Эътибор берган бўлсангиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Унга муҳтож бўлган нарсаси берилади» дедилар. Чунки, у сабаблар ва воситаларга таянгани учун тош отди ва сабабларнинг Эгасига суянди. Аллоҳ таоло унинг тош отишини қабул қилди. Банда нурга муҳтож бўлса унга нур беради. Сабабларнинг энг пасти бўлган мол-дунёга муҳтож бўлса унга мол дунё беради.

Банда сабабларга таянишини сабабларнинг эгасига суяниш билан алмаштиради. Натижада, унинг бойлиги қаноат қилиш ва фақат Аллоҳ таолога таянишдан иборат бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Унга нур берилади», деган сўзларида Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларига ишора қилинмоқда. Чунки, Унинг исм ва сифатлари – нур, инсонники эса зулматдир. Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат қилади:

  يُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ اِلَى النُّورِ

  «Уларни зулматдан нур сари чиқаради…» (Бақара сураси 257-оят). Яъни инсоний зулматдан Раббоний нурга чиқаради[3].

Шайтонни тошбўрон қилишдаги нафрат туйғуси бутун ҳаётимизни қамраб олиши керак. Бу амал Одам Атодан бери ҳар бир инсоннинг умумий душмани бўлган шайтоннинг хоҳишларига эргашмаслик, унинг васвасаларига эътибор бермаслик, ҳар доим иймонда собитқадам бўлишни англатади. Бу орқали шайтоний ният ва ёмонликларга қарши очиқ-ойдин кураш, ёвузликни енгишга бўлган ҳаракат ва Парвардигоримизга бўлган таслимиятнинг ифодасидир. 

Ҳожи бу бурчини адо этгандан кейин шайтонга қарши доимо ҳушёр бўлиб, у билан курашмоғи лозим. Мўмин ҳар доим тилимизда талқин қилинадиган «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм» яъни «Тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман!»дуосини фақат тили билан эмас, балки бутун аъзолари билан изҳор қилиши керак. У «рожим» бўлган шайтонданми ё «Раҳим» бўлмиш Аллоҳданми, кимдан паноҳ сўрашини англаши лозим. Агар буни билмаса, фақат тимсол ва шакл билан чекланиб, унинг маъно ва ҳикматини англашга ҳаракат қилмаса, қуруқ «шайтонга тош отиш» деган амални бажарган бўлади ва яна шайтоннинг ҳийла-найранглардан иборат тузоғига тушишда давом этади! Чунки шайтон у ердаги рамзийифодада ёки ташқарида эмас, балки Пайғамбар алаҳиссалом айтганлардек: «Шайтон одам боласининг қон йўлларида — томирларида юради» (Имом Муслим ривояти).

 

✍️ Музаффархон Жониев,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи, PhD.

__________________________________

[1]Ҳаким Термизий. Ҳаж ва унинг сирлари. –Т.: Мовароннаҳр, 2017. – Б. 182.

[2]Ҳаким Термизий. Ҳаж ва унинг сирлари. –Т.: Мовароннаҳр, 2017. – Б. 179.

[3]Ҳаким Термизий. Ҳаж ва унинг сирлари. –Т.: Мовароннаҳр, 2017. – Б. 181.

 


 

Izoh qoldirish