20.08.2021

Зикрнинг таъсири

      Абу Абдуллоҳ Термизий Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан. Абу Туроб Нахшабий (ваф. 245/859) суҳбатида бўлган, Яҳё ибн Жало (III/IX аср) билан учрашган. Машҳур таснифлари, ҳадис китоблари бор. Йўли тўғри, муржиъа ва бошқа (аҳли сунна ва-л-жамоъа) мухолифларига раддия беради, асарга эргашади[1].

Бизга Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад Усмоний, у Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исодан, у деди: “Менга Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Термизий айтди ва деди: “Маърифат нури қалбда, порлаши эса кўксда бўлиб, (қалбнинг) икки кўзи бўлган фуадда. Қалб Аллоҳнинг зикри билан нам ва юмшоқ бўлади. Шаҳват ва лаззатлар зикри билан эса қалб қотади ва қурийди. Агар қалб Аллоҳнинг зикридан чалғиб, шаҳватлар зикрига машғул бўлиб қолса, шундай бир дарахтдек бўлиб қоладики, унинг намлиги ва юмшоқлиги сув билан эди. Ундан сув манъ қилинганида эса унинг томирлари қуриди ва шохлари сўлди. Агар ундан суғориш манъ қилинса ва унга жазираманинг иссиғи етса, шохлари қуриб қолади. 

Агар унинг шохларидан бирига қўл чўзсанг, синиб кетади. У энди фақат кесишгагина ярайди ва оловга ёқилғи бўлади. Қалб ҳам шундай, агар у Аллоҳнинг зикридан холи бўлса ва қуриб қолса, унга нафснинг ҳарорати ва шаҳват оловлари етса, инсон аъзолари (Аллоҳга) тоатдан бош тортади. Унга ҳам қўл узатсанг, синиб кетади. У ҳам фақат дўзахга ўтин бўлишгагина ярайди. Қалб фақат раҳмат билангина намланиб туради. Қалбда бирон нур йўқки, илло у билан ўша миқдорда Аллоҳдан бўлган раҳмат ҳам бўлади. Мана шу асл. Банда зикрда бардавом бўлар экан, раҳмат унга худди ёмғирдек доимий бўлади. Агар қурғоқчилик бошланса, кўкрак бу вақтда худди қуриган саҳродек, ундаги шаҳватнинг куйдирувчи ҳарорати эса худди самум- гармсел шамолларидек бўлади. Инсон аъзолари яхши амаллар борасида яроқсиз ҳолга келади. Шундан Аллоҳ таоло муваҳҳидларни беш вақт намозга чорлади. Бу уларга Аллоҳдан раҳматдир[2]

Унда Аллоҳ турли ибодатларни тайёрлаб қўйди. Токи банда ҳар бир сўзи ва феъли билан Унинг атоларидан бирига етишади. Ундаги феъллар таомлардек, сўзлар эса ичимликлардек. У муваҳҳидларнинг базми бўлиб, уни Оламлар Парвардигори Ўз раҳматига муносиб бўлганларга кунига беш бор тайёрлайди. Токи уларда кир ва ғубор қолмайди. Аллоҳ муваҳҳидларни улкан жамланиш- қиёмат куни у ердаги ўринларда улар билан фаришталарга фахрланиш учун танлаб олди. Чунки Одам ва унинг авлодининг хилқати- яратилиши Унинг йадидан (қўлидан) муҳаббат-ла бўлди. Фаришталарнинг хилқати- яратилиши эса қудрат-ла бўлди. У Зотнинг ушбу сўзи биланки, “Бўл” деди, бўлди. Одамзодга бўлган муҳаббати туфайли ҳам уларнинг тавбасидан шодланади[3]

Синов уйи бўлган дунёда уларни, яна шаҳватлар ва шайтонларни ҳам яратди. Бу улар билан фаришталарга фахр қилиш учун бўлиб, у гўёки дейдики, “Эй фаришталар жамоаси, сизларнинг яхши ишларингиз ўзларингиздан чиқади, (чунки) сизларни нурдан яратдим. Сизлар менинг олий мулкимда азаматим, ҳужжатим ва султонимни тўғридан-тўғри мушоҳада қиласизлар. Дарҳақиқат, сизларни шаҳват ва шайтонлардан озод қилдим. Одамзод эса, уларнинг яхши ишлари қуйи мулкимда шаҳвоний нафсларидан ва шайтонлар уларни ўраб олган ҳолларидан чиқади. Уларни тупроқдан яратдим. Мана шунинг учун Мендан уларга уй (жаннат) ва (ундаги) қўшнилигим вожиб бўлди” [4].

 

Чўтматов Жўрабек Омонович- 
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.

 


 

[1] Асар ҳақида икки хил қараш мавжуд: у ҳадис ёки саҳоба ва тобеъинларнинг сўз ва феъллари. Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. Т.: Шарқ, 2011, 23 б. Бу ўринда Абу Нуайм икки маънони ҳам назарда тутаятган бўлиши мумкин. Бу ўтганларнинг тўғри йўлига эргашиш ва кейингиларнинг бидъатларидан четланиш маъносида (тарж.).

[2] Яъни, қалблари нафсларидаги ҳароратдан қуриб қолмаслиги учун унга доимий тарзда ўз раҳматини ёғдириб туриши учун.

[3] Бу ўринда қуйидаги ҳадиси шарифга ишора қилинмоқда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бирингизнинг улови устида шароби ва таоми билан кимсасиз биёбонда қочиб кетса, ундан умидини узиб, бир дарахтнинг тагига бориб, соясида ётганида, умиди батамом узилган ҳолда ётганида бирдан улови олдига келиб турганини кўриб қолиб, жиловидан тутиб, ўта хурсанд бўлиб кетиб, шошганидан “Аллоҳим! Сен бандамсан! Мен Роббингман!” деб юборса, Аллоҳ таоло бандаси тавба қилганида ана шундан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади. Зеро, банда у хурсандлигининг шиддатидан хато қилганди” дедилар (Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар ривоят қилишган) (ҳадис таржимаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳдан).

[4] Абу Нуъайм Аҳмад ибн Абдуллоҳ Асбаҳоний. Ҳиляту-л-авлиё ва тобақоту-л-асфиё. Байрут: Дору-л-кутубу-л-арабий, 1405. X. Тўртинчи нашр. 234 б. 

Izoh qoldirish