Зулҳижжа ойининг фазилати
Зулҳижжа ойи қамарий йилнинг Зулқаъдадан кейинги ойлардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳ осмонлар, ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг”.
Оятдаги “ҳаром” ойларлардан мурод тўрт ой – ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойларидир. “Ҳаром” дегани ҳурматли, улуғланган, уруш-жанжал, душманлик ҳаром қилинган ойлар, деганидир. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир.
Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар тўхтаган. ҳатто арзимаган нарса учун йиллаб уруш қиладиган араб қабилалари ҳам уруш қилишдан тийилганлар. Ўғил отасининг қотилини кўриб қолса ҳам унга бу ойларда ёмон сўз айтмаган. Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой деб эълон қилиш бутун дунё тинчлигини кўзлаб қўйилган ажойиб асос эди. Ҳарами шариф макон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси бўлса, уруш ҳаром қилинган тўрт ой замон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси ҳисобланади.
“Зулҳижжа” сўзи арабча сўз бўлиб, луғатда “ҳаж ойи” деган маънони англатади. Зулҳижжа, зулқаъдадан кейин келадиган қамарий ойи ҳисобланади. Бу ой исломдан олдин бошқа номлар билан номланган. Жоҳилият даврида араблар ҳаром ойларнинг биринчиси бўлган Зулқаъда билан Зулҳижжа ойларида (1-8 Зулҳижжа) катта тижорат аҳамиятига эга бўлган ярмаркаларни ташкил қилган ва уларнинг тугаши билан шу ойда ҳаж зиёратларини бошланар эди. Зулҳижжа ойи Исломдан кейин ҳам ҳаж ибодати қилинадиган ой бўлган. Бу ойнинг саккиз-ўн учинчи кунлари орасида бажариладиган Ҳаж ибодатининг моҳияти, жойи, вақти каби масалаларни ҳисобга олиб, зикр этилган кунлар турлича номланган. Ҳажнинг ибодати бошланувчи Зулҳижжанинг саккизинчи куни “тарвия”, тўққизинчи куни эса “арафа”, ўнинчи куни эса “ийдул адха” (қурбон байрами) деб номланган. Қурбонлик вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намози ўқилганидан сўнг бошланиб, ўн иккинчи куни шом кирмасидан тугайди. Бу ойнинг ўнинчи куни “наҳр/забҳ куни”, ўн иккинчи куни “айёми наҳр”, ёки ўша кунларда ҳожиларнинг Минода бўлганлиги сабабли “айёми Мина”, ўн биринчи-ўн учинчи кунлари эса “айёми ташриқ” деб аталади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Фажр сурасининг 1-3-оятларида шундай марҳамат қилади: “Тонга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам”
Кўпчилик муфассирлар қасам ичилган ўн кечанинг Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кечаси эканлиги, “Жуфтга қасам” даги “жуфт”дан мурод, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи куни деб айтишади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун Зулҳижжанинг ўн куничалик Унга ибодат қилишдай маҳбуброқ кун йўқ. Уларнинг бир кунлик рўзаси бир йиллик рўзага тенгдир. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса, Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда Зулҳижжа ойининг биринчи кунидан тўққизинчи кунигача кўп ибодат қилишга, хусусан, кундузларини рўза тутиб, кечаларини бедор ибодат билан ўтказишга тарғиб қилинмоқда.
Яна бир ҳадисда Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки икки ийд кечасини савоб талаб қилган ҳолатда бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди”, дедилар” (Ибн Можа ривояти).
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси сабабли Аллоҳ таоло ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йилни каффорат қилишини умид қиламан дедилар” (Термизий ривояти).
Зулҳижжанинг тўққизинчи куни, яъни арафа куни рўза тутиш улкан савобларга сабаб бўлади. У сабабли бир йил олдинги ва бир йил кейинги гуноҳлар кечирилади. Агар зулҳижжа ойини дастлабки кунларидан то тўққизинчи кунига қадар рўза тутилса яхши бўлади. Зулҳижжанинг ўнинчи кунидан ўн учинчи кунигача, яъни тўрт кун рўза тутиш харомдир. Шу боис дастлабки тўққиз кунда рўза тутиш фазилатлидир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам арафа куни бомдод намозидан кейин то охирги ташриқ кунининг аср намозигача такбир айтар эдилар” (Байҳақий ривояти).
Муқим киши зулҳижжанинг тўққизинчи куни бомдод намозидан, ўн учинчи кунининг аср намозигача жамоат билан, такбири ташриқни, яъни “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллоллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд” деб бир марта айтиши вожибдир. Аммо мусофир, ёлғиз намоз ўқувчи ва аёлларга вожиб эмас. Лекин буларнинги барчаси такбири ташриқни айтишлари вожиб деган уламолар ҳам мавжуд. Шунинг учун юқоридагилар ҳам такбири ташриқни айтишлари яхшидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжанинг дастлабки тўққиз кунида узлуксиз рўза тутганлари учун бу кунларда рўза тутиш мустаҳабдир. Ҳожилар арафа кунининг рўзасини тутганликлари сабабли заиф бўлиб қолишлари мумкин бўлса, у куннинг рўзасини тутишлари макруҳдир. Аксинча бўлса, рўза тутишлари мустаҳабдир.
Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни унда энг улуғ ибодатлар жам бўлгани учун ҳам қадрлидир. Яъни, Арафа куни Ҳаж ибодати адо этилади, Қурбон ҳайити куни Ҳайит намози ўқилади ва Қурбонлик амаллари бажарилади, улардан хайру саховатлар амалга оширилади.
Бу кунда ҳамма, бою камбағал баробар хурсанд бўладиган кундир, бу кунда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўтабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Қурбон ҳайити Ҳаж ибодатлари тамом бўлгани муносабати билан ва Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида қурбонлик қилишга тайёрликни изҳор қилишлик учун шариатга киритилган байрам ҳисобланади.
Ислом тарихида Зулҳижжа ойида содир бўлган муҳим воқеалар қаторида Мусо алайҳиссалом зулҳижжа ойида ҳайит куни Аллоҳ билан роз айтишганлар, Пайғамбарликнинг ўн иккинчи йилида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ансорлар билан танишганлар, пайғамбарликнинг олтинчи йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Форуқ” лақабини олган, пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили биринчи Ақоба байъати бўлган, саккизинчи ҳижрий санада Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўғли Иброҳимнинг туғилган, ўнинчи ҳижрий санада Видолашув ҳажи бўлган, Усмон розияллоҳу анҳунинг шаҳид этилишини (35/656) зикр қилиниши мумкин.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими Олим Жўраев
Izoh qoldirish