ҚАДРИЯТЛАРИ ҚАДРЛАНГАН ЮРТ
Юрт тинчлиги ва осойишталиги шу ерда яшаётган халқнинг соф нияти ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Юртимизда яшаётган турли миллат ва элатларнинг фаровон ҳаётини таъминлашда давлатимиз томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Халқаро минбарларда баралла янграган “маърифат ва диний бағрикенглик”ка чақириқ бутун дунёда эътироф этилди. Бу ташаббус Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди. Ўзбекистон таклиф этган резолюциянинг асосий мақсади барча учун таълим олиш имкониятини тақдим қилиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдан иборат. Ҳужжатда “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик”ка ҳам чақирилган. Мазкур таклифлар асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюция си қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо 50 дан ортиқ давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Резолюцияда таълим, тинчлик, инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик ва дўстликнинг олға сурилиши муҳим роль ўйнаши таъкидланади, шунингдек, дунёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бағрикенглик ва ўзаро тушунишнинг муҳимлиги тан олиниши белгиланади.
“Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида яна бир муҳим ҳужжат — “Бухоро декларацияси” қабул қилинди. Жорий йил 16-20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумида бу ҳужжатнинг муҳим экани эътироф этилди. Форум иштирокчиларидан бири, Бригам Янг университети профессори Эрик Женсен бундай деди: “Қайсики юртда аҳолининг ҳар қандай тоифаси ўз дини, эътиқодини эркин намоён қиларкан, ўша заминда фуқаролар ўзларини шу Ватанга дахлдор, барча жараёнларга жалб этилганини ҳис этади. Шу ўринда айни йўналиш бўйича Ўзбекистонда сўнгги йилларда сезиларли ижобий ўзгаришлар юз берганини таъкидлаб ўтишим керак. Мамлакатингиз йилдан-йилга эътиқод эркинлиги ва диний қадриятларни тиклашда дадил қадамлар ташламоқда. Ҳукумат дин ва эътиқод соҳасини миллий хавфсизликни қўллаб-қувватлаш масаласи билан уйғун мувофиқлаштириб боряпти”. Бу эътироф бошқа иштирокчилар ва халқаро экспертлар томонидан ҳам алоҳида тилга олинди.
Диний бағрикенглик ҳамда ўзга миллат ва дин вакилларига ҳурмат юртимизда азалдан шаклланган улуғ фазилатлардан. Кўпгина минтақаларда бир миллат, бир дин вакиллари ўртасида турли келишмовчилик ва низолар авж олган даврларда ҳам юртимизда ўзаро бағрикенглик, умуминсоний одоб-ахлоқ нормаларига амал қилинган. Бунга мисол тариқасида Бухорода дастлабки синагога VIII асрда қурилгани ва яҳудийларга бошқа дин вакиллари билан бир қаторда ўз динига эркин эътиқод қилиши учун ўша пайтдаёқ етарли шарт-шароит яратиб берилганини келтириш мумкин. Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида турли миллат вакиллари ибодатларини эмин-эркин адо этишига алоҳида эътибор қаратилган, шароитлар яратилган, тарихда диний асосда можаролар чиқмагани халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканидан далолат беради.
Жамиятда муқаддас ислом динининг буюк инсонпарварлик тамойилларини асраш ва кенг тарғиб этиш долзарб вазифага айланиб бормоқда. Мамлакатимизда кейинги пайтда диний-маърифий соҳани ривожлантириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилди. Жумладан, улуғ алломаларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва вилоятларда калом, ақоид, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илми мактаблари ташкил этилиб, исломнинг эзгу ғоялари кенг тарғиб қилинмоқда. Диний таълим муассасаларида соф ислом таълимоти берилмоқда. Президентимиз ёшларни сўнгги йилларда кучайиб бораётган диний экстремизм ва терроризм таҳдидларидан ҳимоя қилиш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиш кераклигини таъкидлаб, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилган эди. Давлатимиз раҳбари нутқида муқаддас китобларимиз ва қадриятларимиз, буюк мутафаккир аждодларимиз меросида доимо ҳалол меҳнат билан яшаш, ватанпарварлик, мардлик, саховат ва камтарлик улуғлангани билдирилиб, ислом динининг инсонпарварлик аҳамиятига яна бир бор эътибор қаратилди: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”. Президентимизнинг Қурбон ҳайитини бу йил ҳам муносиб ўтказиш ҳақидаги фармонида ҳам ўзига хос қадриятларимизга айланиб кетган ушбу байрам муносабати билан хайр-саховат, меҳр улашиш, савобли амалларни кенг тарзда амалга ошириш кўрсатиб ўтилган. Юртимизда муборак Қурбон ҳайитига эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат кўрсатиладиган кун сифатида катта эътибор қаратиб келинади. Бу кунда хурсандчилик қилиб, барча мўмин-мусулмонларда кўтаринки кайфият ҳукмрон бўлиши, ўзгаларга ҳам шу кайфиятни улашиш лозим бўлади. Халқимиз азалдан Ҳайит байрамларида қариндош-уруғларни зиёрат қилиш, кексалар ҳолидан хабар олиш, ёр-дўстларга ҳадялар улашиш, қўни-қўшниларга илтифот кўрсатиш, болаларга янги кийим-кечак ва ёшларига муносиб совғалар тақдим қилиш каби ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаб, жамият вакиллари ўртасида меҳр-муҳаббатни ёйишга интилади. Бу йилги Қурбон ҳайитидаги имкониятлар ҳали Ўзбекистон тарихида бўлмаган янгиликларга бойлиги билан ажралиб туради. 2022 йилнинг биринчи ярим йилида 35 мингдан зиёд юртдошимиз Умра амалини бажариб келгани, айни вақтда 12 минг ҳожимиз Макка шаҳрида дуои ибодатлар билан машғул бўлиб тургани ҳам мамлакатимизда мавжуд тинчлик ва хотиржамлик ҳамда давлатимиз томонидан яратиб берилган шароитларнинг яққол самарасидир. Бу йил зиёратга ошиққан юртдошларимизнинг Ҳаж зиёратлари яна бир улуғ неъмат, яъни “Ҳажжи акбар” — катта Ҳаж йилига тўғри келаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Бугун дун ё да пандемия ҳолати ҳали ҳам давом этаётган, баъзи давлатларда Ҳаж сафарига боришга рухсат бўлмаган ҳамда барча давлатлардан Ҳаж квоталари қисқартирилган бир пайтда юртимиздан Ҳаж сафарига борганлар сони ҳар йилгига нисбатан етмиш фоиз кўпайгани ва Умра зиёрати учун чекланган квоталар олиб ташлангани халқимиз учун улуғ туҳфа бўлди. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан байрам муносабати билан дам олиш кунлари кўпайтирилгани юртдошларимиз учун яқинлар, қариндошлар, беморлар ҳолидан хабар олиш, атрофдагиларга қувонч улашиш, хуллас, савоб амалларни кўпайтириш учун бир имкон бўлди. Ҳайит байрами Аллоҳнинг бир неъмати бўлиши билан бирга, миллий бирлигимиз ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш учун ҳам эътиборга молик фурсатдир. Байрам арафасида барчамиз меҳрга тўламиз, хурсандчилик улашамиз, ҳамжиҳатлик туйғуларимиз уфуради, агар орамизда адоват ва қайғулар бўлса, барҳам топади. Бу байрамнинг яна бир улуғ фазилати дуоларнинг қабул бўлишидадир. Юртимиздан Ҳаж сафарига борган ўн икки минг ҳожимиз улуғ маконлардан туриб юртимиз, халқимиз, келажагимиз ва ёшларимиз ҳаққига дуолар қилишади. Зеро, бу фурсат дуо қилиб, дуолари ижобатини яратган Зотдан сўраш вақтидир.
Шукурулло УМАРОВ,
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори.
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси № 131 (653), 2022 йил 2 июль сони
Izoh qoldirish