ОЛТИТА «САҲИҲ» КИТОБЛАРИДА, АБУ ҲАНИФАДАН ҲАДИС РИВОЯТ ҚИЛИНГАНМИ?
Асрлар оша Ватанимиз фуқаролари, Абу Ҳанифа мазҳабларига эргашиб, ибодат бобида ушбу мазҳабга амал қилиб келмоқдалар.
Давлатимиз ватандошларимизга эмин-эркин ибодат қилмоқлари учун керакли барча шароитларни муҳайё қилиб бермоқда. Кейинги йилларда Ватанимизда қурилаётган ўқув даргоҳлари, улуғларимиз зиёратгоҳлари обод қилиниши сўзимизга гувоҳдир. Ёшларимизга соф ислом тушунчаларини етказиш, ҳар бир имом ва мударрисларнинг шарафли бурчига айланган. Баъзан интернет саҳифалари, ижтимоий тармоқларда “Нима сабабдан, «Саҳиҳ» китоблари муаллифлари Имом Абу Ҳанифадан ҳадис ривоят қилмаган?” деган савол ёшларимизни ноқулай ҳолга солмоқда. Мақоламизда ушбу баҳс ҳақида фикр билдирмоқчимиз.
Ҳадисшунослик фанида, ҳадисни узлуксиз санад билан ровийга етиб бориши, ровийнинг шоз бӯлмаслигига алоҳида эътибор берилади. Муҳаддислар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва тақрирларини кейинги авлодга етказишни асосий мақсад қилиб олишган. Буюк Ватандошларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий ва муҳаддислар томонидан китоблари «Саҳиҳ» деб эътироф этилган муаллифлар, китобларини жамлашда бу қоидага амал қилганлар. Уларнинг китоблари Ҳадисшунослик фанининг ривожланишида, муҳим асосий манба бўлиб, хизмат қилаверади. Мазҳаб бошлиқлари шариатда ҳукмларни, Қуръони карим, ҳадиси шариф, ижмоъ, қиёсга мувофиқ олишади. Албатта улар ҳам ҳадис илмидан фойдаланиб, ҳадис ривоят қилишган. Уларнинг ҳадислари «Саҳиҳ» китобларида ривоят қилинмай қолгани ҳақида, Ҳанафий уламоларининг қарашларини сиз азизларга ҳавола қилмоқчимиз.
Бу масалада, Аллома Зоҳид Кавсарий сингари кўплаб олимлар тадқиқот олиб борганлар. Қуйида олимнинг тадқиқотларидан, мисоллар келтириб ўтамиз. Аллома Зоҳид Кавсарий ушбу мавзуда тадқиқот ўтказиб, қуйидаги қарашни илгари суради. “Буюк муҳаддисларнинг асарларига назар соладиган бўлсак, иккала шайх Абу Ҳанифанинг шогирдларининг энг кичиги билан учрашиб, улардан илм ўрганишган бўлсалар ҳам, Имом Абу Ҳанифанинг ҳадисларидан «Саҳиҳ» китобларида ривоят қилмаганлар. Имом Шофиъийнинг ҳам баъзи шогирдлари билан учрашган бўлсалар ҳам, ҳадисларидан ривоят қилмадилар. Имом Бухорий, Имом Аҳмадни учратиб, бирга юрган бўлсалар ҳам, унинг ҳадисларидан фақат иккита ҳадисни, улардан бири шарҳ, иккинчиси эса нозил санад билан ривоят қилинган ҳадис сифатида келтирганлар. Имом Муслим ҳам, Имом Бухорийни ӯзига устоз деб билиб,унинг услубига кўра ҳадисларни жамлаган бўлса ҳам,ўзининг «Саҳиҳ»ида Имом Бухорийдан ҳадис ривоят қилмаган.Имом Аҳмаддан эса фақат, ўттизта ҳадисни ривоят қилган холос. Имом Аҳмад, гарчи Имом Шофиъий билан бирга ҳадис ҳалқаларида ўтириб, ундан Моликнинг «Муватто» китобини эшитиб, «Муватто»нинг қадимги ровийлардан ҳисобланса ҳам,ўзининг «Муснад»ида Имом Моликдан Имом Нофиъдан Шофиъий йўли билан - у энг тўғри йўл ёки энг саҳиҳ йўллардан биридир - тўртта ҳадисни келтирган.Имом Шофиъийдан бошқа йўлдан ривоят қилган ҳадислар сони эса йигирма ҳадисга етмайди” дейди.
Аллома сўзларини давом эттириб: “Бу ерда муҳаддисларнинг имон-эътиқод ва ростгўйликларидан, бизга шу нарса маълум бўладики, ер юзининг шарқ ва ғарбида мазҳаббошиларининг ҳадисларини ривоят қиладиган эргашувчиларнинг кўплиги ва ҳадис илми китоблари муаллифларининг саъй-ҳаракатлари туфайли, уларнинг ҳадислари келажак авлодга тўлиқ сақланиб, уларга етиб боришига ишонганлар. Фаразан, уларнинг китоблари жамланмаганда эди, мужтаҳидларнинг ҳадисларининг йуқолиш хавфи бўлар эди. Чунки улардан кейингилар ўзларининг китобларини тасниф этишда, ўшаларнинг китобидан фойдаланиб жамлайдилар. Кимки буни «Саҳиҳ» китоблардаги ҳадислардан ёки масалан, Абу Ҳанифа ҳақида Саврий, Шофиъий ҳақида Ибн Маъин, Аҳмад ҳақида Карабисий, Бухорий ҳақида Зуҳайлий ёки жарҳ ва таъдил уламоларининг «Жарҳ ва таъдил» китобларидаги баъзи таъналардан ҳимоя қилиш учун жамланган деб ҳисобласа, уларнинг қарашларидан узоқлашган бўлади. Ким ишончли ровийларни, фақат олтита саҳиҳ китобларининг ровийлари деб ҳисобласа, у ҳам калтафаҳмлик қилган бўлади. Чунки, Ҳофиз Аллома Қосим ибн Қатлубуға сингари муаллифлар, олтита саҳиҳ китобларининг ровийларидан бошқа китобларда ҳам, ишонарли ровийлар келгани ҳақида китоблар тасниф этишган. Ҳофиз Аллома Қосим ибн Қатлубуға ўзларининг тўрт жилдлик китобида, олтита саҳиҳ китобда келмаган ишончли ровийларнинг номларини бирма-бир санаб ўтган. Ҳофиз Аллома Қосим ибн Қатлубуға Ҳофиз Ибн Ҳажар ва бошқа муҳаддислар томонидан, ёд олиш қобилияти маъқулланган муҳаддислардан ҳисобланади” дейди. Ҳофиз Аллома Қосим ибн Қатлубуғанинг тадқиқотларига кўра, фақат олтита «Саҳиҳ»китобларида номлари келган ровийлар эмас, балки ҳадис илмининг бошқа китобларида ҳам ишончли ровийлар келган. Зотан Имом Бухорий ҳазратлари ҳам: “Мен «Саҳиҳ» китобимни 600 минг ҳадисни орасидан ишончли ровийларни танлаб олдим, қолган ровийларнинг орасида ҳам ишонарли ровийлар бўлишига шубҳа қилмайман” деганлар. Бу қарашимизни Аллома Зоҳид Кавсарий ҳам тасдиқлайдилар.
Хулоса ўрнида:
1. Имом Абу Ҳанифа ривоят қилган ҳадислар олтита «Саҳиҳ» китобида топилмагани, бу ҳадислар заиф ёки мазҳаб бошилар заиф ровий дегани эмас.
2. Муҳаддислар Абу Ҳанифанинг ҳадисларини кейинги авлодга етиб боришига қаттиқ ишонганлар.
3. Муҳаддис ва фақиҳлар ҳақида яхши гумонда бўлиш, ҳар биримизга вожиб бўлган амаллардандир.
✍️ Фахриддин Худойназаров, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.
Izoh qoldirish