САҲЛ ТУСТАРИЙДАН – БУГУН УЧУН ИБРАТ!
Машҳур мутасаввиф Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий (203-283 ҳ./818-896 м.) қуддиса сирруҳу бундай деганлар:
لَا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَظَّمُوا السُّلْطَانَ وَ الْعُلَمَاءَ فَإِنْ عَظَّمُوا هَذَيْنِ أَصْلَحَ اللهُ دُنْيَاهُمْ وَ أُخْرَاهُمْ وَ إِنْ اسْتَخَفُّوا بِهَذَيْنِ أَفْسَدُوا دُنْيَاهُمْ وَ أُخْرَاهُمْ
“Одамлар, модомики, подшоҳларни ва уламоларни улуғлар эканлар, яхшиликда бардавом бўладилар. Агар бу иккисини улуғласалар, Аллоҳ уларнинг дунёсини ҳам, охиратини ҳам яхши қилади. Агар бу иккисига енгил қарасалар, Аллоҳ уларнинг дунёсини ҳам, охиратини ҳам бузади” (“Тафсир ал-Қуртубий”, 5/260).
Ҳа, айни ҳақиқат! Подшоҳларини менсимаганлар, уларни ҳар хил айблар билан айблаб, кофирга ва золимга чиқарганлар, ўз уламоларнинг гап-сўзларига унамаганлар, олимлик таъзимини кўрсатмаганлар, ўз олимларини подшоҳларга хизмат қилувчилар деб туриб, менсимаганлар, ҳатто ўлимига сабабчи бўлганларнинг юртлари, масалан, қадимий ва буюк Шоми шариф бугун не аҳволга тушиб қолганини кўриб турибмиз. Улар Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳдек уламонинг гапига кўнмасдан унинг ўлимига сабабчи бўлдилар. Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ урушқоқларни, жанжалкашларни, доимо норози бўлувчиларни подшоҳга итоат қилишга, ўз подшоҳлари билан бирга ватанни обод қилишга, тараққиёт ва фаровонликка чақирган эдилар, холос. Алалоқибат, уларнинг бошларига не-не кўргиликлар тушди. Тарихда ҳам худди шундай бўлган. Зотан, Саҳл ат-Тустарий қуддиса сирруҳу яна мана бу ҳақиқатни ҳам айтганлар:
هَذِهِ الْأُمَّةُ ثَلَاثُ وَ سَبْعُونَ فِرْقَةً إِثْنَتَانِ وَ سَبْعُونَ هَالِكَةً كُلُّهُمْ يَبْغِضُ السُّلْطَانَ وَ النَّاجِيَةُ هَذِهِ الْوَاحِدَةُ الَّتِى مَعَ السُّلْطَانِ
“Бу уммат етмиш учта фирқадир. Шулардан етмиш иккитаси ҳалокатда. Уларнинг бари подшоҳга ғазаб қилганлардир. Нажот топувчиси ушбу биттасидир. У подшоҳ билан бирга бўлганлардир” (“Қут ул-қулуб”, 2/242).
Биз бутун дунё тан олган, улуғ аллома, мутасаввиф олим Саҳл ат-Тустарий қуддиса сирруҳунинг ҳақиқатига қулоқ солиб, бугунги Шом диёридаги воқеалардан ибрат олиб, озод ва обод юртда тинчлик ва фароғатда яшамоқ бахтини қўлдан бермаслигимиз керак. Ким нима деса, десин! Лекин, Саҳл ат-Тустарий қуддиса сирруҳунинг гаплари ҳақиқатдир!
✍️ Ҳамидуллоҳ Аминов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Izoh qoldirish