Азизлик (мол-дунё, мартаба) сени гуноҳга бошламасин
6-ФАСЛ
Азобнинг энг қаттиғи-азобланувчининг азобда эканлигини ўзи билмаслигидир. Ундан ҳам қаттиқроғи-азоби бор нарсага суюниб юришидир. Кимнинг ҳоли шу бўлса, тоат-ибодат қила олмайди. Мен кўпчилик олимлар ва зоҳидларнинг ҳолларини ўйлаб кўрдим. Уларни ўзларини сезмаган ҳолда азобда кўрдим. Шу уқубатларнинг кўпчилиги раёсатталаб (мансабпараст) эканликлари учундир.
Олимларга камчилигини айтсанг, ғазабланишади. Воиз эса ваъз ва насиҳатларни сохталаштиради, зоҳидлари эса ё мунофиқ ёки жанжалкаш бўлади. Азобларининг бошланиши-халқ билан машғул бўлиб, ҳақдан юз ўгирмоқликларидир. Азобда эканлигини билмаганларда муножот (илтижо) ҳаловати, ибодат лаззати бўлмайди. Магар иймон ва эътиқодда мустаҳкам эркак ва аёллар борки, Аллоҳ улар сабабли ерни сақлайди. Улар зоҳирлари ҳам, ботинлари ҳам бирдек... Улар танилсалар, тафаккур қиладилар, улар сабабли бирор каромат содир бўлса, инкор қиладилар. (Яъни биз туфайли эмас, дейдилар камтарлик билан). Одамлар уларни билишмайди, улар ўз ишлари билан банддирлар. Барча халқ уларни яхши кўради, фаришталар улар билан хурсанд бўлишади, уларга эргашмоққа Аллоҳдан тавфиқ сўраймиз (ўзи муваффақ қилсин) ва бизни шуларга эргашувчилардан қилсин.
✍️ Арабчадан Аббосхон Абдуллаев таржимаси.
Izoh qoldirish