04.08.2022

Қавм, халқ, миллат ўзидаги нарсани ўзгартирмаса, ислоҳ қилмаса, Аллоҳ улардаги ҳолни ўзгартирмайди, ислоҳ қилмайди.

12-ФАСЛ.

Ким аҳволни яхшиламоқчи бўлса, амалларни тузатмоққа ҳаракат қилсин.

Аллоҳ азза ва жалла айтадики: “Агар улар йўлда тўғри бўлсалар, уларга ширин сув тортираман”.

Пайғамбар алайҳиссалом Парвардигоридан ривоят қилиб айтадиларки, “Агар бандаларим менга итоат қилишса, кечаси ёмғир ёғиб, кундузи қуёш чиқиб, ҳеч қандай момақалдироқни эшитмас эдилар”.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам айтишларича: “Яхшилик эскирмайди, гуноҳ унутилмайди, қарздор ухламайди, нима билан жазоласанг, шу билан жазоланасан”.

Абу Сулаймон Дороний айтади: “Ким соф бўлса, софланилади, ким танитса, танилади, ким лойлатса, лойлатилади, кимда ким кечаси яхшилик қилса, кундузи мукофотланади”.

Бир чол мажлислар (давралар) аро юриб шундай дер эди: “Ким соғлигининг давомини хоҳласа, Аллоҳ азза жалладан қўрқсин”.

Фазл ибн Аёз айтади: “Мен Аллоҳга гуноҳ қилсам шуни чўри ё маркабим (улов)нинг хулқида топаман”. Билгин, Аллоҳ сени муваффақ қилсин, албатта, ҳушсиз зарбани сезмайди. Ўзини ҳисоб-китоб қиладиган кам-у зиёдни билади, бир ҳолатнинг ўзгарганини кўрсанг, шукур қилинмаган неъматни ва камчиликни эсла. Неъмат кетиб қолишидан ва азоб келишидан қўрқ (ҳазар қил). Ҳилм (гуноҳни кўтариш, азобламаслик) гилами кенг ёйилганини кўриб алданма. Чунки йиғим вақти тезда келиб қолади.

Абу Али Рўзборий айтган эканлар: “Сен ёмонлик қила туриб, сенга яхшилик қилиниши бу-алданмоқдир. Чунки ёмонлик қилсам, ҳеч алданмас эканман, деб тавбани кечиктирасан”.

✍️ Арабчадан Аббосхон Абдуллаев таржимаси.

Izoh qoldirish