ВАҚТНИ ТЕЖАШ ҲАҚИДА
14-ФАСЛ
Инсон ўз замонини улуғлаши, вақтини қадрига етиши керак. Ундан бирон бир дақиқани ҳам зое кетказмаслиги ва сўз ҳамда амалга иложи борича энг яхшисини олдин бажариши керак. Нияти тўғри, каму кўстсиз бўлиши керак. Гарчи, амалга оширишдан ожиз бўлса ҳамки, иложи борича амалга ошириши лозим. Бу тўғрида Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Мўминнинг нияти амалидан кўра яхшироқдир”.
Ўтган олимларимизнинг кўпчиликлари вақтларини қизғанишган. Омир ибн Қайсдан бир одам “гапиринг” деб таклиф қилганда, у киши “Қуёшни тўхтатиб тур”, деган эканлар.
Собит ул-Баноний айтадилар: “Отамга бориб ниманидир уқтирмоқчи бўлдим, у киши эса: “Ўз ҳолимга қўй, мен олтинчи вирддаман (тасаввуфдаги бир зикр мақоми) дедилар”, дейдилар.
Баъзи олимларимизнинг охирги дақиқаларида ҳузурларига киришганда, намоз ўқиб турганлар, у кишига нимадир дейилганда “ҳозир номаи аъмолим ёпилади”, деб жавоб беришган.
Инсон гарчанд қийналса-да, ўлим уни амалдан тўсиб қўйишини билгач, ўлимидан кейин савоби давом этадиган нарсани бажариб қолиши керак. Агар, дунёдор одам бўлса вақфга сарфлаши ёки дарахт экиши, ёки ариқ қаздириши, Аллоҳни зикр қиладиган солиҳ фарзандлар қолдириши лозимки, савоби изидан бориб турсин. Агар олим бўлса, бирон бир китоб ёзиб қолдирса, унинг учун ўлмас фарзандга айланади. Агар, бирор яхши иш қўлидан келиб, шуни амалга қўйса, бошқалар ундан ибрат олишади. Ана шу нарса ўлмайди. (Кўплар ўлишди, лекин одамлар ичида ҳануз тирик).
"Абдураҳмон ибн Жавзий фалсафаси"
✍️ Арабчадан Аббосхон Абдуллаев таржимаси
Izoh qoldirish