09.08.2022

БОЙЛИКНИНГ МАНФААТИ ВА КАМБАҒАЛЛИКНИНГ ЗАРАРИ

15-ФAСЛ

Мол эгаларини мол охират амалларидан тўсувчи ишлар билан банд қилиб қўйишини шайтоннинг энг ашаддий макр ҳийлаларидан бири деб билдим. Кўрибсизки, уларни бир тарафдан мол жамлашга тезлаб, уни йиғишга ундаса, иккинчи тарафдан бахиллик қилиб қўриқлашга буюради. Бу нарса унинг макр-ҳийласи қаттиқ ва метинлигидан.

Мўмин бандаларни мол жамлашдан қўрқитиш – бу тўғридаги энг махфий пистирмалардандир. Охират талаб кишиларни бор молини қўлдан беришга қизиқтиради. Шайтон уни тақвога тезлайди, тарки дунёга буюради. Касб табақа (мартаба) ларидан унга хайрихоҳлик қилган ва динини сақлаган киши бўлиб, қўрқитади. Бунинг ортида унинг ҳийла-найранглари ётади.

Кўпинча шайтон бу нарсани тавба қилувчи, эргашадиган шайх (муршид) тили билан гапиради. Шайх тавба қилувчига қараб: “Молингдан чиқ, тақводорлар жамоасига қўшил”, дейди. “Еди-ишдинг ошиб ётса, тақво аҳлидан бўлмайсан, дейди. Кўпинча бир сабаб ёки маъно учун ворид бўлган, саҳиҳ бўлмаган ҳадислар ҳам олиб келади. Қўли бўм-бўш бўлиб, касбидан бекорчи бўлиб қолгандан кейин биродарларнинг мол-у мулкига кўз олайтирадиган қилиб қўяди, ёки унга подшоҳ суҳбатини чиройли кўрсатиб қўяди. Чунки, тақво ва тарки дунёга бир неча кундан ўзга тоқат қила олмайди. Кейин, табиати яна аввалги талабларини қистай бошлайди. Шундай қилиб, аввалгидан ҳам баттарроғига йўлиқади. Энди мол топиш учун сарфлайдиган биринчи матоси дини ва обрўси бўлади. Дин ва обрўнинг эвазига мол топа бошлайди. Шундай қилиб, ядус суфло мақомига тушиб қолади. (Ҳадисда борки, устки қўл остки қўлдан афзал, яъни берувчи олувчидан афзал. Aна шу афзал мақомдан асфал (паст) мақомга тушиб, обрўсизланиб қолади).

Aгар инсон улуғ ва азизлар тарихига назар солса, улуғларимиз ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларни ўйлаб кўрса, Иброҳим алайҳис саломнинг моллари кўп бўлиб, шаҳарга сиғмай қолганлигининг гувоҳи бўлади. Шунинг сингари Лут алайҳис салоти васаллам (ва кўпчилик пайғамбарлар алайҳимус салоти вассалом) ва аксарият саҳобалар (мол-давлати) бўлмаганда сабр қилишди, аҳволларини тузатадиган мол топишдан тийилишмади ва ҳалолдан мол топишганда тортинишмади. Aбу Бакр разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик пайтларида тижоратга чиқардилар.

Кўпчилик байтулмолдан оладиган маошининг ортиғини чиқариб ҳожатманд биродарларига беришарди. Aбдуллоҳ ибн Умар бирор нарсани қайтармас ва ҳеч нарсани қайтармас ва ҳеч нарсани сўрамасдилар.

Мен кўпчилик диёнатли олимларимизни мана шундай ҳолда кўрдим. Уларни аввалда илм талаб қилиш, касб қилишдан тўсиб қўйган, ўзларини тикламоқчи, ҳолларини яхшиламоқчи бўлганларида қийналишган ва хорланганлар. Aксинча, азиз бўлишлари керак.

Эски вақтларда уларга подшоҳлик тарафидан берилган ҳақнинг ўзи кишилардан келганини ҳисобга олмаганда ҳам кетиб қолган. Шундай бир вазиятда байтулмолдан (подшоҳ тарафидан) бериладиган ҳақ узилиб қолди. Ҳеч бир диёнатлик бирор нарса қўлга кирита олмади. Магар динининг муқобилига, яъни бирор динидан сарфлабгина қўлга кирита олар эди. Демак, ақлли киши қўлида бўлган мол-дунёни сақлаш ва касб қилишни давом еттириши лозимки, бу йўл билан золим ила сулҳ қилишига, жоҳил билан муроса қилишга эриша олади. Ва фақирликнинг фазилати тўғрисида тасаввуфчилар даъво қиладиган чўпчакларга қулоқ осмаслиги керак бўлади.

Фақирлик ожизлик касалидан ўзга нарса эмас, фақирликка сабр қилган киши касалликка сабр қилган кишининг савобини олади. Магар бир ҳолатда, у ҳам бўлса мол ишлатишликдан қўрқса, бу ўғил боланинг иши эмас. Балким, қўрқоқ зоҳидларнинг ишидир. Лекин, касб ҳунарли инсон ато (ҳадя), садақа олувчимас, садақа берувчи бўлмоғи керак. Aна шунда ҳақиқий шижоатли, фозил ўғил боланинг ишини қилган бўлади. Ким бу тўғрида бош қотирар экан, бойликнинг қадрини ва камбағалликнинг хатарини билади.

"Абдураҳмон ибин Жавзий фалсафаси"

Арабчадан Аббосхон Абдуллаев таржимаси.


 

Izoh qoldirish