10.08.2022

ДУНЁНИНГ ОРТИҚЧАСИ

 16-ФАСЛ. 

Фозил кишиларнинг ҳолати тўғрисида фикр юритдим. Улар дунёдан бўлган насибаларини бой берган ҳолда топдим. Дунёни қосирлар қўлида кўрдим.

Фозиллар ҳолига назар солдим, улар қўлдан бой берган, бошқалар эриша олган нарсаларга афсусланишарди. Баъзилари кўпинчалик афсус-надоматларини чексиз қилишарди. Баъзиларига хитоб қилиб: “Вой сенинг ҳолингга, ишингнинг чора-тадбирини кўр, чунки сенда бир қанча камчиликлар бор. Биринчиси, дунё талаб қилгудай ҳимматинг бўлса, талаб қилгин. Кетиб қолганидаги афсус-надоматинг фойданга қолади. Яъни, кетгандан кейин бўладиган афсус-надоматлар бўлмайди. Чунки бир ерда ўтириб, бошқалар эришган мол-дунёга афсус чекишлигинг ва ҳамда ўзинг ҳаракат қилмаслигинг ниҳоят ожизликнинг белгисидир.

Иккинчиси шуки, дунё ўтмоқ учун исталади, обод қилиш (ватан қилиш) учун эмас, балки илминг кўрсатадигани, фаҳминг етадигани ҳам шул.

Aқлсиз кишилар мўл-кўл мол-дунё (ортиқчаси) бадан ва динларига озор беради. Шуни билгач, қўлдан кетиши сенга манфаатлироқ бўлган нарсани йўқотганингга афсусланишинг узоқ бўлиши манфаатлироқ эканлигини билганинг учун азоби қаттиқроқ бўлади. Шундай экан, вақтинчалик азобга сабр қил, узундан-узоқ азоблардан қутиласан.

Учинчиси, шу жумладан, сен, одамнинг дунё таъм ва лаззатидан бўлган насибаси тўрт оёқ ҳайвонникига қараганда кам эканлигини билиб олдинг. Чунки бу нарса сени фазилатлар жамлашдан тўсиб қўяди.

Қийинчиликлар ва камчиликлар инсонни мартабалар сари етаклайди. Aгар, ортиқча мол-дунёни кам фазилатлик бир ҳолда ихтиёр қилсанг, унда илмингни айблаган ва суистеъмол қилган бўласан. Бу нарса эса, фикрингнинг чалкаш эканлигига далолатдир.

"Абдураҳмон ибн Жавзий фалсафаси"

Арабчадан Аббосхон Абдуллаев таржимаси

Izoh qoldirish