АЖДОДЛАР МЕРОСИНИ ЎРГАНАЁТГАН МАЪРИФАТ МАРКАЗИ
Марказий Осиёдан илм-маърифат тамаддунигакатта ҳисса қўшган кўплаб алломалар етишиб чиққан. Уларнинг бой илмий меросини ўрганиш, улар устида тадқиқотлар олиб бориш борасида Ўзбекистонда муҳим ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти вамаънавий меросини ўрганиш, ҳаётга кенг татбиқ этиш, Ислом динининг асл моҳиятини ҳамда ҳадис илми тарихи ва унинг эзгу ғояларини тарғиб этиш мақсадида Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Марказнинг фаолият тури халқаро миқёсда бўлиб, фаолиятининг асосий мақсади Ислом дини, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишдан иборат бўлиб, бу борада салмоқли илмий тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, марказда “Ҳадисшунослик” ва “Манбашунослик” каби илмий бўлимлар ташкил этилган. Бугунги кунгача марказ илмий ходимлари томонидан Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг шоҳ асари бўлган “Сунани Термизий”нинг ўзбек тилидаги таржимаси тўлдирилган ва қайта нашри, шунингдек, “Буюк Термизийлар”, “Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи”, “Имом Абу Исо Муҳаммад
Термизий”, “Термизий алломалардан олтин ўгитлар”, “Муҳаддис ва фақиҳ аллома”, “Икки улуғ донишманд”, “Китобул илал”, “Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари”, “Буюк юрт алломалари”, “Имом Абу Исо Термизий: ҳаёти ва ижоди саҳифалари”, “Мотуридия таълимоти ва Абу Муъин Насафий илмий мероси”, Ҳаким Термизийнинг Қуръон тафсирига бағишланган “Китаб фийҳи тафсиру сурати-л-Фатиҳа ва аятин мин сурати-л-Бақара” қўлёзма тафсирини таҳқиқи ҳамда Абу Жаъфар Термизийнинг “Тафсир” асари каби 30та китоб ва рисолалар нашр этилди. Марказ илмий ходимлари томонидан Имом Термизийнинг “Сунан” асарини ўн жилдлик ҳанафийлик йўналишидаги шарҳи ўзбек тилига изоҳли академик таржима қилинмоқда. Юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан ҳам тадқиқот ишлари олиб борилиб, алломалар ҳаёти ва илмий меросига оид долзарб мавзу-ларда 10 нафар илмий ходим - 5 нафари фалсафа доктори (PhD), 5 афари фан доктори (DS'с) диссертацияси ишларини ҳимояга тайёрламоқда. Сурхондарё вилоятига мос тарзда буюк аллома аждодларимиз илмий меросига бағишланган кичик ҳажмдаги, халқчил ва ёшларнинг психологик жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда “Имом Термизий”, “Ҳаким Термизий”, “Хожа Алоуддин Аттор”, “Абу Бакр Варроқ Термизий”, “Бурҳониддин Термизий”, “Сўфи Оллоҳёр”, “Хожа Самандар Термизий”, “Розиюддин Чағоний”, “Адиб Собир Термизий” ва “Абу Жаъфар Термизий” каби ўнлаб рисолалар нашр этилди.
Марказ томонидан таълим муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотларида тарғибот учрашувлари ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланган. Бу бўйича ўтган йилларда ўндан зиёд халқаро онлайн конференция ва семинар ташкил этилиб, илмий ходимлар 50 га яқин халқаро конференция ва семинарларда илмий мақола ва маърузалари билан иштирок этишди. Марказ томонидан “Термизнинг Ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни” мавзусида халқаро конференция ва зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида “Дунё Ислом шаҳарлари” халқаро фотокўргазмаси ўтказилди. Мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма ьасарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ҳиндистоннинг “Razo library in Rampur” ва “Khudo Bakhsh library in Patna” кутубхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, мазкур қўлёзма фондларида 50га яқин термизийлар меросига оид қўлёзма асарлари мавжудлиги ўрганилди. Шунингдек, дунё фондларида сақланаётган термизий алломалар асарлари ўрганилиб, уларнинг электрон нусхаларини олиб келиш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирда, республикамиз ва хорижда сақланаётган қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда дунёнинг 40дан ортиқ мамлакатда сақланаётган 1400дан зиёд қўлёзмалар тавсифини ўз ичига олган “Термизлик олимлар асарларининг жаҳон фондларидаги қўлёзмалари каталоги” нашр этилди. Тарихда Термиз шаҳри ва термизий алломаларнинг муносиб ўрни бор. Термиз шаҳридан етишиб чиққан улуғ муфассир, муҳаддис, мутакаллим, мутасаввуф ва фақиҳларнинг буюк хизматлари натижаси ўлароқ, бу шаҳар ҳақида тарихий манбалара юксак эътирофлар битилган. Тўққизинчи асрда яшаб ўтган муаррих Абул Аббос Яъқубий “Термиз шаҳарларнинг оналаридан бўлган шонли шаҳардир”, - деб таъкидлаганлиги ёки “Термиз – мадинату-р-рижол” (Термиз мардлар (олимлар) шаҳридир), - деб эътироф этилиши бу заминдан қанча-қанча улуғ алломалар етишиб чиққанлигига далолат қилувчи ҳақли эътироф.
Шукрулло УМАРОВ, Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий- тадқиқот маркази директори, ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори.
Манба: "Халқ овози" (Тожикистон) газетаси № 32 (20295) 2022 йил 11 август.
Izoh qoldirish