26.08.2021

ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ – ФАРОВОН ҲАЁТ ҚУРИШНИНГ КАФОЛАТИ

    Барча замонларда ҳам ижтимоий соҳани ривожлантириш, жамиятнинг турли қатламларини рози қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи долзарб аҳамият касб этиб келган. Зеро, халқ бой бўлса, давлат ҳам қудратли бўлади. Ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланмаган, қашшоқликка маҳкум этилган жамиятлар эса таназзулга маҳкум эканлигига тарихдан кўплаб мисоллар мавжуд. 

VIII асрда яшаган буюк Шарқ мутафаккири Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн ал-Муқаффа ўзининг “Ал-адаб ас-сағир” асарида халқ камбағаллигининг ижтимоий оқибатларига тўхталиб, шундай дейди: “Камбағаллик ўз соҳибида халққа нисбатан нафратнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади, у ақл ва мурувватни вайрон қилувчи, илм ва адабни йўқ қилувчи, туҳмат учун макондир, кулфатлар мажмуасидир.”

Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз ўз истиқлолини қўлга киритгач, энг аввало ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш орқали фаровон келажакни яратиш масаласи долзарб аҳамият касб этди. Айниқса, сўнги йилларда ушбу соҳага эътиборнинг янада кучайиб бораётганлиги диққатга сазовордир. Жумладан, 2017 йил 7 февральда муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармоннинг IV устувор йўналиши ҳам “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” деб номланган бўлиб, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Ушбу устувор йўналишда аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, таълим тизимини ҳар томонлама ислоҳ қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли уй-жойлар билан таъминлаш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш каби масалалар асосий масалалар сифатида қайд этилиб, мазкур йўналишларни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси белгилаб берилди. Жумладан, биргина олий таълим тизимини таҳлил қиладиган бўлсак, ёшларни олий таълим тизимига қабул қамрови сўнгги икки йилда деярли тўрт бараварга оширилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари учун имтиёзлар жорий этилди, профессор-ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи устувор аҳамият касб этди.

Шунингдек, халқ билан мулоқот тизимининг йўга қўйилиши ҳам ижтимоий соҳадаги кўпгина муаммоларнинг ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Дунё тажрибасида ҳали кузатилмаган Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасининг ташкил этилиши халқ билан мулоқот тизимида туб бурилиш ясади. Тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашувчи Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилиши эса тадбиркорлик соҳасининг тараққиётида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Албатта, амалга оширилаётган шу ва шу каби кўплаб ислоҳотлар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган эзгу шиор остида амалга оширилмоқдаки, бу ўз навбатида жамият ҳаётининг тўкислигига, олиб борилаётган ислоҳотлардан розилик кайфиятида бўлишига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Сарвар Саидов
 Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish