19.08.2022

МУСТАҚИЛЛИК - ЭНГ УЛУҒ ВА ЭНГ АЗИЗ НЕЪМАТ

Мустақил Республикамизнинг 31 йиллигини шод-у хуррамлик билан кутиб олиш арафасида бўлган халқимизнинг қалби чексиз қувончга тўлган.

Дарҳақиқат, мустақиллик бу халқнинг орзу-умидлари, истаклари деб айтсак муболаға бўлмайди. Қанчадан қанча аждодларимиз озодлик, ҳурлик учун ўз жонларини қурбон қилганлигини тарих зарварақларини варақлаган  инсонгина  англаб етади.

Мустақиллик ҳар бир юртдошимиз ҳаётига янгича мазмун, турмушига фаровонлик олиб кирди. Бу жараён кун сайин янги истиқболли режалар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ халқиқмиз ҳаётида намоён бўлмоқда. Барча соҳада қўлга киритилаётган муваффақиятлар биз танлаб олган тараққиёт йўли нақадар тўғри ва ишончли эканлигининг амалий тасдиғи сифатида намоён бўлмоқда.

Истиқлол туфайли мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби Ислом дини равнақи йўлида ҳам кенг имкониятлар очилди. Бу нарса айниқса,   миллий ва диний қадриятларимизни халқимизга қайтариш соҳасидаги салмоқли ишлар орқали янада равшанроқ намоён бўлмоқда.  Биргина  2017 йил 14 февралда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан  Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этилиши истиқлол берган неъматлардан  дейишимиз мумкин.

Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда Ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Мўмин мусулмонларнинг эмин – эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун шароитлар яратилди.

 Инсон қаерда дунёга келса, ўша ер унинг учун ватандир. Киндик қони тўкилган жой унга ҳамма нарсадан қимматли. Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари она Ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: “Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаётда инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она-Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини”.

Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади».

Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиш билан ўлчанади. Барчамиз учун табаррук бўлган сўз бор: Ватан ва Истиқлол. Бу сўзларнинг мазмун-моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб турибмиз.

  Ватанимизни бугун дунё танимоқда, тан олмоқда. Турли соҳаларда Ватанимиз эришаётган ютуқлар юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, халқимизнинг бунёдкорлик борасидаги меҳнатлари ва албатта, муҳтарам юртбошимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати маҳсулидир.

Дунёда турли манфаатлар, ғоялар кураши авж олган бугунги мураккаб бир даврда ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлигини сақлаш, равнақи йўлида астойдил меҳнат қилиш ҳар биримимзнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, ватанимиз бизнинг ғуруримиз, фахримиз, ҳаётимиз мазмунидир. Ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқарган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётган, биз ёшлар келажагига мустаҳкам замин яратаётган азиз ва мукаррам – Мустақиллигимиз бардавом бўлсин!

 

✍️ Фаррух Сайдуллаев- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот

маркази директор ўринбосари


 

Izoh qoldirish