ДУНЁДАН ЎЗ НАСИБАНГНИ УНУТМА
19-ФАСЛ
Сўфи ва зоҳидларнинг ҳолатлари тўғрисида фикр юритдим. Кўпчиликларининг шариатни билмасликларидан ёки фикрларига суянганларидан адашган ҳолда кўрдим. Ўзлари тушунмаган оятларни ҳужжат қилишар, баъзи саҳиҳлиги собит бўлмаган ҳадисларни ривоят қилишарди. Жумладан, улар Қуръондан эшитган: “Дунё ҳаёти алдамчи матоҳдан ўзга нарса эмас” ва “Дунё ҳаёти ўйин, кулги ва зийнатдир” (Ҳадис) ва “Дунё Аллоҳга эгасига қадрсиз ўлик қўйдан қадрсизроқдир” деган ҳадисни пеш қилишади. Шунинг учун ҳақиқатини суриштириб ўтирмай тарки дунёга муккасидан кетишади. Чунки ҳақиқати билинмадими, унда у нарсани мақтаб ёки ёмонлаб ҳам бўлмайди.
Дунё тўғрисида баҳс юритар эканмиз, инсонлар учун қароргоҳ қилинган бу ернинг емаклари ўзидан чиқади ва ўликлари ерга кўмилади. Бундай нарсалар манфаат келиб тургани учун ёмонланмайди. Биз бунда кўриб турган барча сув зироат ва ҳайвон одамлар манфаатига инсон борлиги учун шу нарсалар сақланиб келяпти. Инсоннинг дунёга келиши эса Парвардигорини билиб, унга тоат-ибодат қилиш учун деб билдик. Ориф ва обид кишининг қолишига сабаб бўлган нарса мақталса мақталадики, ёмонланмайди. Дунёни ёмонлашга лойиқ нарса жоҳил ва гуноҳкорларнинг қилмишларигина, холос. Чунки агар ҳалолдан топиб, закотини берганда, маломат қилинмасди.
Зубайр ибн Авф бошқаларга қолдирган мол-дунё тарихдан бизга маълум. Ҳазрати Алининг қилган садақалари қирқ минг тиллога етган эди. Ибн Масъуднинг тўқсон минг тиллолари мерос қолди. Лойс ибн Саъд бир йилда йигирма минг тилло даромад олган (топган). Ибни Маҳдий бир йилда икки юз тилло даромад қилган. Суфён мол билан тижорат қиларди.
Фарзанд кўпайиши учун уйланиш бу – ҳақиқий ибодатлардан. Агар ишрат қилиш учун уйланса, унда мубоҳ. Уйланишда ҳисобсиз ибодат (ажр-савон) бор. Ўзини пок тутиш, хотинини пок тутиш ва бошқалар. Ҳазрат Мусо алайҳиссалом ўзларининг ўн йиллик азиз умрларини Шуайб пайғамбарни қизининг маҳрига сарфладилар.
Пайғамбар алайҳиссалом топган нарсаларини истеъмол қилардилар. Асал билан ҳалво энг яхши кўрган таомлари бўлган. У киши ҳалол, покиза нарсадан қўл тортганлари ҳеч бир ривоятда йўқ... Тўйгандан ортиғини емоқ макруҳдур. Кибр, манамлик билан кийиниш ҳам шу жумладандир.
Баъзи бирлар бундан камига ҳам қаноат қилишган. Чунки соф, ҳалолдан тўлиқ мақсад ҳосил бўлмай қолади. Кези келганда Пайғамбар алайҳис салом 27 туяга сотиб олинган тўн кийганлар.
Тамимуд Дорийнинг бир тўни минг тиллога сотиб олинган. Ана шу билан кечалар ибодат қилган.
Кейинчалик баъзи бир жамоалар пайдо бўлишди, истаклари зийнатланган бир йўлни ихтиро қилишди, кейин шу йўлларига далил излашди. Инсон аввал далил изламоғи ва сўнгра эргашмоғи керак. Аввал йўл танлаб, кейин далил излагани тўғри эмас.
Улар ана шундан кейин бир неча қисмга бўлинишди:
1. Баъзилари ташқи тарафини сохталаштириб олишди. Ичкарида қимматбаҳоларни кийишди. Хилватда шаҳвоний нафсни қондирди, лаззатлик таомларга муккасидан кетти. Одамларга зоҳир мутасаввуф бўлиб кўринди, аслида эса кийимдан бўлак тақво йўқ эди. Ҳақиқатини олганда эса Фиравннинг кибрига ўхшаган кибри бор эди.
2. Баъзилари чуқурроқ кириб борди, китоб ёзди, нодонлар бу йўлда унга кўр кўрга эргашган сингари эргашишди.
3. Баъзилар эса қалби пок эди, лекин шариатни билмасди. Агар улар Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобаларнинг йўлларини излашганда эди, тоймаган бўлишарди.
Кўпчилик олимларимиз одамлардаги ҳурмат-иззатига эътибор бермасдан, шариатдан буюрилгани учун танқид қилишди.
Ҳақиқатни билувчини улуғ исмлар қўрқитмаслиги керак. Бир киши келиб ҳазрати Алига шундай деди: “Бизни Талха билан Зубайр ботилга (нотўғри йўлга) деб гумон қиляпти, деб ўйлайсизми? (яъни шундай улуғ саҳобалар ҳам адашадими?). Шунда ҳазрати Али дедилар: “Ҳақ одамига қараб билинмайди, балки ҳақни билгин, одамини биласан”.
Кўпинча одамлар ўртасида бир тоифа кишилар ҳурмат қозонадилар. Ана шулар тарафидан бирор нарса гапирилса, шариатни билмаган киши эргашиб кетади. Мисол, Абу Язид розияллоҳу анҳудан нақл қилинадики: “Нафсим менга зарба берди (адаштирди) бир йил сув ичмайман деб қасам ичдим”. Агар шу тўғри бўлса, бу катта хато, ёмон гуноҳ. Чунки сув баданга овқатни етказиб беради, унинг ўрнини ҳеч бир нарса боса олмайди. Агар ичмаган бўлса, баданига озор берибди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом сувни яхши кўрганлар. Нафси ўзиники эмаслигини билган кишининг ишими шу? Қолаверса эгасидан рухсатсиз бирор бир нарса қила олмайди. Баъзи сўфилардан ҳикоя қилишади: “Таваккал қилиб Маккага оёқяланг жўнадим, оёғимга тиканлар кирарди, ерга ишқаб, кўтармасдан кетардим. Устимда дағал киймим бор эди. Кўзим оғриб қолса, қўлим билан ишқар эдим. Натижада битта кўзимдан айрилиб қолдим...”. Бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп. Ҳикоя қилувчилар бу нарсаларни кароматга йўядилар ва олимлар олдида бўртириб гапирадилар. Уларнинг хаёлига шу ишларни бажарувчи Имом Аъзам, Шофиъи, Аҳмад ва Моликлардан кўра Аллоҳнинг наздида мартабали кўринади. Тўгрисини айтсам, бу нарса катта айб ва буюк камчилик. Чунки Аллоҳ таоло “Ўзларингни ўзларинг ўлдирманглар” (Нисо сураси) дейди.
Пайғамбар алайҳивасаллам марҳамат қиладилар: “Нафсингизнинг сизда ҳаққи бор”. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳижрат йўлида Пайғамбаримиз учун соя жой изладилар. Ниҳоят бир тош топиб соясига тўшамчи солиб бердилар.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи Фарқад Саҳбий билан Молик ибни Динорни тақвосида айблаб, олдиларига бир гўштли таом келганда: “Моликнинг кулчаси ҳам, Фарқаднинг ликопчаси ҳам эмас”, дедилар. Фарқаднинг устида бир чакмон кўрдилар. Фарқад: “Дўзах аҳли кўпчилиги чакмонликдирлар”, дедилар.
Саёҳатга озуқасиз, сувсиз чиққан кишиларни гапириб, завқланиб ўтирган ҳикоячилар кўп учрайди. Бу жуда ёмон иш эканини билишмайди. Аллоҳ таолони ҳеч қачон имтиҳон қилиб бўлмаслигини англашмайди, билишмайди. Бу ҳикояни бир тавба қилган нодон киши эшитади-да, сафарга озуқасиз чиқиб, очликдан ўлади. Ҳикоячи ана шу фожианинг гуноҳига бир қисм шерик бўлади.
Зуннун Мисрийдан ҳикоя айтишади: Зуннун саёҳатда бир аёлни учратиб қолди. У билан гаплашиб кетди. Бу ҳикоячилар Пайғамбаримизнинг саҳиҳ ҳадисларини унутиб қўйишади: “Аёл киши бир кеча-кундузлик сафарга маҳрамсиз чиқиши ҳалол эмас”.
Кўпчилик ўз ҳикоятларида кўпчиликни сувнинг устида юрганлигини айтишади. Иброҳим Ҳарабий айтадилар: “Ҳеч бир киши сувнинг устида юриши мумкин эмас”. Бу кишининг гапини эшитганларида “Солиҳ авлиёлар кароматларини инкор этасизми?” дейишади. Биз шундай жавоб қиламиз: биз солиҳ авлиёларнинг кароматини инкор қилмаймиз, балки тўғри бўлганига ишонамиз. Солиҳларимиз шариатга эргашганлар, ўз фикрларича ибодат қилмаганлар.
Ҳадисда бор: “Бани исроил қаттиқ қилишди, Аллоҳ таоло ҳам уларга қаттиқ қилди”. Камбағалчиликни шунчалик кўп тарғиб қилишади, ҳатто одамлар бор молини сарфлашга мажбур бўладилар. Кейин охир-оқибат муҳтож бўлганда ғазабланиб қолади ёки бўлмаса ҳам одамлардан тиланишга мажбур бўлади. Камбағалчилик одамларга қанчадан қанча озор етказади. Пайғамбар алайҳис салом: “Овқатга учдан бир, нафасга учдан бир”, дедилар. Шунга ҳам қаноат қилмасдан озига буюришади.
Абу Толиб Маккий: “Қутул-қулуб”да ҳикоя қилган: “Улардан баъзиларининг овқати бир хурмо билан ўлчанган эди. Мен буни эрталабга йўйгандим (яъни эрталаб бир хурмо ейиш керак, деган сўзга амал қилиб юрардим). Алмаъи шунга жуда қаттиқ турди ва бир неча йил касал бўлиб қолди”.
Сиз юқоридагиларни ҳикматга тўғри келади ёки шариат йўл беради, деб ўйлайсизми? Инсоннинг маркаби қувватдир. Агар уни камайтирмоқчи бўлса, ибодатдан заифлашиб қолади. Пайғамбар алайҳиссаломга садақа ҳаром қилинганлигини эшитмаганмисиз? Бурайрага гўшт садақа қилингач, Бурайра ҳадя қилди. Шу нарсанинг ўзини сифати ўзгаргач едилар. Аҳмад ибн Ҳанбал айтадиларки: “Овқатнинг камини яхши кўрмайман. Кўплар шундай қилиб фарзларни бажариша олмади”. Овқатини камайтирганлар бора-бора фарзлардан ожиз бўлишади, кейинчалик оиласини поклашдан ва улар билан бўлган муносабатдан, ҳалол касбдан ва қиладиган барча яхшиликлардан ожизи нотавон бўлиб қоладилар. Сизни очликка чорлаётган ҳадисларни эшитганингизда, ҳайратга тушманг, чунки бундан мақсад ё рўзага тарғиб қилмоқ ёки тўқликка шўхликдан қайтармоқдир. Лекин бир йўла овқатни камайтириш қувватга таъсир қилади. Ва бу нарса жоиз ҳам эмас. Кейин баъзилар гўшт ейишдан бош тортишади. Ҳолбуки Пайғамбар алайҳис салом ҳар куни гўшт ейишни яхши кўрардилар.
Сен мени бетараф тингла: баъзи бир уламо-улуғларимиздан ҳужжат, ҳужжат далил қилиб келмагин. Масалан, Бишр ёки Иброҳим Адҳам айтди деб. Зеро, Пайғамбар алайҳис салом ва саҳобалардан ҳужжат келаркан, ҳеч қайси ҳужжат бунга тенг кела олмайди. Шундай экан, ана шу улуғларимизнинг қилмишларини яхши гумон билан яхшиликка йўямиз. Баъзи машойихларимиз бир қанча азизлардан ривоят қилишдики, улар ўз китобларини кўмишган. "Нима учун?" деб сўрадим. Жавобан шундай дейишди: “Айтадиган сўзимизнинг афзали сукут қилмоғимиздир”. Бу нарса аслида бажарувчи тарафидан нодонлик содир бўлганини билдиради. Шундай бўлсада, уларнинг фойдасига бурдим-да, дедим: “Кўмган китобларида ўзларининг махсус, яъни фақат ўзларигагина хос, тааллуқли бўлган фикрлари бўлган-у, одамларнинг унга эргашишларидан қўрқиб шундай қилган бўлишлари мумкин”.
Бир ривоятда айтилишича, Аҳмад Ибн Абдулҳаворий китобларини денгизга ташлаб шундай деган: “Сен қандай яхши далил (далолат қилувчи, йўл кўрсатувчи) эдинг. Энди маблулга (маъшуққа) эришгандан сўнг далилга ҳожат қолмади”. Бу ривоят яхши гумон қилишга асос бўлади. Аммо тўғри илм бўлганда бу иш исрофгарчиликдир. Ушбу тавил (баёнларим) ларим улардан олимларигагина тўғри келади. Чунки Суфён Саврий китобларини кўмишга буюрган бўлса, бир қавм (жамоа) тўғрисида оғиз қизиб (қизиқиб) гапириб, ёзиб қўйганлигидадир. Бунинг сабаби у ўз китобида заъиф-ташландиқлар тўғрисида ёзиб, ажратиш қийинлашиб қолганликдан барчасини кўмишга буюрди.
Мана шу каби ҳар бир аввалги фикридан қайтган киши ўша фикри бўлган китобни кўмса жоиз. Ана шунда олимларнинг қилмишини маъқул кўрамиз. Аммо лекин олимларнинг қилмишларини кўриб, баъзи бир зоҳидлар (шайхлар) яроқлик китобларни ибодатдан олиб қолмасин, деб кўмишганлари нодонликларидан. Чунки йўлларини ёритадиган чироқни ўчирган бўладилар. Бундан ташқари зое кетказиш ҳалол бўлмаган молни ҳайф (зое) кетказган бўлади.
Китоб кўмганлардан бири Юсуф ибни Асбат кейин фикридан қайтганда жойини алмаштириб (тополмасдан) қўйганлиги натижасида заиф бир ҳолатга тушиб қолди. Шуайб Ибн Ҳарб айтадилар: “Мен Юсуф ибни Асбатдан китобларингни нима қилдинг? деб сўрадим. У эса “Уларни бил жилғага, сув йўқ вақтда кўмган эдим, кейинчалик сув келиб оқизиб кетибди”, деди”. Мен ундан: “Бу ишга Сизни нима мажбур қилди ўзи?” деб сўрадим. Жавоби шундай бўлди: “Ғам битта бўлсин дедим”.
Зоҳирини олганда булар фойдали китоблар бўлган. Лекин, илмсизлик бепарволикка олиб броган-у, яхшиликни мақсад қилиб ёмонлик қилган. Агар китоби Саврийникидек бўлганда тўғри. Юқорида айтганимиздек, маълум сабабларга кўра шу ишни қилса, дуруст бўларди. Лекин, ғамлаш баҳонасида бу ишни қилиш илмсизлик эди. Илмсизлик қайси даражага олиб боргани маълум бўлди.
Баъзи бир ўзимиз ҳурматлаб зиёратига бориб турадиган кишилар Дажла дарёси ёқасида пешоб қилиб, таяммум қилганлиги, “сув яқинингизда-ю”, дейилганда “етолмайманми деб қўрқдим” дегани ҳикоя қилинади. Бу иш барча ожизликка йўйилса-да, фуқароларимиз буни эшитганларида шубҳасиз, кулган бўлардилар. Чунки таяммум сув бор жойда (жоиз) бўлмайди. Сув ҳозир турганда қўлни тупроққа ишқалаб ётиш беҳуда бўлади. Сув таҳоратсиз кишининг ёнида эмас, балки неча чақирим нарида оқаётган бўлса ҳам таяммум жоиз бўлмайди.
Шу нарсалар тўғрисида ўйлаган киши бир масала юзасидан олим-гарчи эргашувчилари кам бўлса-да, ўлгандан кейин ному нишони қолмаса-да, минглаб одамлар уни тавоф қиладиган, ўлса жанозасига ҳад-ҳисобсиз одамлар ҳозир бўладиган кишилардан афзал эканлигини билади.
Биз эргашсак, арзигулик из қолдирган, шариат мақсадини тушуниб, фатво берадиган олимларимиз ҳақиқий инсонлардир. Аллоҳ таоло жаҳолатдан ва кўр-кўрона эргашишдан ўзи сақласин. Чунки булоқ бошидан сув ичган инсон қолган сувларнинг лойқалигини билади.
Мақтов - катта мусибат. У қанчадан қанча кишиларни алдаган! Ҳазрати Али айтадилар: “Ахмоқнинг изидан этиклари тапиллаши ақлидан ҳеч нарса қолдирмайди”. Авом одамлар бировни мақтамоқчи бўлсалар, шундай дейдилар: “Кечалари ухламайди, кундузи рўзасини очмайди, хотин нималигини билмайди, дунё лазатидан тотмайди, озиб-тўзиб, нозиклашиб қолибди. Ҳатто намозни ўтириб ўқимоқда, еб-ичиб, айшини суриб юрган олимдан кўра яхши-да”. Уларнинг тушунчаси энди шундай. Қани энди дунё бир бўлса-ю, Аллоҳнинг шариатидан хабардор бўлиб, фатво берадиган олимнинг бир фатвоси обиднинг умр бўйи қилган ибодатидан афзал ва яхши эканлигини билишса.
Ибни Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: “Шариатни биладиган бир фақиҳ, олим киши шайтонга минг обиддан кўра қаттиқроқдир”. Бу гапимни эшитганда амалсиз олимларни мақтаяпти, деб ўйламанг. Мен илмига амал қиладиган олимларни мақтайман. Улар ўз манфаатларини биладилар. Улардан баъзилари ҳаётда оддий ва қийинчиликда кун кечиришди. Бунга Аҳмад Ибн Ҳанбални мисол келтирсак бўлади. Суфён Саврийга ўхшаган тақволик, Маликдек диёнатли, Шофиъдек илмликлари бадавлат кун кечиришди.
Инсон бошқалар иложи етиб, ўзи имкон топа олмайдиган нарсани талаб қилмаслиги керак.
Ҳар ким ўзига кераклисини ўзи билади. Робиа айтган экан: “Агар кўнглинг мевадан тайёрланган ширинликка кетса, егин”.
Сиз, азиз эшитувчи, тақвонинг ташқарисигагина эътиборингизни қаратманг. Чунки кўп бойлар бор: бировга нафим тегсин, деб бой бўладилар. Камбағалликка эса ҳар ким ҳам тоқат қила олмайди. Хусусан, мусибат, фикрий тушкунлик ва йўқсизлик эзиб қўйган киши агар ўзига раҳм қилмаса, бўйнидаги масъулиятни адо эта олмайди.
Бу-поёнсиз мавзу,қисқа ҳикоялар қилиб, тезда ёпмоқ хаёлимга келиб қолди. Аллоҳ таоло ўз раҳмати билан манфаатдор қилсин.
"Абдураҳмон ибн Жавзий" фалсафаси
Арабчадан Аббосхон Абдуллаев таржимаси
Izoh qoldirish