ҲАЛОЛ ТИЖОРАТ БИЛАН ЗОҲИДЛИК САРИ
Касб ва тижорат жамият иқтисодий ҳаётини мустаҳкам ушлаб турувчи энг муҳим устунлардир. Бу жамиятнинг оёғи ёки шоҳ томирига ўхшайди. Тижорат ёҳуд тадбиркорлик халқларнинг — ҳаёти, тараққиёти, фаровонлиги, куч-қудратининг муҳим воситасидир. Агар улар эътибордан четда қолса, жамият катта хавф-хатарларга дуч келишлари мумкин. Бу жиҳатдан Исломда савдо қилиш фарзи кифоя саналган. Шу билан бир қаторда Моддийлик устун мавқени эгаллаб бораётган ҳаётимизда ҳар бир мусулмоннинг ахлоқий камолотини ҳар қачонгидан ҳам юксакроқ бўлиши, Аллоҳдан қўрқиб иш тутиши, банда ҳақларидан қочиш зарур.
Имом Абу Ҳанифанинг энг сара талабаларидан бири бўлган Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф. 805 й.) раҳматуллоҳу алайҳнинг энг охирги китоблари бўлмиш “Ал-Касб” асари ҳақида шундай ҳикоя келтирилади:
Имом Муҳаммад ўз талабаларига ортиқ бошқа китоб ёзмаслигини айтганда, талабалар устозларидан охирги марта бўлса-да зуҳд ҳақида бирор китоб ёзишларини илтимос қиладилар. Имом Муҳаммад эса уларга: “Мен зуҳд ҳақида бир китоб ёздим”, дея жавоб берадилар. Талабалар ушбу мавзуда китоблари йўқлигини айтишганда, Имом: “Олди-сотди ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида китоб ёздим, мана шу зуҳд китобидир. Чунки, зоҳид тоғу-тошларда узлатга чекиниб юрган киши эмас, бозорда тижорат билан шуғулланиб ҳаромлардан, макруҳлардан ва шубҳали нарсалардан тийилган кишидир” дея жавоб бердилар.
Ҳақиқий зоҳидликнинг нима эканлигини таърифлаган Имом Муҳаммаднинг ушбу сўзларининг манбаси шубҳасиз Қуръон ва Суннат ҳамда мазкур икки манбанинг инсониятга тушган илк даври бўлмиш саодат асридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда жума намозига буюрар экан, шундай марҳамат қилади: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингизлар!” (Жума сураси 10-оят). Ушбу оятдан келиб чиқиб фақиҳлар тижорат билан шуғулланишни узлатда нафл ибодатлар билан шуғулланишдан афзал эканини айтишган. Бунинг сабаблари шуки, баъзи нафл ибодатларнинг фойдаси фақат намозхоннинг ўзига бўлади, аммо тижоратни кўп инсонга фойдаси бор. Тижоратчи, қилаётган иши билан аввало ўз оиласига, ишининг ҳажмига қараб кўпгина мусулмонларнинг кун кўришига васила бўлади. Бу орқали кўп инсонлар жамиятга юк бўлмасдан ўз меҳнати билан кун кўради ҳамда жамиятда иқтисодий ҳаётнинг давомийлигига ҳисса қўшилади.
Имом Муҳаммад “Ал-Касб” асарида қуйидаги ривоятни келтирадилар: Умар разияллоҳу анҳунинг халифалик йилларида Ямандан бир гуруҳ ҳеч қандай касб-кор билан шуғулланмайдиган мусулмонлар Мадинага ташриф буюришади. Масжиди Набавийнинг бир чеккасида эскирган кийимларда тинимсиз ибодат қилаётган ушбу одамлар ҳазрати Умарнинг эътиборини тортишади. Ҳазрати Умар уларнинг кимлигини ўрганиш учун: “Булар ким?” дея сўрайдилар. Шунда бир киши: “Булар Аллоҳ таолога таваккул қилган кишилардир” дея жавоб беради. Пайғамбар алайҳиссаломнинг рисолат мактабидан жуда яхши дарс олган ҳазрати Умар, ушбу жавобга хитобан: “Йўқ булар таваккул қилганлар эмас, мутаъаккилунлардир (хўрандалар). Сизга таваккул қилганлар ким эканини айтайми?”, дедилар. Атрофдагилар “айтинг” дейишди ва ҳазрати Умар “Таваккул қилувчи уруғни тупроққа қадаган ва кейин Аллоҳ таолога таваккул қилган кишидир” дедилар[1]. Зеро, бировдан тамаъ қилмасдан, юк бўлмасдан, ризқини инсонлардан эмас ёлғиз Аллоҳдан кутган киши мутаваккил яъни таваккул қилган киши ҳисобланади. Яна бир бошқа ривоятда ҳазрати Умар шундай марҳамат қилганлар: “Сизлардан бири “Ей Роббим ризқимни юбор” дея ўтирган жойидан ризқ сўрамасин. Биласизки, осмондан на олтин на кумуш ёғади”[2]. Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар ҳалол ризқ топиш учун ғайрат қилишнинг аҳамияти ҳақида шундай деганлар: “Аллоҳнинг фазлидан насибасини қидириб ер юзини кезаркан вафот этиш, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб вафот этишдан кўра фазилатлидир”[3].
Қуръон ва Суннатдан илҳом олиб ҳамда саҳобалар амалларини ўрнак қилган ислом буюклари ҳам доимо ибодат турларидан бири бўлган тижоратга инсонларни ташвиқ этганлар ҳамда дангасалик, фақирлик, тиланчилик ва бошқаларга юк бўлишдан сақланишга эътибор қаратганлар. Улуғ олим ва айни вақтда тижоратчи бўлган Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ ҳаётлари давомида шуғулланган касблари билан бу борада гўзал намуна бўлганлар.
Али ибн Жаъфар шундай нақл қилади: “Отам Имом Аҳмад ибн Ҳанбални зиёрат қилгани борар экан ўзи билан мени ҳам олиб борди ва “Бу ўғлим” дея мени таништирди. Шунда Имом аввал мени кейин отамни дуо қилди ва отамга “Ўғлингни бозорга олиб бор, нарх-наволарни ўргат” дея тавсия бердилар.
Улуғ сўфий ва зоҳид Иброҳим ибн Адҳам (ваф. 778 й.) ҳеч кимга юк бўлмаслик учун ўз ризқларини меҳнат қилиб қозонар эдилар. Бир киши у зотга “Яхшимисиз?” дея ҳол-хотир сўрганда, “Нафақамни мендан бошқаси таъминламас экан, мен яхшиман”, дея жавоб берган экан. Зеро гўзал динимиз ҳар доим мусулмонларни меҳнат қилишга даъват қилган ва уларни олувчи қўл эмас, берувчи қўл бўлишга ундайди. Бу ерда алоҳида эътибор берилиши керак бўлган муҳим бир жиҳат бор. Роббимиз Нур сурасининг 36-37 оятларида намунали мўминлар кимлар эканини баён этар экан шундай марҳамат қилади: «(У чироқ) кўтарилишига (қурилишига) ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига Аллоҳ изн берган уйларда (масжидларда)дир. У (масжид)ларда эртаю-кеч Унга тасбеҳ айтадиган кишилар бордир. Уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни мукаммал адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар».
Юқоридаги оятда Роббимиз асл мўминни таърифламоқда. Улар тижорат ва савдо-сотиқ билан шуғулланадилар аммо, маҳсулотининг қиймати қанча бўлишидан қатъий назар молу дунё ташвиши уларни Аллоҳнинг зикри, намоз, закотини бериш, инфоқу эҳсон қилишдан асло тўсиб қўймайди. Ана ўшалар Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг таъбирлари билан айтганда «Қўлинг ишда, қалби Аллоҳда» бўлганлардир. Агарки, қорин ғами ва ҳирси қалбни қоплаб олдими ана ўша жойда жиддий муаммолар пайдо бўла бошлайди. Ҳазрат Мавлоно Жалолиддин Румий айтганларидек, «Моли дунё бир денгиздир инсон эса мисоли денгиз устидаги кемадир. Моли дунё (кема) қанча кўп бўлса кема шунчалик осон ҳаракат қилади ва манзилга тез етиб боради. Аммо, кема сув олишни бошласа, яъни моли дунё муҳаббати қалбни истило қила бошладими, сўзсиз ҳалокат бўла бошлайди. Муаммо, у муҳаббат қалбни қоплаб олишидадир».
Табаа тобеин наслининг буюк имомларидан бўлмиш Суфён ибн Уяйна (ваф.814 й.) раҳматуллоҳи алайҳдан бир куни сўрадилар: “Ёнида юз дирҳами[4] бор кишини зоҳид деймизми?”, Имом шундай «Албатта», дея жавоб бердилар. Яна сўрашди, «Ахир қандай қилиб, молу дунё тўплаган одам зоҳид бўлиши мумкин?», Суфёни Саврий шундай жавоб бердилар, «Агар у одам пули камайганда тушкунликка тушмаса, кўпайганда севинмаса, молу дунёсида айрилишига сабаб бўлган ўлимини хунук санамаса, у ҳақиқий зоҳиддир». Дараҳақиқат Суфёни Саврийнинг ушбу ҳикматлари айнан Мавлоно Жалолиддин Румий таъкидлаганларидек, энг муҳими молу дунё муҳаббати қалбни эгаллаб олмаслигидир.
Тижорат билан шуғулланиш, пул топиш, бозорда доимо бошқалар билан рақобатда бўлиш ва шунга қарамай қалбни салим тутмоқ, уни дунё муҳаббатидан узоқ тутмоқ осон иш эмас. Бир тижоратчи буни қила олиши учун қуйидаги тамойилларга эътибор қаратиши лозим:
1. Соғлом ақидада бўлмоқ;
2. Ҳалол тижорат асосларини чуқур ўрганиш;
3. Содиқ ва солиҳ шериклар;
4. Тижоратига Аллоҳни шерик қилмоқ;
5. Инкор қилиб бўлмас ҳақиқат бўлмиш ўлимни доимо ёдда тутиш.
Бу хусусиятлар мусулмон тижоратчининг доимо ақлида зеҳнида тошга ўйилган нақш каби туриши керак. Авваламбор соғлом бир ақидада бўлиш ҳаммасидан муҳим. Ақида ҳар бир ишнинг асоси бўлгани боис илкдир. Иймон асосларининг ҳаётимизда акс этиши катта аҳамиятга эга. Кейинги ўринда исломда тижорат ҳақ-ҳуқуқлари асосларини мукаммал ўрганиш лозим. Ҳалол, ҳаром, макруҳ, шубҳали ҳолатлар ва тижорат бўйича исломий тартиб қоидалар, олди-сотди турлари, қарз ҳуқуқлари, фоиз масаласи каби кўпгина масалалардан хабардор бўлиши керак. Бу борада ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу "Бизнинг бозорда динда маълум бир чуқур маълумоти бўлмаган кишилардан бошқаси олди-сотди қилмасин" (Имом Термизий ривояти), деганлар. Нега? Чунки, исломнинг олди-сотди ҳуқуқи масаласидаги ҳукмларини билмаган ва бу бўйича маълум бир савияга эга бўлмаган киши ҳар қандай хато ишни қилишга қодир бўлади. Шу сабабли мусулмон тижоратчи шариатнинг тижоратга доир ҳукмларидан бохабар бўлиши лозим.
Учинчи тамойил – содиқ ва солиҳ дўстлар орттириш. Содиқ дўст инсонни жаннатга олиб борадиган энг муҳим воситалардан бири экан, мусулмон савдогар ўз ёнида шундай дўст ва ҳамроҳ бўлиши, унга ҳақ ва ҳақиқатни эслатувчи мажлисларда қатнашишга ҳаракат қилиши керак. Роббимизнинг бу борадаги: “Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба сураси 119-оят) деган амри, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Шубҳасиз, тўғрилик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга олиб боради. Рост гапирган кишини Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқ (тўғри) деб ёзилади. Ёлғончилик ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса жаҳаннамга олиб боради. Бирор киши ёлғон гапирса, Аллоҳнинг ҳузурида каззоб деб ёзилади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти) деган ҳадисларини асло унутмаслик керак.
Тўртинчи тамойил, Аллоҳни тижоратига шерик қилиши. Бир қарашда бирмунча тушунарсиз кўринган ушбу жумланинг манбаси пайғамбаримизнинг ҳадисларига бориб тақалади. У зот шундай марҳамат қиладилар: ““Азиз ва Жалил бўлган Зот Аллоҳ таоло айтадики: «Икки шерикдан бири иккинчисига хиёнат қилмаса, мен уларнинг учинчи шеригиман. Агар бири бошқасига хиёнат қилса, мен уларнинг орасидан чиқиб кетаман» (Имом Абу Довуд ва Байҳақий ривояти). Аслида Аллоҳ таолога оид бўлган мол-мулкни фақат унинг йўлида сарфламоқ лозим. Мулк унга оид, бутун борлиқнинг яккаю ягона соҳиби Роббимиз бизга нима берган бўлса барчаси омонатдир. Демак, мусулмон тижоратчи Аллоҳни ўз тижоратида шерик қилиши фақат молиявий фарз бўлган закот билан қаноатланмасдан, садақа ва инфоқу эҳсонда ҳам бор ғайрат кўрсатиши керак экан. Шу ўринда улуғ саҳобалардан Қайс ибн Абий Ғараза Ансорийнинг қуйидаги ривоятини алоҳида таъкидлаш лозим. У айтади: “Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бозоримиз ёнида тўхтаб, шундай дедилар: “Эй тижоратчилар жамоаси! Албатта савдода ҳамиша лағвлар (бефойда нарсалар) ва қасамлар бўлади. Уларни садақа билан тозаланг” (Имом Абу Довуд ривояти).
Бешинчи ва охирги тамойил — бу ҳақиқат бўлган ўлимни доимо эслаб туриш керак. Бу муқаррар ҳақиқатни доимо ёдда тутиш одамларни борадиган сўнги манзиллари бўлган қабрларини обод қилишга ундайди, вақтинчалик ва қадрсизни доимий ва қадрлига алмаштирмайди. Ўлимни ҳар доим ёдда тутиш одамларни назорат остида ушлаб туради ва қонуний доира ичида бойлик ва нафсга бўлган ҳирсни чеклайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом бозорга кираётганда ўқиган дуоларида ҳам ўлим ва ундан кейинги ҳаётга эътибор қаратганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бозорга кираётганларида ўқиган дуолари қуйидагича:
Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган, шериги йўқ Аллоҳ, бутун мулклар ва мақтовлар унга оиддир. У ҳаёт ато этади ва жон олади, ўзи эса барҳаётдир. Бутун яхшиликлар унинг қўлида ва у барча нарса Қодир Зотдир (Имом Термизий ривояти).
Бу қатъий тамойилларнинг энг яхши татбиқчилари, шубҳасиз, ўз навбатида энг амийн бўлган тижоратчи Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг муборак қўлларида тарбия топган саҳобалардир. Биз уларнинг ҳаёти давомида бир идеал тижоратчида бўлиши керак бўлган хислатлар ва ибратларни кўрамиз. Умид қиламизки, кейинги саҳифаларда келтириладиган ибратли ривоятлар ҳаром ва ҳалол чегаралари бир-бирига аралашиб кетган ҳозирги замонда буни исломий ахлоқий қадриятларга мувофиқ амалга ошириш борасида бизга ўрнак бўлади.
✍️ Жониев Музаффархон – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
______________________________
[1] Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний. Китобул касб. Мактабатул матбуотил исламия. – Ҳалаб: 1997. – Б. 88
[2] Имом Ғаззолий. Иҳёу улумиддин. Дорул Фаҳя. Дамашқ. 2010. Ж. 2. –Б. 80
[3] Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний. Китобул касб. Мактабатул матбуотил исламия. – Ҳалаб: 1997. – Б. 72
[4] Дирҳам – кумуш танга. 1 дирҳам 0,425 грамм ёки кумушга тенг 0,354 грамм олтиндир. У пайтларда 1 динор, гоҳ 10, гоҳ 12 дирҳам эди савдо қилинади.
Izoh qoldirish