“Ҳадис илмига тўқима ҳадисларни кириб келиши” китоби (Давоми)
ЗИНДИҚЛАР ОҚИМИ
Ҳадис илмини обрўсини тушириш, унинг асосини бузиш, суннатни эътиборини пасайтиришни мақсад қилиб олган, зиндиқлар оқими сохта ҳадислар тўқиш борасида, ҳадис билимдонлари наздида ёмон таассурот қолдирдилар. Исломни ниқоб қилиб олиб, аслида Исломга ва мусулмонларга душманлик уруғини сочардилар. Ибн Ҳиббон айтадилар: “Улар куфрга эътиқод қилардилар, Аллоҳ ва қиёмат кунига ишонмасдилар. Ислом мамлакатларига бориб, аҳли илмга ўзларини ўхшатиб, уламоларга сохта ҳадислар тарқатар эдилар. Шак ва гумонни мусулмонлар қалбига жойлаш учун Ислом оламидаги уламолардан ривоят қилардилар. Олимлар ҳайратда қолардилар ва сиққолар улардан ҳадислар эшитишар ва кейинги авлодларга етказишар эдилар. Бу ҳол узоқ давом этди”[1] Баъзи зиндиқлар қилмишларига ўз эътиқодида туриб, баъзилари тавба ва пушаймондан сўнг эътироф этарди. Ибн Лаҳия айтади: “Бир шайхни йиғлаётган ҳолида кўрдим. “Нима сабабдан йиғлаяпсан?” дедим. “Тўрт юз ҳадисни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам номларидан тўқидим. Одамлар мавзўь ҳадисларимга амал қилмоқда, энди нима қиламан?” деди,[2] Аббосий халифа Маҳдий “Мени олдимга аҳли зиндиқлардан бир киши келиб, тўрт юз ҳадисни сохталаштиргани ва бу ҳадислар омма орасида юрганига иқрор бўлди” дейди.[3] Абдулкарим ибн Абу ал-Ивжо боболари Ҳаммод ибн Саламани китобларига ёлғон ҳадисларни қўшарди. Уни Басра амири Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Алини даврида қатл қилишга олиб келишди. Ўлим жазоси тайинланишини сезган, Абдулкарим ибн Абу ал-Ивжо “Аллоҳга қасамки тўрт минг ёлғон ҳадисни тўқидим. Ҳалолни ҳаромга, ҳаромни ҳалолга чиқардим. Рўзаларингизни буздим, рўзасиз кунлар рўза туттирдим” деди.[4] Ҳаммод ибн Зайёд: “Зиндиқлар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам номларидан, ўн тўрт минг ёлғон ҳадис ривоят қилганлар” дейди.[5] Зиндиқлар оқими ақоид, фиқҳ, ахлоқ бобларида ҳам ҳадисларни сохталаштирдилар. Ибн Қутайба: “Ҳадис илмига уч томондан, зиндиқлар ва уларни Ислом оламига ёғдирган ёлғонлари, қабиҳ, номақбул сохта ҳадисларни тўқишлари, фасод ва сохтакорликни олиб келди. Юқорида зикр қилинган ҳадисга ўхшаб, арақул хайл[6], малоикалар зиёрати, қафасул заҳаб алал жамалил аврақ, зағбул садр[7], нурул зироайн каби сохта ҳадислар ҳадис уламоларига махфий эмасди” дейди.[8] Зиндиқлар оқими ҳадис билимдонлари орасида ихтилоф, ташбиҳ ва тажсимдан пок бўлган Ислом ақидасига шубҳа уйғотишни режалаб, сохта ҳадислар тўқирдилар.
(Давоми келгуси сонларда)
Таржимон: Фахриддин Худойназаров, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий - ходими
_________________________
[1] Ибн Ҳиббон: “Мажруҳийна минал муҳаддисийн” китоби 1-жилд120-бет.
[2] Юқоридаги манба 1-жилд 120-бет. Ибн Жавзий “Мавзўь ҳадислар” китоби 1-жилд 8-боб.
[3] Ибн Адий : “Ал-Комил” китоби 1-жилд 110-бет. Ибн Жавзий : “Мавзўь ҳадислар” китоби 1-жилд 4-бет.Ибн Адийни санади билан,лекин “тўрт юз” ўрнига “юз ҳадис” деб зикр қилган.
[4] Ибн Жавзий : «Мавзўь ҳадислар» китоби 1-жилд 4-бет. Саховий: «Фатҳул муғис» китоби 128-бет.
[5] Ибн Жавзий: “Мавзўь ҳадислар” китоби 1-жилд 4-бет.Саховий: “Фатҳул муғис” китоби 128-бет.
[6]“Арақул хайл” иборасидан қуйидаги мавзўь ҳадисга ишора қилинаяпти. “Аллоҳ таьоло ўзини яратишни хохлаган замонда, отни дунёга келтирди. Отни чоптирди.От терлаб қолди.Шу тердан ўзини нафсини яратди” Суютий: “Лаолий маснуна” китоби 1-жилд 3-бет.
[7] “Зағбус садр” иборасидан қуйидаги мавзўь ҳадисга ишора қилинаяпти. “Аллоҳ таьоло малоикаларни кўкрак ва қўлтиқ тукидан ё нуридан яратди” Ибн Қутайба: “Таьвилу мухталафул ҳадис” китоби 8-бет 1-ҳошия.
[8] Ибн Қутайба: “Таьвилу мухталафул ҳадис” китоби 355-356 - бетлар.
Izoh qoldirish