Нафснинг моҳияти
20-ФАСЛ
Нафснинг иши ва моҳияти инсонларга номаълум бўлиб қолди. Борлигига келишиб олганликларига қарамасдан, борлиги аниқ бўлган экан, унда моҳиятини билмаслигимизнинг зарари йўқ. Ўлгандан кейин эса нима бўлишлигини билиш яна ҳам мушкулроқ бўлади. Бу борада энг тўғри фикр шулки, ўлгандан кейин ҳам нафс бўлади ва у роҳатда ёки азобда бўлади.
Аҳмад Ибн Ҳанбал айтганлар: “Мўминларнинг руҳлари жаннатда бўлади, кофирларнинг руҳлари дўзахда”. (Шаҳидлар тўғрисидаги ҳадис).
Ибни Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилибдилар: “У киши бир куни шундай марҳамат қилдилар: “Биродарларингга ўлим етганда, улар жаннатдаги кўк қушнинг ичида бўладилар, у ердаги сувлардан ичиб, мевалардан еб юришади. Фирдавс соясида омийн қандилларда яшашади”. Баъзи бир нодонлар неъмат тўғрисидаги ҳадисларни зоҳирига буриб: “Ўликлар қабрларида ейишади ва уйланишади”, дейдилар.
Тўғрироғи, нафс (руҳ) ўлгандан кейин неъматга ёки азобга етишади ва бу нарса токи қиёматга қадар давом этади. Қиёмат бўлганда жасад орқали неъматга эришиш учун яна жасадга қайтади. Пайғамбаримизнинг “жаннатдаги кўк қушлар жиғилдонида”, деганларида руҳлар воситасиз лаззатга эриша олмаслигини билдиради. Аммо бу лаззат ейиш ва ичиш тўгрисидадир. Илм ва маърифатга эришиши ҳам бевосита бўлади, десак жоиздир. Буларни айтишдан мақсадим шулки, мен баъзи бир ўлим даҳшатларини, нафс шу вақтда йўқ бўлиб кетаманми, деган андишага борганини ўз кўзим билан кўрдим ва нафсга қараб шундай дедим: “Маълумки, шариат сенга бу ҳақда кўрсатма берган, агар шариатни тасдиқ қиладиган бўлсанг, инкорга на ҳожат? Шариат берган хабарларга шубҳа қиладиган унинг тўғри эканлигига ҳужжат-далил етарли. “Нафс шундай деди: “Мен ҳеч қандай шубҳа қилмайман”. Дедим: “Унда иймонингни тўғирлашга ҳаракат қил, тақвони амалга қўй, ўлим келиши билан роҳатга эришадиган бўлсанг, хурсанд бўлавер. Мен сенга амалга қосирлик қилишингдан бўлак нарсадан қўрқмайман. Билиб қўй: неъматларнинг кўпайиши фазилатларнинг кўпайишига боғлиқ. Сен қўш қанотларинг билан фазилатларнинг энг юксак бурчларига кўтарилгин, лекин ҳою ҳавас тўридан, алданиш тузоғидан ҳазар қил! Аллоҳ сени муваффақ қилсин.
"Абдураҳмон ибн Жавзий фалсафаси"
Арабчадан Аббосхон Абдуллаев таржимаси
Izoh qoldirish