ҚИССАХОНЛАР ОҚИМИ
“Ҳадис илмига тўқима ҳадисларни кириб келиши” китоби
(Давоми)
Қиссахонлар оқими ҳадисларни сохталаштиришда ўзларининг улушларини қўшдилар. Исломнинг аввалги замонларидан буён масжидларда кишиларга қиссаларни ҳикоя қилиб бериш одати бор эди.[1] Асосан илмсиз оммадан иборат бўлган эшитувчиларга шавқ ва завқни кучайтиришга қаратилган ёлғон қиссалар, бу ишга туртки бўлди. Илмли кишилар Қуръон, ҳадис ва луғат илми билан машғул эдилар. Қиссахонлик сабаб, бесавод шайхлар масжидларда илмий ҳалқалар ташкил этардилар. Ибн Қутайба китобларида қуйидаги ҳикояни келтирганлар. “Қиссахонлар Исломни аввалида оммани қиссаларга қаратардилар. Мункар, ғариб, ёлғон ҳадислар билан қиссаларини безардилар. Қиссалар ақл эгаларига ажабланарли ёинки қалбларни маҳзун қилувчи, кўзга ёш келтирувчи даражада бўлгани учун авом кишилар ўтириб эшитишар эди. Жаннатни эслатувчи қисса бўлса, унда Аллоҳ таоло жаннат эгаларига етмишта оқ марвариддан тайёрланган қасрлар, ҳар бир қасрда етмиш минг гумбаз, ҳар бир гумбазда етмиш минг казо, казоларни... яратиб қўйган бўларди. Гўёки сонларнинг адади етмиштадан ортиқ ё кам бўлмаслиги лозим эди”[2] Уламолар ёлғон ва ҳаво эгаси бўлган қиссахонлардан Ислом умматини огоҳлантиришар эдилар.
Осим айтади: “Ёшлигимизда Абдураҳмон Салмийни (ваф.тахминан 73/693) олдиларига борардик. “Абу ал-Аҳвасдан бошқа, қиссахонлар олдига борманглар, айниқса Шақиқни олдига борманглар” деб таъкидларди. “Шақиқ хаворижийлар эътиқодида, Абу Воил у эътиқодда эмас” деб огоҳлантиришар эди.[3] Ислом уламолари ёлғончи қиссахонларга қаттиқ қаршилик кўрсатардилар. Оммани олдида уларнинг ёлғонларини фош этардилар. Аъмаш (ваф. 148/765) Басра масжидига кирди. Қиссахон “Аъмаш Абу Исҳоқдан ва Абу Воилдан ривоят қиладилар” деб ёлғон қиссасини оммага айта бошлади. Аъмаш ҳалқани ўртасига ўтириб олиб, қўлтиқ тукларини юла бошлади. Қиссахон Аъмашга “ Уялмайсанми? Биз илм мажлисида ўтирсагу, сен бу ишни қилсанг?” деди. Аъмаш “Мен машғул бўлаётган иш, сенинг ишингдан афзалдир” деди. Қиссахон “Нима сабабдан?” деди. Аъмаш “Чунки мен суннатдаман, сен ёлғончилик билан умрингни ўтказяпсан ва мен Аъмашман сенга, сен айтаётган ёлғон ҳадисни ривоят қилмаганман” дедилар.[4] Лекин умматнинг бошқа уламолари ҳақни эълон қилиш ва ёлғончиларни фош қилишда, бу қадар шиддатли курашмасдилар. Язид ибн Ҳорун (ваф.206/822) Абу Саид ал-Мадоинни мажлисида иштирок этардилар. Абу Саид ал-Мадоин қиссаларни чиройли оҳангда ўқирди. Ҳадисларга ёлғон сохта ҳадислар тўқирди. Язид ибн Ҳорун таъсирланиб кўз ёш тўкардилар. Ёнларидаги кишиларга “Вайл бўлсин! Ёлғон ҳадис ривоят қилаяпти” дейиш билан кифояланарди. Одамлар: “Бу кишини ёлғон ҳадис сўзлаётганини билиб туруб, уни олдида йиғлаб ўтирасизми? дердилар.[5] Шу билан бирга Язид ибн Ҳорун қиссахонларни ёмон кўрарди. Уларнинг ёлғон ҳадисларини одамлар орасида фош қиларди.
Бир куни қиссахон одамлардан бир нарса сўради. Одамлар унга ҳеч нарса бермадилар. Шунда қиссахон: “Бизларга Язид ибн Ҳорун Шурайк ибн Муғийрадан, у киши Иброҳимдан ривоят қиладики: “Соил уч марта сўрасаю, унга бирон нарса беришмаса, уч марта такбир айтилади” деб уларга такбир айта бошлади. Язид ибн Ҳорундан бу ҳадис ҳақида сўрашганда: “Ёлғон ривоят қилибди. Мен бу ҳадисни ҳеч қачон эшитмаганман” деб жавоб бердилар.[6] Қиссахонлардан бири Язид ибн Ҳорун олдида Язид ибн Ҳорун ривоят қилмаган ҳадисни айтишликка журъат этди. Қиссахон : “Бизга Язид ибн Ҳорун Зеб ибн Абу Зебдан ривоят қилади” деб сўз бошлади. Шу замон Язид ибн Ҳорун кула бошладилар. Одамлар мажлисдан туриб қиссахонга бориб, “Сенга вой бўлсин! Ровийни исми Зеб эмас, Муҳаммад ибн Абдураҳмондир” дедилар. Язид ибн Ҳорун: “Отасини исми Абу Зеб бўлгандан кейин ўғлини исми Зеб бўладида”[7] деб ёлғонини фош қилдилар. Қиссахонларни ёлғонлари фош бўлиб, сирлари ошкор бўлган вақтда, манманликлари сабаб оммадан уялмасдилар. Баъзилари масхара қилишлик ва менсимаслик билан қарши олардилар. “Расофа” масжидида бир қиссахон Аҳмад ибн Ҳанбал ва Яҳё ибн Маиндан шу улуғ зотларни олдида, йигирма варақдан иборат ҳадисни ривоят қилди. Йиғилганлардан тушган молларни жамлаб олганидан кейин, Яҳё ибн Маин қиссахонни олдиларига чақирдилар. Бу икки зотлар ўзларини таништириб, ҳадисни ёлғон ривоят қилганини айтдилар. У “Яҳё ибн Маинни аҳмоқ деб эшитардим, ҳозиргина бунинг шоҳиди бўлиб турибман. Дунёда сизлардан бўлак Аҳмад ибн Ҳанбал ва Яҳё ибн Маин йўқми? Ўн еттита Аҳмад ибн Ҳанбалдан кўплаб ривоятлар қилганман” деди. Кейин булардан юз ўгириб кетди.[8]
Ибн Ҳиббон айтадиларки: “Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Яҳё ибн Маиндек уламолар олдида қиссахонлар ёлғон ҳадислар тўқиб, шу қадар беҳурматлик кўрсатишган бўлсалар, масжидларда оммани олдида, янада кўпроқ ёлғон ҳадислар тўқишда жасорат кўрсатишарди”.[9]
Ибн Ҳиббон Раққа ва Ҳаррон ўртасида жойлашган Божравон шаҳрида иснодида Абу Халифани келтириб ривоят қилаётган бир қиссахонни кўрди. Ундан “Абу Халифани кўрганмисан?” деб сўради. У “Йўқ, кўрмаганман” деди. “Сен Абу Халифани кўрмай, қандай ҳадис ривоят қиласан?” дедилар. Қиссахон: “Биз билан мунозара қилишни фойдаси йўқ. Мен фақат шу бир иснодни ёддан биламан. Қачон бир ҳадисни эшитсам, шу санадни қўшиб ривоят қилавераман” деди.[10]
Ислом уламолари ёлғончи қиссахонларни макрларини ва уларнинг бесаводлигини очиқлаб, беришлари билан ҳам, уларнинг таъсири омма ичида катта эди. Ҳатто, баъзида улар уламолардан устун келардилар. Яҳё ибн Маин айтадиларки:“Карх шаҳрига Асад ибн Зайд ал-Кўфийни олдига бордим. У киши этикдўзлар дўконида эди. Мункар ҳадисларни ривоят қиларди. Мен унга “Эй ёлғончи?” демоқчи бўлдим. Этикдўзларни асбобларни чархлаб, турганини кўриб мулойим бўлиб қолдим” дейди. [11] Омиларнинг саводсизлиги ва қиссахонларни ҳимоя қилиши, қиссахонларга ёлғон ҳадис тўқишларига кенг йўл очиб берарди.
(Давоми келгуси сонларда)
Таржимон: Фахриддин Худойназаров- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
___________________________________
[1]Тамим Дорамий Умар ибн Хаттобдан одамларга қисса ўқиб бериш учун изн сўради. Изн бермадилар. Амр ибн Зарора Кўфа масжидида Абдуллоҳ ибн Масьуд ҳаёт вақтида қиссахонлик қиларди. Абдуллоҳ унга эьтироз билдирдилар.(Суютий: “Таҳзирул хавос” китоби 59, 60,61-бетлар.) Абдуллоҳ ибн Умар “Қиссахонлик Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам, Абу Бакр, Умар, Усмон разияллоҳу анҳу замонларида ҳам бўлмаган. Усмон разияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан сўнг, пайдо бўлган” дейди. Хатиб: “Таьрихул Бағдод” китоби 1,2.3 ва Абу Нуайм : “Таьрихул Исфаҳон” китоби 1-жилд 136-бет.
[2]Ибн Қутайба: “Таьвилу мухталафул ҳадис” китоби 355-357-бетлар.
[3]Муслим: “Муқаддиматул ас-Саҳиҳ” китоби 1-жилд 20-бет.
[4]Суютий: “Таҳзирул хавос” китоби 49-бет.
[5]Ибн Ҳиббон: “Мажруҳийна минал муҳаддисийн” китоби 2-жилд 29-боб.
[6]Ибн Ҳиббон: “Мажруҳийна минал муҳаддисийн” китоби 2-жилд 29-боб.
[7]Ибн Ҳиббон:“Мажруҳийна минал муҳаддисийн” китоби 2-жилд 29-боб.
[8]Ибн Ҳиббон: “Мажруҳийна минал муҳаддисийн” китоби 2-жилд 28-29-боб.
[9]Ибн Ҳиббон:«Ал-Мажруҳийна минал муҳаддисийн» китоби 2-жилд 30-боб.
[10]Ибн Ҳиббон: «Ал-Мажруҳийна минал муҳаддисийн» китоби 3-жилд 29-бет.
[11]Суютий: «Таҳзирул хавос» китоби 49-50-бетлар. Ал-Хатиб: «Таьрихул Бағдод «китоби 7-жилд 48-бет. Лекин Ал-Хатиб: «Усайд ибн Зайд» деб зикр қилади.
Izoh qoldirish