МАСЪУЛИЯТ ВА ИТОАТ ОРАСИДА
21-ФАСЛ
Бир куни мажлис (суҳбат)га шундай дедим: “Менга юклатилган нарса тоққа ортилса, ожиз келарди”. Уйимга қайтиб келганимда савол туғила бошлади: Буни қандай айтдинг? Одамлар бунинг бир дарди бор экан, деб ўйлашади. Ҳолбуки ўзинг ҳам, оиланг ҳам соғлом-саломат! Сендаги масъулият бошқаларда йўқми? Бу шикоятнинг сабаби нима?
Жавоб бердим: “Юклатилган масъулиятдан ожиз келганим йўқ ва бу жумлани (гапни) шикоят учун ҳам айтганим йўқ. Лекин масъулиятни сезиб айтдим.
Мендан олдин қанчадан қанча саҳоба ва тобеинлар: “Қани эди яратилмаган бўлганимизда?” дея армон қилишган. Бу-масъулиятни сезишдан ўзга нарса эмасди. Бундан ташқари, кимда ким масъулият енгил деб ўйласа, у одам масъулият нима эканлигини ҳали билмабди.
Биласизми, баъзилар масъулият бу аъзоларни сув билан ҳўллаш ёки меҳробда туриб икки ракаат намоз ўқиш”, деб ўйлашади. Ҳечам-да! Бу жуда осон-ку.
Билинг: масъулиятдан тоғлар ҳам ожиз келади. Жумладан: мен тақдир ақл етмаётган ҳолда кетаётганини кўрсам, ақлимни тақдирга тан беришга ундадим. Ана шунда масъулиятнинг оғирлигини сездим. Хусусан, ақл маъно ва моҳиятга ета олмайдиган нарсаларда. Масалан: ёш боланинг ақиқаси (тўйи) деб жониворни сўямиз. Шунинг билан биргаликда бу нарсани буюрувчи меҳрибонларнинг энг меҳрибони деб эътиқод қиламиз. Ана, ақлни ҳайратга соладиган нарса! Бунга ақлнинг қаршиликсиз тан беришдан ўзга иложи йўқ! Бадан (жисм)нинг жавобгарлиги қаерда-ю, ақлники қаерда?!
Агар буни шарҳламоқчи бўлсам, гап чўзилиб кетади. Мени маъзур тутгайсиз, мен ўзим ҳақимда айта оламан, бошқаларнинг ҳоли қизиқтирмайди. Ёшлигимда илмга қизиқдим ва илм билан машғул бўлдим. Биттамас, барча фанларга қизиқардим. Ҳимматим бир фанни иккинчисидан устун қўйса-да, фанларни таг-тагигача ўрганмоққа бел боғладим. Замон бу нарсани сиғдирмас, умр қисқа, шавқ кучли ва ожизлик намоён бўлар эди. Баъзи мақсадга эриша олмаслик надомат, ҳасрат бўлиб қолаверди. Кейин илм менга маъбуд (Аллоҳ)ни танитди, хизматига ундади. Аллоҳга қарши бўлган далилларнинг барчаси менга Аллоҳни кўрсатди. Мен Аллоҳни неъматида кўрдим, сифатлари билан танидим. Аллоҳнинг лутфу карамини кўз ўнгимга келтирдим. Бу нарса мени унинг муҳаббатига чорлади. Унинг хизматига ҳоли бўлишликка ундади. Уни эслаганимда бу нарса вужудимни қамраб оларди. У билан хилватда бўлиш-барча ширинликлардан ширин бўлиб қолди.
Мен ишларимдан кечиб хилватга кирмоқчи бўлганимда илм менга қараб: “Қаёққа боряпсан? Мен сенинг Аллоҳни билишингга сабаб бўлдим-у, мендан юз ўгирасанми?” дерди. Мен унга: “Сен далил эдинг, маъшуққа эришгандан сўнг далилга (далолатчига) ҳожат қолмайди”, дедим. У шундай деди: “Ҳечам-да! Илминг қанча ортса, маҳбубинга билиминг зиёда бўлиб боради, яқин бўлиш сирларини ўрганасан. Бунга асос шулки, эртанинг кунига бугун камчиликда эканини кўрасан, биласан. Аллоҳ таоло Пайғамбарига айтган гап сенинг қулоғингга кирмайдими?”. “Худоё, менинг илмимни зиёда қилдинг” деди. Бунинг устига сен унга яқин бўлмоқчимисан? Бандаларни унга чақириш билан машғул бўл, бу-Пайғамбарларнинг ҳоллари, билмайсанмики, улар хилватда ибодат қилмоқдан кўра таълим беришни афзал кўрдилар. Чунки маҳбубларининг ихтиёри шу эди”, деди.
Пайғамбаримиз ҳазрати Алига: “Аллоҳ сен сабабли бир кишини тўғри йўлга солиши, дунёнинг барча неъматларидан устун туради” демадиларми? Деди. Бу гапларни эшитиб, ҳушим бошимдан учай деди. Одамларни атрофимга йиға бошлаганимда, бу ғам тарқалгандай бўлди. Уларга энди фойдам тега бошлаганда ўзим қариб қолдим. Натижада қайси бир оёғимга оғиримни солиб ташлашимни билмай иккиланиб қолдим. Ҳайратдан қотиб қолганимда илм яна менга бақириб берди: “Тур ўрнингдан, ўзингдан кейин Аллоҳни эслайдиган солиҳ фарзандлар келтир!” Мана шу мақсадга киришганимда дунё кўкраги (эмчаги) соғиш вақти тортилган (ўтган), менга эса ҳаёт эшиги ёпилганди. Чунки илм санъати мени машғул қилиб қўйган эди. (Бу ерда санъат маҳсул ва мева маъносида).
Ана шунда дунё аҳлига боқдим, кўрсам, улар дунё матосини харидорнинг динини муқобилидан бўлак нарсага сотишмас. Улардан мунофиқлик ёки рўё йўли билангина бирор нарсага эришиш мумкин. Балки, динни сарфлаб ҳам мақсад ҳосил бўлмаслиги мумкин эди. Агар маломат қоч деса, шариат: “Инсон ўзига овқат бериб турган кишига итоатсизлик қилиш катта гуноҳ” эканини уқтиради. Ният: “Танҳо бўл” деса, шариат: “Ўзингни парвариш қиладиган кишидан қочасанми?” деярди.
Ниҳоят, дунёни камайтира бошладим. Ҳолбуки, неъматида ўсиб, сутидан озуқа олиб, мижозим дунё юмшоқликларига одатан ўрганиб қолган экан. Энди кийимимни ўзгартирдим, овқатимни камайтирдим. Чунки бу оддий овқат кўп ейишни табиат кўтармайди. Касаллик кела бошлади, вазифалар тўхтаб қолди. Офатларга дуч келиб қолдим. Маълумки, бир хил ширин-шакар овқатлардан юмшаган луқма бирдан дағалига ўтиши бу ҳалокарта олиб келади. Шундай дедим: “Нима қилсам экан? Қандай қилсам экан? Хилватларга ўтираман аҳволимнинг ёмонлашаётганидан йиғлардим. Олимларнинг ҳолини кўз ўнгимга келтирсам, жисмим илм ибодатидан заиф зоҳидлар ҳолатини эсласам, баданимнинг тақвога қуввати етмайди. Ошиқларнинг ҳолига қиёсласам, халқ билан аралашиб қолганман. Паришонҳол ишқ маҳбубларининг сурати нафсимга нақш боғлаган. Хуллас, қалбим ойнаси занглаган. Муҳаббат дарахти фикр чархпалагидан хилват суви билан суғорилган покиза тупроққа муҳтож. Касб қилай десам, тоқатим йўқ. Дунёдорларнинг олдига чиқай десам, шу билан биргаликда хорликка тоқат қила олмаётган табиатим ва диёнатим мени тўсади. Бу иккаласи билан дунёдорга майл қилишга асар ҳам йўқ. Халққа аралашиш эса нафсни нафаслар билан қисиб қўяди! Тавбани амалга қўя олмаса илм, амал, муҳаббатдан ўзимга лойиғига эриша олмасам, аҳволим шоирнинг байтига ўхшаб кетади:
Иккала қўлини орқасига боғлаб,
Қудуққа ташлади-да, унга қараб:
“Эҳтиёт бўл, ҳўл бўлиб қолма тағин”, деди.
Ишимга ҳайронман, ҳолимга йиғладим, хилват саҳросида. Баъзи авомдан эшитганимни айтиб, бақирдим: “Гўё менинг ҳолимни сифатлаган эди:
Қанча муроса қилмай, ипсиз, тушовсиз сенга боғланиб қолдим,
Ишқ йўлида ҳийла кор қилмас, чора тадбир ҳайф кетмоқда,
Қанотимни боғладинг (қайирдинг)-да, яна уч дейсан.
"Абдураҳмон ибн Жавзий фалсафаси"
Арабчадан Аббосхон Абдуллаев таржимаси
Izoh qoldirish