26.08.2021

Ватан муқаддас даргоҳ.

   Азиз ва муқаддас ватанимиз истиқлол неъматини қўлга киритгандан сўнг барча соҳалар қаторида биз мусулмонлар  ҳам миллий ва диний урф одатларимизни эркин ва озод амал қилиш бахтига мушарраф бўлдик. Масжид ва мадрасаларнинг очилиши, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари кунини дам олиш куни деб эълон қилиниши, муборак Ҳаж ва Умра ибодатларини осонлик билан адо этишимиз шулар жумласидандир. Барча ислоҳотлар қаторида ислом таълимоти моҳиятини эътиборга олиб жаноб Президентимиз ташаббуслари билан Тошкентда Ислом Цивилизация маркази Бухорода Баҳоуддини Нақшбанд (қуддиса сирруҳу) ёнларида Тасаввуф илми, Самарқандда Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) ёнларида  “Ҳадис илми” ва Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот” маркази очилиши, Бухорои шарифда “Мир араб” олий таълимгоҳига ижозат берилиши,  Қашқадарёда Абу Муин Насафий (раҳимаҳуллоҳ) ёнларида эътиқод ими, Фарғонада Бурҳониддин Марғиноний (алайҳи раҳмаҳ) наздларида фиқҳ илми, Сурхондарёда Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (раҳимаҳуллоҳ) мажмуаларини обод қилиб,  Термизда мадраса ва “Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази” очилишини йўлга қўйилиши, шунингдек муҳтарам ҳожиларимизнинг сафлари икки мингнафарга ортиб ададлари етти мингдан зиёд бўлиши таҳсинга сазовордир.

    Аллоҳ таоло “Агар менинг берган неъматларимга шукр қилсаларинг албатта уни сизларга зиёд қиламан" (Иброҳим 7 оят) деб мужда берган Қуръони Каримда. Бошқа бир оятда “Агар Аллоҳнинг  неъматларини санасангизиз, ҳеч қачон саноғига ета олмайсизлар” (Иброҳим 34 оят)деб марҳамат қилинган. Аллоҳ таоло кимга кўп неъмат берган бўлса, шунча кўп шукр айтмоқни ҳам талаб килар экан. Аммо биз Ўзбекистон халқи саноғига етиб бўлмайдиган  неъматларнинг замонида яшаб турганимиз учун неъматларнинг шукрини адо қилолмаслигимиздан Аллоҳ таолога узр айтиб ожизлигимизни билдиришимиздан бошқа иложимиз йўқ. Зеро бошимиздаги оқилу одил роҳбарлар, нозу неъматларнинг тўкин сочинлиги,  танимизнинг сиҳатлиги, йўлларимизнинг равонлиги,  мамлакатимздаги тўрт фаслнинг ўз вақтида келиши хусусан диёримизнинг тинчлигию осудалигини  Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ неъматлардан деб билиб, шундай азиз ватанга яшашимизга шукр қилиб қадрига етишимиз шарт ва лозимдир. 

      Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 80 чи оятида кўп неъматлар қаторида бандаларни уй жойлар билан таъминланганини ҳам улуғ неъматлардан эканлиги ва унга шукр айтмоғимиз лозимлгини эслатиб бундай марҳамат қилган. “Ва Аллоҳ сизларга (иссиқ-совуқдан сақлнишингиз, зарарли нарса ва жонварлардан саломат қолишинги учун) уйларингизни сукунат (оромгоҳ) қилди...” . Аммо мазкур суранинг 113 оятида тинч ва сулҳу амонликда яшаган шаҳар (Макка) аҳли ношукрлик қилганлари учун уларни хавф (қўрқинч) ва очлик билан жазолангани ҳақида ҳам хабар берилган. 

Биз бандалар ҳожатимиз учун бир киши бир нарса берса унга минг таъзим қиламиз. Аммо бизга беминнат берган тинчлик, фаровонлик, мислсиз нозу неъматлар, уй-жой, ватан, аҳлу-аёл, фарзанддек улуғ нематларни ато этган Зотни унутамиз фармонига итоат этмай, молу мулкларимизни исроф ва азиз умримизни беҳудага сарф қиламиз, дориломон кунларни қадрига етмаймиз ва ҳатто нон тузини еб мусаффо ҳавосидан нафас олиб вояга етган азиз ватанимизга ҳиёнат қиламизки, бу айни хато ва ношукрликдир.

   Ношукурчилик бор жойдан меҳру-оқибат, имон-эътиқод, диёнат қочади. Буни ҳар бир мусулмон тўғри англаши ва шунга кўра ўзини чин мусулмон кишисидек тутиши керак. Ҳар бир қарич ер, тупроқ биз учун қанчалар азиз. У бизнинг ватанимиз, у бизнинг оиламиз, унга киндик қонимиз тўкилган. Шундай муқаддас заминимиз борлигидан шукроналар айтсак арзийди. Бу тупроқни ёт унсурлардан асраб-авайлаш, ҳимоялаш ўзини «Алҳамдулиллаҳ, мусулмонман» деган ҳар бир инсоннинг шарафли вазифасидир.

  Юрт тинч бўлса, оиламиз тинч, болаларимиз соғ-омон бўлади. Шунинг учун Ватан осойишталигига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик! Зеро, огоҳ ва ҳушёр бўлмоқ ҳар кимнинг виждони ва эл-юрт олдидаги муқаддас бурчидир. Бу хусусда Бузургмеҳр: “Кўп лазиз таомлар едим, ширин ва гуворо шарбатлар ичдим, гўзал ва ҳурлиқолар билан муонақа қилдим  лекин офиятдан кўра лазизроқни кўрмадим” деб эътироф этган экан.

Дарҳақиқат Ватан муқаддас даргоҳдир. Беҳуда шоир ва мутафаккирлар унинг шаънига достонлар     ёзмаганлар ва Ватан калимасини Она сўзи билан беҳуда изофа қилмаганлар.                                     

     Чунончи қўйидаги форсча байтда ҳам бу икки сўзнинг  улуғлиги яна бир карра ўз исботини топган.

Ду мувжуди  ҳасти  гиромитараст,

   Яке “Миҳан”у  дигараш  “Модар”аст.

Яъни: Улуғликга  сазовор  икки   нишона,

 Бири “Ватан” бўлса, биридир “Она”.     

    Шунинг учун ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган маконни жондан азизроқ севиши ва уни фисқу фасод ва офатлардан сақлаши ҳамда душмандан асраши учун ўзини сипар қилмоғи ҳам фарз ва ҳам қарздир. Бу ҳақда Фирдавсий “Шоҳнома”да бундай деган экан:

Ҳама сар ба сар тан ба куштан диҳем,

Азон беҳки кишвар ба душман диҳем.

  Яъни: “Ватанни душмнга бергандан кўра, барчамиз душман билан уришиб ҳалок бўлмоғимиз авлодир”.

          Ҳақиқатдан ҳам неъматга шукр қилиб, берилган имкониятлардан фойдаланиб, илм, маърифатга кўшиш қилган ва  Ватанга садоқатда бўлган халқ ҳеч қачон кам бўлмайди ва душмандан енгилмайди. Зеро Ватан ва миллат қайғуси томон қадам ташлаб, шахсий манфаатларидан воз кечиб камолот сари ҳаракат қилган кишигина бошқаларни ўз ғоялари томон эргаштира олиши мумкин.

         Бу хусусда дин ва сиёсат арбоби Алихонтўра Соғуний (раҳимаҳуллоҳ)ни “Туркистон қайғуси” асарларида куйиниб ёзиб қолдирган сўзларини келтирмоқн муносиб деб билдик. “Қайси бир миллат она тили ўз ҳожатини ўтолмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламаёқ, инсоний ҳуқуқларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина ватанларида эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзасидан юқолишига мажбур бўладилар”. Ва яна: “Онги очилмаган, билимсиз миллат ўз душманлари олдида кушхонага ҳайдалмоқда бўлган бир тўп ҳайвондан ҳеж қандай айирмаси йўқдир. Инсоннинг ўзига энг ҳалокатлик душмани онгсизлик, илмсизликдир”. Байт:

Соғуний бағринг эзилди бу Ватаннинг дардида,

Ким билур бу дардима дармон топилар бормикан. 

Ватан она каби муқддас бўлгани учун унинг шаъни ва мақтовига муносиб сўз топиб поёнига етишликдан ожиз қолганимиз учун  Шайх Саъдий  Шерозий (раҳматуллоҳи алайҳ) нинг муборак тилларидан қўйидаги Подшоҳ ва Ватан ҳақида қилган дуолари билан кифояланишдан бошқа чора топмадик.                                            

Иқлими порсро ғам аз осеби даҳр нест,

То бар сараш бувад чун ту эй сояи Худо.

Яъни: Ушбу мамлакатнинг бошига Аллоҳнинг ердаги сояси бўлган Сиздек подшоҳ бор экан, замонанинг заҳмат ва зиёни ҳеч қачон бу халққа етмайди (Иншоаллоҳ).      

 Имрўз кас нишон надиҳад дар басити хок,

Монанди остони дарат маъмани ризо.

    Яъни: Бугун ер юзида сизнинг халқингиздек (ҳаётидан) ризо халқни ҳеч ким кўрсата олмайди. 

Бар туст поси хотири бечорагону - шукр,

Бар мову бар Худои жаҳон офарин жазо.

Яъни: Эй, шоҳ, сизга бева- бечораю, етимларнинг ҳақи вожиб бўлса, биз фуқароларга шукр қилмоқ, Аллоҳ таолога эса қилган хизматларимизга яраша жазо( мукофот) бермоқдир.

 Ё,  Раб, зи боди фитна нигаҳ дор хоки Порс,(мо)

Чандонки хокро буду бодро бақо.

Яъни: Эй, Парвардигор, бизнинг бу азиз ватанимизни то тупроқ ва бод (шамол) борича (яъни қиёматгача) фитнаю фасоддан ўз паноҳингда асрагин. Омин.

     Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизни яқинлашиб келаётган  мамлакатимизнинг 30 йиллик Истиқлол байрами  муносабати билан табрик ва муборакбод этаман ва яратган Парвардигоримиз сиз азизлар билан доим мана шундай хайрли ва хурсандчилик кунларда баҳам бўлишимизни  насибу рўзи айласин. ОМИН. Ва шоир тилидан айтамизки,                             

 Навқирон йигитдек кучларга тўлдинг,

Тиллодан аълодур   зарра  тўпроғинг.

Байроғинг бунданда баландроқ бўлсин,

Ўттиз йиллик ёшинг  муборак бўлсин.

 

    Сурхондарё вилояти Сариосиё туман

 Шарғун шаҳарчаси «Хожа Алоуддин Аттор”

 жомеъ    масжиди  имом хатиби ФАЗЛИДДИН Кароматуллоҳ

   

 

Izoh qoldirish