МУАЗЗАМ ДИЁРДА АЖДОДЛАРГА МУНОСИБ ВОРИСЛАР ТАРБИЯ ТОПМОҚДА
Ҳар бир давлатнинг ўз тараққиёти йўлида ютуқ ва улкан имкониятлари бўлади. Юртнинг тинчлиги, фаровонлиги ва ривожланиши шу юрт аҳлининг залворли меҳнати ҳамда уларнинг холис нияти эвазига ҳосил бўладиган буюк неъмат ҳисобланади. Ҳар бир соҳада тараққиёт ва юксалиш бўлиб, иқтисодий соҳадаги ўзгаришлар моддий юксалиш деб айтилса, инсон маънавияти ва маърифатининг юксалиши маънавий тараққиёт бўлади.
Бугун юртимизда иқтисодий ислоҳотлар кенг ва барқарор ривожланаётганидек, маънавий-маърифий ислоҳотлар - ўзликни англаш, миллий ва диний қадриятларимизнинг юксалиши ҳам мустақилликнинг буюк маърифий неъматлари сифатида ривожланмоқда.
Юртимиздан чиққан алломаларнинг илм маърифат чўққиларини забт этиш тарихига назар солсак, минг йиллардан буён дунё илм-фани тамаддунининг асосчилари сифатида жаҳон халқлари томонидан эътироф этилиб келинаётганлигини кўрамиз. Фикримизга ойдинлик киритиш мақсадида бир қанча халқаро экспертлар фикрини келтириб ўтишимиз мумкин.
Масалан, БМТнинг VIII бош котиби Пан Ги Мун “Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ислоҳатларни юқори баҳолайман. Ўзбекистон заминидан кўплаб буюк алломаларнинг етишиб чиққанлиги унинг ўтмишини буюклигидан ёрқин далолатдир”-деб таърифлаган бўлса, Буюк Британиянинг лордлар палатаси аъзоси Шайх Муҳаммад Илтаф “Дунё илм-фан цивилизацияси тараққиётида ўзбекистонлик олимларнинг буюк хизматлари бор. Мусо ал-Хоразмийсиз математикани, Абу Али ибн Синосиз тиббиётни, Имом Мотурудийсиз ақида илмини, Имом Бухорий ва Имом Термизийларсиз ҳадис илмини тасаввур этиб бўлмайди”- дея юксак эътироф этганди.
Бу эътирофлар дунё илм-фани асосига катта ҳисса қўшган, улуғ аждодларимизнинг маънавий меросига берилган баҳодир.
Дунё илм-фан тараққиётига буюк ҳисса қўшиб, дунёвий фанларнинг тамал тошига асос солган олимлар рўйхати келтирилар экан, улар орасида Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби алломаларимизнинг борлиги билан бутун дунё мусулмонлари фахрланади. Бу улуғ зотлар билан биз юртимиздан етишиб чиққан аждодларимиз сифатида фахрлансак, дунё мусулмонлари эса, буюк кашфиётчи олимларнинг Ислом дунёсидан етишиб чиққанлиги билан фахрланадилар.
Буюк ва шонли тарихимизни ўрганиш, аждодларимиз маънавий меросини чуқур тадқиқ этиш ҳамда диний ва миллий қадриятларимизни тиклаш борасида юртимизда муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аждодларимиз меросини ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқот марказларининг фаолияти бу соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам муносиб кутиб олиниб, жаҳондаги турдош марказ ва илмий тадқиқот институтитлари билан фаол алоқага киришиб кетилди. Марказлар фаолиятида аждодларимиз меросини ўрганиш билан бирга, бугунги кундаги дин билан боғлиқ глобал муаммоларга ечим топиш, халқаро ҳамкорликда иш олиб бориш, хорижий олимлар билан ҳамкорликда ботил мафкураларга илмий асосланган раддиялар бериш ва буюк алломалар маънавий мероси бўлган қўлёзмаларни кенг тадқиқ этиш борасида аҳамиятга молик ишлар йўлга қўйилган. Шунингдек, марказлар қошида хорижий соҳа ходимларидан иборат профессор-олимлар ва соҳа мутахассисларини бирлаштирувчи платформа ташкил этилган бўлиб, бу платформада бухорийшунослар, мотуридийшунослар, термизийшунослар ва буюк аждодларимиз меросини тадқиқ этаётган хорижлик олимлар жалб этилган. Масалан, Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази директори Фарҳанг Низами юртимизда тадқиқот олиб борган олим сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолайди: “Мен Ўзбекистонда бўлган вақтимда у ерда ташкил этилган илмий марказлар фаолияти билан танишдим ва бу юртдан етишиб чиққан алломaлар ҳаёти ва меросини ўрганишга бевосита қаратилган мазкур тадқиқот муассасалари буюк аждодлари меросига хос ворислар етиштириб беришига ишонч ҳосил қилдим. Ўзбекистон - буюк мутафаккир ва мутакаллимлар, муҳаддису-муфассирларнинг маънавий хазинасини ўзида жамлаган диёрдир”- дейди.
Буюк Британиядаги Ислом маданияти маркази директори, доктор Ахмад Ал Дубаян эса: “Ўзбекистон ислом умматига буюк олимлар, минглаб мухаддислар, мутакаллим ва муфассирларни етиштириб берган замин. Бу юртдаги тадқиқот муассасалари билан хамкорлик қилиш биз учун шарафдир" - дея, марказлар томонидан халқаро алоқалар доирасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этади.
Халқаро алоқалар натижаси ўлароқ, бугун марказлар фондларига минглаб китоб-манбалар, каталоглар, китоб-альбом ва қўлёзмалар олиб келинмоқда. Узоқ йиллар ўз тадқиқотчисини кутиб ётган маънавият хазиналари қайта кашф этилмоқда. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, вилоятлардаги илмий мактаблар, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларини янгидан ташкил этилиши том маънода диний-маърифий соҳа учун янги имкониятлар эшигини очиб берди. Аждодларимизнинг маънавий меросини ўрганиш, уларни ўзбек тилига таржима ва изоҳларини тайёрлашда ҳам мазкур марказлар томонидан кўплаб илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан ҳадис илмига оид манбалар, хусусан Имом Бухорийнинг бой маънавий мероси ўрганилиб, таржима ва тадқиқ қилинмоқда.
Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказида таржима, китоб ва рисолалар тайёрлаш билан бирга, дунёдаги мотуридийшунос олимларнинг ягона мақсад йўлида бирлаштирилганлиги таҳсинга лойиқ.
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказида ҳам илмий тадқиқот ишлари жадал амалга оширилмоқда. Марказда бугунги кунгача илмий ходимлар томонидан Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг шоҳ асари бўлган “Сунани Термизий”нинг ўзбек тилидаги таржимаси мотуридий-ҳанафийлик йўналишидаги шарҳи тайёрланиб нашр этилди. Шунингдек, 2022-2023 йилларда буюк алломаларимизнинг 10 та асари изоҳли таржима қилиниб, халқимизга етказилиши режалаштирилган. Воҳа китобхонларига мос тарзда, халқчил ва ёшларнинг психологик жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда “Имом Термизий”, “Ҳаким Термизий”, “Хожа Алоуддин Аттор”, “Абу Бакр Варроқ Термизий”, “Бурҳониддин Термизий”, “Сўфи Оллоҳёр”, “Хожа Самандар Термизий”, “Розиюддин Чоғоний”, “Адиб Собир Термизий” ва “Абу Жаъфар Термизий” каби буюк аллома, аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган кичик ҳажмдаги рисолалар нашр этилиб, маҳаллий ва хорижий таълим ва тадқиқот муассасаларида тақдимотлари ўтказилди.
Мазкур илмий тадқиқот марказларида мунтазам равишда халқаро анжуман, семинар ва конференциялар ўтказилиб келинмоқда. Шунингдек, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан ҳам тизимли тадқиқот ишлари йўлга қўйилган.
Буюк алломалар ҳаёти ва илмий меросига оид долзарб мавзуларда кўплаб илмий ходимлар фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DS'с) диссертацияси ишларини ҳимояга олиб чиқиб, исломшунослик, ҳадисшунослик, Қуръоншунослик йўналишлари бўйича илмий даражага эришдилар.
Бугун марказ илмий ходимлари нафақат юртимизда, балки, Буюк Британия, Россия, Туркия, Малайзия каби давлатлардаги тадқиқот муассасаларида ҳам ўзларининг билим ва кўникмаларини оширишга муваффақ бўлмоқдалар.
Буюк аждодларимизнинг нодир маънавий мероси сабабли, тарихда “Ўзбекистон – илм-маърифат каъбаси” деб эътироф этилган диёрда бугун ҳам аждодларга хос ворислар тарбия топмоқда. Илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ўрганиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган олимлар, тадқиқотчилар мамлакатимиз томонидан ҳар доим муносиб тақдирланиб, уларнинг меҳнати доимо қадрланган.
Диний-маърифий соҳадаги ислоҳатларни шу йўналишда амалга оширилаётган нашр ишларида ҳам кўриш мумкин. Муқаддас динимиз арконларини ўзида ифода этган, юксак одоб ахлоқни тарғиб этувчи юз минглаб китоб-рисолалар ўтган йилларда нашр этиди. Халқимизнинг бир умрлик орзуси бўлган ҳаж ибодатида квоталарни оширилгани ёки умра ибодати учун умуман квотани олиб ташлангани ҳам юз минглаб халқимизни муқаддас ибодатларини эркин амалга оширишларини таъминламоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Олий даражали Имом Бухорий” ордени ҳамда “Имом Бухорий” орденининг таъсис этилиши нафақат халқимизни, балки хорижликларни ҳам юксак эътирофига сазовор бўлмоқда.
Мазкур орденлар билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг мукофотланиши илм-маърифатнинг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
Албатта, юртимиздаги илм аҳлига кўрсатилган бу юксак эътибор келажакда ўз самарасини бериб, учунчи ренессанснинг вужудга келишида асос бўлиб хизмат қилади. Зеро, биринчи ва иккинчи ренессанс даври ва унинг вужудга келиши ҳам илм-маърифат аҳлига кўрсатилган юксак эътибор ва эҳтиромнинг натижаси бўлгани тарихдан маълум.
Президентимизнинг Саудия Арабистонига қилган расмий ташрифи ва ташриф чоғида икки муборак масжидни зиёрат этиши ҳамда у киши томонидан янги таъсис этилган “Олий даражали Имом Бухорий” орденининг Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазизга тақдим этилгани бутун дунё мусулмонларининг юксак эътирофига сабаб бўлди.
Бугунги кунда миллий ва диний қадриятларимизни ўрганиш ва уларни ҳаётга тадбиқ этиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда. Шунингдек, аждодлар меросини ўрганиш билан бирга ёш авлодлар таълим-тарбиясига ҳам катта аҳамият қаратилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ёшларнинг илм-фан ва спорт соҳасидаги ютуқлари, хусусан, бокс, кураш ҳамда шахмат йўналишидаги ютуқлари ва халқаро фан олимпиадалардаги аъло даражадаги иштироклари бугун дунё аҳлини лол қолдирмоқда. Бу ютуқлар албатта, бугун жамиятимизда яратилган шароитлар ва уларга қаратилган катта эътибор натижасидир. Яқиндагина, Ҳиндистонда ёшларимизнинг шахмат йўналиши бўйича қўлга киритган ютуқлари ўзбекистонлик ёшларнинг ақл-заковат борасида ҳам дунёдаги тенгдошларидан устун эканликларини кўрсата олди. Шунингдек, Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган “V Ислом бирдамлиги ўйинлари” халқаро мусобақасида 54 давлат орасидан Ўзбекистон спортчилари умумжамоа ҳисобида 158 та медаль билан иккинчи ўринни эгаллагани ёшлар учун яратилган имкониятларнинг амалий самарасидир.
Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз шиори кенг тарғиб қилиниб, инсоннинг азизлиги ва унинг мукаррамлиги йўлида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Эркин ижод қилиш, касб ўрганиш, таълим олиш ва ўз салоҳиятини кўрсатишга катта эътибор қаратилган. Амалга оширилган ҳар бир илмий-ижодий меҳнат қадрланиб, муносиб тақдирланиши бугун ёшлар орасидан ноёб истеъдод эгаларини етишиб чиқишига омил бўлмоқда. Халқнинг фаровонлиги ва юртнинг тараққиёти кўп жиҳатдан унинг тинчлигига боғлиқ.
Хулоса ўрнида яқинда муҳтарам Президентимизнинг муборак умра сафарида қилган дуоларини келтириб ўтишимиз мақсадга мувофиқ: “Роббим халқимни тинч, юртимни фаровон ва ёшларимизни саодатли қилгин!”. Аллоҳ бу дуоларни мақбул этсин. Янги Ўзбекистонимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги зиёда, унда яшаётган элимиз доимо азиз ва мукаррам бўлсин! Истиқлолимизнинг маърифий неъматларига Яратгандан барака ва зиёдалик беришини сўраб қоламиз.
✍️ Шукурилло Умаров,
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот
маркази директори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси.
№ 175 (697), 2022 йил 27 август, шанба
Izoh qoldirish