БАЪЗИ “СОЛИҲ” КИШИЛАРНИ СОХТА ҲАДИСЛАР ТЎҚИШДАГИ ЎРНИ.
“Ҳадис илмига тўқима ҳадисларни кириб келиши” китоби
(Давоми)
Баъзи солиҳлар яхши амалларга даъват ва ёмон амаллардан қайтаришни, ният қилиб сохта ҳадисларни ўйлаб чиқарар, ваҳоланки саҳиҳ ҳадисларда панд ва насиҳат тингловчилар учун, ахлоқ ва солиҳ амалларга далолат қилувчи ҳадислар талайгина эди. Ҳаётда зоҳидларча умргузаронлик қилаётган Ғулом Халил бу борада машҳур бўлиб кетди. Бағдоднинг барча бозорлари у киши вафотида ёпиб қўйилганди.[1] Қуллар ҳақида кўплаб сохта ҳадислар ривоят қилган эди. У ҳақда сўралганда, “Халқни кўнглини юмшатиш учун бу ишга қўл урганмиз” деярди.[2] Абу Жаъфар ибн Шаирий у кишидан “У аввал вафот топган бўлса ҳам, Бакр ибн Исодан қандай ривоят қилдингиз?” деб сўрадилар. Ғулом Халил кўп йиғлади. Кейинги кун “Басра шаҳрида олтмиш киши ўзини менга Бакр ибн Исо деб, таништирган” деб хабар берди.[3] Абу Довуд ас-Сижистоний “Ғулом Халил тўрт юз дона сохта ҳадисни ривоят қилган” дейди.[4] Кечалари қиёмда ва кундузлари рўзадорликда машғул бўлган Абу Довуд ан-Нахаийни ҳам сохта ҳадис тўқишда ўрни билиниб қолди.[5] Ваҳб ибн Ҳафс йигирма уч йил узлатда турди. Кўплаб ёлғон ҳадислар ривоят қилди.[6] Баъзи Кирромиялар[7]: “من كذب على متعمدا فليتبوا مقعده من النار” , (Кимики менга ёлғонни нисбат берса, жойини дўзахдан ҳозирласин) ҳадисини “Биз у зотни фойдаларига ҳадис тўқиганмиз, зарарларига эмас?” деб таъвил қилдилар. Шу сабаб ибодатга тарғиб этувчи ва маъсиятдан қайтарувчи сохта ҳадисларга ижозат берганлар.[8]
Қуръон сураларини фазилати ҳақида, Қуръон ўқишга шавқ ва завқ бағишлаш учун кўплаб сохта ҳадислар тўқилди. Абдураҳмон ибн Маҳдий Майсара ибн Абдурабиҳдан “Ким фалон сурани ўқиса, унга фалон нарсалар берилади” деган ҳадислар қаердан келиб чиқди деб сўради?”. Майсара ибн Абдурабиҳ “Кимики шу ишга роғиб бўлса, ўшаларнинг ишидир” деб жавоб қайтарди.[9]
Абу Исма Нуҳ ибн Абу Марям Марвазий Қуръон сураларини фазилатлари ҳақида сохта ҳадислар ривоят қилганини эътироф этган. Ўша замонлар одамлар Абу Ҳанифани фиқҳлари ва Ибн Исҳоқни “Мағозий” китоблари билан машғул бўлгани сабаб, Қуръон ўқишга рағбатлари камайган эди.[10] Воҳидий ва Салабий ва Замахшарийлар тафсир қилган китобларда ҳам Қуръон сураларини фазилатлари ҳақида тўқилган сохта ҳадисларга дуч келасиз. Замахшарийни китобларида ҳадислар иснодсиз келтирилган. Бу ҳол ҳадис илмида қўпол хатоларга киради.[11] Шу сабаб Имом Ҳанбал “Уч китобда асл йўқ. Мағозий (жангномалар),Тафсир, ва Малоҳимда (достон)” деганлар. Асқалоний: “Фазоил илмини ҳам бу илмларга қўшмоқ лозим” деганлар.[12] Бу сўзлардан,“Қуръон сураларини фазилатлари ҳақида келган барча ҳадислар мавзўь ҳадислар экан” деган фикр сизни тарк этиши лозим. Қуръон оятлари фазилати ҳақида ишонарли ҳадислар,кўплаб ривоят қилинган. Суютий Қуръон ўқишни фазилатлари борасида “Хамоилуз зуҳр фи фазойили сур” (Суралар фазилатига аталган бир даста гул) номли китоб тасниф этган. У китобда саҳиҳ ҳадислар жамланган.[13]
Ҳадис илми билимдонлари баъзи солиҳларни, сохта ҳадислар тўқишда иштирок этишларини хатарли деб баҳолашди. “Омма, улар ҳақида яхши ниятда бўлгани ва уларни ёлғонга эҳтимол бермаслиги сабаб, солиҳ кишиларнинг бу ҳаракатга аралашуви,янада сохта ҳадислар тўқишга ривож беради” деган хулосага келишди. Умматни бу хатарли ишдан огоҳлантиришди. Абу Осим Набил айтадиларки: “Сохта ҳадис ривоят қилган кишини мен солиҳ киши деб ҳисобламайман” дедилар.[14] Яҳё ибн Саид Қатон: “Зуҳд ва яхшилик билан танилган кишиларда ёлғончилик сифати кўпроқ намоён бўла бошлади” дедилар.[15] Имом Муслим бу сўзларни “Ёлғон фақат уларнинг тилларида жорий бўла бошлади, аслида уни қасддан тўқиб чиқарган эмаслар” деб шарҳладилар.[16] Ироқий “Бу ерда илмсиз солиҳ кишилар назарда тутилмоқда,чунки илмсиз солиҳ кишилар, фойдали ва зарарли ишларни,бир-биридан фарқлай олардилар. Омма солиҳларнинг ниятлари, тўғри ва қалблари пок деб биларди. Улардан эшитган ҳадисларни ишонарли деб қабул қиларди. Ҳадисларнинг саҳиҳини заифидан ажратиб олишга эътибор бермасди” деган фикрни билдиради.[17]
(Давоми келгуси сонларда)
Таржимон: Фахриддин Худойназаров, Имом Термизий халқаро-илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
________________________
[1]Ибн Жавзий: “Мавзўь ҳадислар” китоби 1-жилд 4-боб.
[2]Юқоридаги манба.
[3]Ибн Жавзий : “Мавзўь ҳадислар” китоби 1-жилд 4-5-боб. Ал-Хатиб: “Таьрихул Бағдод” китоби 7-жилд 78-79-бетлар. Бу ривоят ойдинроқ.
[4]Ал-Хатиб: “Таьрихул Бағдод” китоби 7-жилд 79-бет.
[5]Ибн Жавзий : “Мавзўь ҳадислар” китоби 1-жилд 5-боб
[6]Юқоридаги манба.
[7]Кирромиялар: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Киромни ҳамтавоқлари.Аллоҳ таборак ва таъолаога сифатлар исбот қилиб, Мужассима ва Муташобиҳа оқимларига асос солган.
[8]Ибн Ҳиббон: “Мажруҳийна минал муҳаддисийн” китоби 2-жилд 23-боб. Ироқий “Фатҳул муғийс” китоби 132-133-бетлар Суютий: “Тадрибул ровий” китоби 185-бет.
[9]Ибн Ҳиббон: “Мажруҳийна минал муҳаддисийн” китоби 2-жилд 23-боб. Ибн Жавзий “Мавзўь ҳадислар” китоби 1-жилд 5-боб.
[10]Ибн Жавзий: “Мавзўь ҳадислар” китоби 1-жилд 5-боб.
[11]Ироқий:”Фатҳул муғийс” китоби 130-бет.
[12]Асқалоний: “Лисонул араб” китоби 1-жилд 13-бет. Имом Аҳмадни сўзларидан мутлақо Мағозий ва Тафсир илмлари деб эьтибор қилишлик дуруст эмас.Тафсир ва Мағозий илмларида ишонарли усуллар бор.Имом Аҳмад шу китобларга кириб қолган баьзи мавзўь ҳадислардан кишиларни огоҳлантирмоқда.Хатиб: “Имом Аҳмадни сўзларидан мақсад, Калбий ва Мақотил ибн Сулаймонни китобларига ўхшаш китоблар” деб тушинган.Имом Аҳмад : “Калбийни тафсири бошидан охиригача ёлғон билан тўла, унга назар қилишга ярамайди” деганлар. Аҳли илмларни аксарияти Имом Аҳмаднинг сўзларидан тафсир илмини ичида саҳиҳ бўлмаган ҳадислар кўпроқ деб фикр билдиришган.Ваҳоланки тафсир китобларидаги ҳадислар “Имом Бухорий,Муслим саҳиҳлари”, “Муватто” ва Термизийларни “Саҳиҳ” китобларида келган ҳадислар билан мустаҳкамланган.(Сабойи: “Ислом шариатида суннатнинг ўрни” китоби 184-бет).
[13]Суютий: “Тадрибул ровий” китоби 190-бет.
[14]Ибн Адий : “Комил” китоби 1-жилд 46-бет.
[15]Ибн Адий “Комил” китоби 1-жилд 46-бет. Ибн Жавзий : “Мавзўь ҳадислар” китоби 1-жилд 5-боб.Хатиб: “Таьрихул Бағдод” китоби 2-жилд 98-бет. Лекин Хатиб: “Солиҳларни “ҳадис илмида” кўп ёлғон тўқиганларини кўрдим” деб зикр қилган.
[16]Муслим: “Муқаддиматус саҳиҳ” китоби 1-жилд 18-бет.
[17]Саховий: “Фатҳул муғис” китоби 130-бет.
Izoh qoldirish