29.08.2022

Суҳбатдошлик шарти

Қачонки суҳбат ва мажлисларингни дин ва мурувват асосига қурсанг, бунда сенинг вазифанг дин ва мурувват талабларига риоя қилиш, хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатларингда уларга асосланиб иш тутишдир. Суҳбат жараёнида дин ва мурувватга хилоф бўлган ҳолатларни эътиборсиз қолдириш ҳам суҳбат одобининг асосий шартларидандир. Демак, суҳбат ва мажлисларингни дин ва гўзал ахлоқ асосига қурсанг, мурувват тамойилларига риоя қилсанг, гумроҳ бўлиб қолмайсан, сенга ҳеч бир зиён етмайди. Чунки бундай суҳбат асносида икки ҳолатга дуч келишинг мумкин. Агар суҳбатдошинг қатъиятли, бепарволик ва илтифотсизликдан йироқ бўлса ва дўстларга ҳам шундай муносабатда бўлса, бундай суҳбатдошларга яхшилик истаб насиҳат қилганингда, уларни нуқсонлари ҳақида огоҳлантирганингда, улар ҳам сенинг яхшилик истаётганингни англаб етадилар. Бундай инсонларга насиҳат қилганингда, дастлаб такаббурлик қилсалар ҳам, кейинчалик сенинг сўзларингни тафаккур асосида таҳлил қиладилар. Насиҳатинг қадрини англаб етиб, сен билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қиладилар.

Агар суҳбатдошинг қатъият ва мурувват аҳли эмас, балки қўпол ва бепарво шахс бўлса, унга мухолиф бўлсанг ҳам, у билан ҳамфикр бўлсанг ҳам, унинг зараридан хавфсиз бўла олмайсан. Шунинг учун бундай шахс билан ҳамсуҳбат ва ҳамроҳ бўлиш мутлақо тўғри эмас.

 Ибн Синонинг “Тадбир ул-манзил” рисоласидан.

Таржимон: Сарвар Саидов-Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими


 

Izoh qoldirish