31.08.2022

МУСТАҚИЛЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ

Ер юзидаги ҳар бир жонзот тинч ва осойишта яшаши учун унга энг аввало бир бошпана ва уй-жойга эга бўлмоғи лозим. Одам боласининг ҳам ҳузур ҳаловатда яшаши учун унга энг аввало бир бошпана лозим, халқ учун эса ватан. Ватансиз халқ яшай олмайди. Халқнинг борлиги, унинг яшаб қолиши ўз ватанига эга бўлсагина мумкин бўлади.

Шу жиҳатдан мўмин ўз ватанини севадиган, унга қалбан боғланган, зарур бўлганда жони ва молини ҳам ватан учун фидо қилишдан тортинмайдиган инсондир. Ватанпарварлик энг эзгу ва олий туйғулардан биридир. Керак бўлганда ватан учун курашиш, уни ҳимоя қилиш бу бизга суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган қутлуғ меросдир. Киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қумсайди ва соғинади. Бу қумсаш биз умматга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан меросдир. Ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ватанлари Маккаи мукаррамада 53 ёшларигача яшадилар. Бу давр мобайнида Макка мушриклари томонидан у зотга бир қанча зулм, душманчилик ва камситишлар бўлди. Шундай бўлсада ватанларини тарк қилиб бошқа жойга кетмадилар. Аммо Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганларидан кейин Аллоҳнинг буйруғига биноан Маккадан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дедилар:«(Эй Макка) сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим» (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз сoллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашганлари сари унга бўлган иштиёқлари зиёдалашиб борарди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг кўнгилларини кўтариб, Маккага қайтиб келишларини башоратини бериб, Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани нозил қилди:

«(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир...» (Қасос сураси 85-оят).

Хаммамиз учун таббарук бўлган учта сўз бор. Иймон, Ватан ва Истиклол. Бу сўзларнинг мазмун-моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб турибмиз. Иймон – буюк Аллоҳ ва Расулига ишониш Унинг раҳмати ва мағфиратидан умидвор бўлиш ва Унинг амр фармонларига итоатда бўлишдир. 

Ватан – бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни авайлаб асраш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш иймон ва муҳаббат таянчидир. «Ватанни севмок иймондандир» деган ҳикматли сўзда кенг маъно бор. Албатта қалбида иймони бор ҳар бир киши ватанни севади.

Истиқлол аталмиш бебаҳо неъматнининг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. У биз учун улкан имкониятлар эшигини очиб берди. Одамларимиз кўксига шамол тегди, елкаси офтоб кўрди. Эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишга бўлган чин истак-хоҳиш пайдо бўлиб, келажакка ишонч туйғуси уйғонди. Миллий анъана ҳамда қадриятларимиз қайта тикланди, аждодларимизга хурмат-эҳтиром кўрсатилди. Ўз навбатида, бошланган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари туфайли шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси ўзгариб, замонавийлашиб бораётир. Таълим муассасалари, йўллар, кўприклар, спорт мажмуалари барпо этилаяпти. Қисқаси, инсон бахтли яшаши учун нимаики зарур бўлса, барчаси муҳайё қилинмоқда. Киши қалбидан жой олиш худдики, ёзувлар билан тўла дафтардан бўш жой излашга ўхшайди. Аввал дафтарни яхшилаб, бирма бир варақлаганинг каби, инсонни ҳам обдон ўрганиб, у билан яхши-ёмон кунда бирга бўлиш керак.

        Сиз кимнингдир мўъжазгина қалбидан олган жойингиз бу сизнинг – Ватанингиз. Сиз яшаётган митти юрак сиз учун бир кичик Ватан, кейинчалик сизнинг каттароқ Ватанингиз дарвозалари очила бошлайди: сиз яшаётган қалб истиқомат қилувчи бошқа бир қалблар – оилангиз, кичик қишлоқ, маҳаллангиз, туман, вилоятингиз, бутун бошли Республикангиз. Бугун ўзбек диёри ўзгача кўркка, ҳавас қиларли ҳуснга эга. Чиройи кундан кунга ошиб, яшнаб бормоқда. Мустақилликка эришганимиздан бери, қилинаётган ўзгариш ва янгиланишлар мақтанишга арзигулик. Бугун қай соҳага юзланманг, қайси йўналишга боқманг ўз ютуқлари билан бўйнини ғоз қилиб турибди. Шу ўринда яқин кунларда Ҳиндистондан бўлиб ўтган шаҳмат олимпиадасида бир гуруҳ ёшларимиз Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишгани, уларнинг Юртимиз ёшларининг нималарга қодир эканлигини бутун дунёга кўрсатиб жаҳон чемпиони бўлдилар. Бу албатта Юртимизда амалга оширалаётган ислоҳотлар, таълим-тарбия ва спортга бўлган эътиборнинг самарасидир.

Дарҳақиқат, бугун амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ёшларнинг билим даражаси, интеллектуал салоҳиятини янада мустаҳкамлашга доир саъй ҳаракатлар ётади. Айниқса, ислом маърифатини англаш, буюк алломлар меросини ўрганиш ҳар жиҳатдан муҳим ҳисобланади. Чунончи, бу борада, маърифат масканларининг барпо этилаётганлиги ва илм олишга, билимли бўлишга эътибор қаратилаётганлиги, таҳсинга сазовор ишлардандир. Чунончи, ислом тамаддуни бешиги бўлган Мовароуннаҳрда шаклланган турли фан соҳалари ривожи, уни дунё цивилизациясига таъсирини илмий ўрганиш ҳамда тадқиқ этган ҳолда Учинчи ренессанс босқичига олиб чиқишда илмий марказлар муҳим ўринга эга. Хусусан, бу борада, юртимизда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда яқинда иш бошлаган Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказининг фаолият юритиши, қувонарли ҳолдир. Мазкур Марказлар ислом илмларини ўрганиш, тадқиқ этиш, қўлёзма манбаларни илмий ўрганган ҳолда нашрларини яратиш борасида илмий-маърифий фаолият олиб бориши, ислом маърифатига ташна халқимиз учун юксак маънавий аҳамият касб этди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мустақиллик бу улуғ неъмат, аммо бу неъматнинг ҳар бир сониясини қадрламоқ, пойдеворини мустаҳкам тутмоқ халқимиз зиммасидаги муҳим ҳамда масъулиятли вазифадир. Аллоҳ таоллога беадад шукроналар бўлсинким, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматини қадрига етмоғимиз, уни асраб авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмогимиз лозим. Чунки, бу дориломон кунларга етганлар бор, етмаганлар бор, бу ўз–ўзидан эришилгани йўк. Иброҳим сурасининг 7-оятида: Аллоҳ таоло айтади - «Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта (уни янада) зиёда қилурман».

Аллоҳ таоло Ватанимизни тинч ва осуда айласин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин.

 

✍️ Музаффархон Жониев,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи,(PhD)


 

Izoh qoldirish