07.09.2022

ТАЪЛИМ БЕРИШ ҲАМ ИБОДАТДИР

24-ФАСЛ

 Нафсим мен билан то ҳануз мунозара қилар, зоҳидлар билан учрашишимга даъват қилар, тақвога, халқдан узилишга, охират билан танҳо бўлишга чақирарди. Шуларни ўйладим ва бу ундовларнинг кўпи шайтон тарафидан эканлигини билдим. Чунки шайтон менинг мажлисим ҳисобсиз одамлардан холи бўлмаслиги гуноҳлардан тавба қилиб, йиғлашликларини кўрарди. Кўпинча жамоа-жамоа тавба қилишиб, ёшлик туйғуларини ташлаб қўйишарди. Гўё шайтон ёмонликка чуқур кетганликдан мен баъзи кишиларни ром қилаётганимни кўрди. У ўзига ром қиладиган кишилари билан холи қолиши учун менга баъзи нарсаларни зийнатлаб машғул қилмоқчи бўлди. Мажлислардан узилишни чиройли қилиб кўрсатди ва халққа ўзини доно кўрсатиш яхши эмас, деди. Жавобига шундай дедим: “Аммо мантиқнинг яхшилиги, завқлантириши, иборалар (жумлалар)да чиройли маъно чиқариш фазилат бўлса борки, пасткашлик эмас”. Лекин одамлар олдига ношаръий ишлар билан чиқишдан Худо сақласин.

 Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Меросхўрларни бой қолдиришинг, одамларга муҳтож, камбағал қилиб, қолдиришингдан кўра яхшироқдир”. Яна айтдилар: “Яхши мол яхши одам учун нақадар яхши”. Четга чиқишга келсак, яхши ишдан эмас, ёмон ишдан четга чиқиш керак бўлади. Ёмондан қочиш эса ҳамма вақт ҳам лозим ва зарурдир. Лекин талабаларни ўқитмоқ, муридларга йўл кўрсатмоқ бу-олимнинг ибодатидир. Баъзи олимларимиз нафл намоз ўқиш, нафл рўза тутишни китоб ёзишдан, фойдали илмни таълим беришдан устун қўйишади.

 Нафс икки сабабга кўра шайтон зийнатлаган нарсага майл пайдо қилади:

1. Бекорчиликни севиш. Чунки бекорчиликда халқдан йироқ бўлиш осонроқдир.

2. Мақтовни ёқтириш. Чунки тақво билан шуҳрат қозонса, авомларнинг унга бўлган майли кўпаяди.

Сиз сувни бошидан ичмоқни одат қилинг. Бошдаги тақдим этилган сув билан сероб бўлинг. Улар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларидир. Уларнинг биронтаси жоҳил зоҳид ва сўфилар узлатга (четга) чиқинг, илм ўрганманг, дейишдими? Пайғамбарларнинг ишлари халқ учун жон куйдуриш, яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтариш эмасдими?!

"Абдураҳмон ибн Жавзий фалсафаси"

Арабчадан Аббосхон Абдуллаев таржимаси

Izoh qoldirish