08.09.2022

АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ

Кимки ўз ахлоқи ва хатти-ҳаракатларини назорат қилмоқчи, уларни тўғриламоқчи бўлса, бошқаларнинг одоб-ахлоқидан огоҳ бўлиши ва уларни ўзининг ахлоқий сифатлари билан муқояса қилиши керак. Инсон билиши керакки, у ҳам бошқаларга ўхшашдир. Зеро, башар фарзанди бир-бирига монанддир.

Агар инсон бошқаларда гўзал ахлоқий сифатларни кўрса, билсинки унинг ўзида ҳам ошкора ёки пинҳона шаклда худди шундай сифатлар мавжуддир. Агар ушбу сифатлар ошкора шаклда бўлса, уларни йўқ бўлиб кетишдан сақлаши, назорат қилиши лозим. Агар инсондаги гўзал ахлоқий сифатлар пинҳона шаклда бўлса, уларга ақл воситасида ҳаёт бахш этиши, бу борада эътиборсизликка йўл қўймаслиги керак. Шундагина бу гўзал фазилатлар ўз соҳибининг даъватига энг қисқа фурсатда жавоб қайтаради.

Инсон бошқаларда ошкора ёки пинҳона шаклдаги айб ва ёмон одатларни кўрса, билсинки унинг ўзида ҳам ошкора ёки пинҳона ушбу иллатларга мойиллик мавжуд. Агар инсонда ёмон иллатлар ошкора шаклда бўлса, ушбу салбий иллатларга қаҳр қилиб, уларни қалбидан суғуриб ташлаши, унутилишга маҳкум этиш орқали уларни йўқ қилиши лозим.

Агар инсонда ёмон одатлар яширин шаклда бўлса, уларни намоён қилмаслик орқали обрўсизланишдан сақланишни ўз вазифаси деб билиши керак.

Инсон учун ўз нафсини ўзи томонидан мукофотлаши ёки унга жазо бериши ва шу орқали уни бошқариши энг муносиб ишдир. Агар нафс фазилатларни қабул қилиб, разолатни тарк этса, осонлик билан итоат этса, инсон уни масрур айлаб, лаззатланишга ижозат бериш орқали мукофотлайди. Агар нафс гўзал хислатлар ва эзгу амалларни қабул қилишда худбинлик қилса, итоатли бўлмаса, саркашлик қилиб, разолатни фазилатдан афзал кўрса, итоатга келмагунча маломат, надомат ва лаззатланишини тақиқлаш орқали уни жазолаши лозим.

Ибн Синонинг “Тадбир ул-манзил” рисоласидан.

Таржимон: Сарвар Саидов-Имом Термизий ХИТМ илмий ходими


 

Izoh qoldirish