НАСИҲАТ ҚИЛИШ ЙЎЛИ
Агар инсон оқил бўлса, у ҳеч қачон бошқаларга девоналарча, мулоҳазасиз ва гўзал муомалага асосланмасдан насиҳат қилмайди. Ақл соҳиби бошқаларни насиҳат орқали ҳидоятга даъват этмоқчи бўлса, маслаҳат, биродарлик ва мулойимликдан фойдаланади. Зеро, қонли яраси бор инсон ўз баданига мулойимлик билан муносабатда бўлиб, оҳисталик билан ярасидаги қонни тозалайди. Бировга насиҳат қилмоқчи бўлсанг, сокин сўзла, насиҳатингни бошқалардан хилват жойда қил. Суҳбатдошингни айбларидан огоҳ этиш учун ошкора эмас, балки ишора ва киноядан фойдаланганинг яхшироқ ва таъсирлироқдир. Сўзингни очиқ айтгандан кўра, масаллар ичида келтиришинг гўзалроқдир. Агар шу усулда насиҳат қилишни бошлаганингда, суҳбатдошингнинг сенга майл ва рағбат билдираётганини сезсанг, сўзингга қулоқ тутиб, уни қабул қилиш нуқтаи назаридан тингласа, панд-насиҳатингни тўла-тўкис баён этишинг мумкин. Ниманики айтиш керак бўлса, барчасини айтишинг лозим. Яъни насиҳатинг мукаммал бўлсин. Лекин бу ҳолатда ҳаддан ошма, сергаплик қилиб суҳбатдошингни безор қилишдан сақлан. Ўз фикр-мулоҳазаларингни баён этишда фақат битта йўналишдан фойдаланма. Сенинг насиҳатинг унинг қалбида шундай муҳрлансинки, ўз ишининг оқибати ҳақида тафаккур қилсин.
Агар суҳбатдошинг сенинг сўз ва насиҳатларингга эътибор қаратмаса, гапингни тўхтатиб, унинг маъно-мақсадини бошқа томонга бургин. Насиҳатни эса суҳбатдошинг хурсанд, қалби мусаффо ва фароғатда бўлган бошқа вақтга қолдиргин.
Ибн Синонинг “Тадбирул манзил” рисоласидан.
Сарвар Саидов-Имом Термизий ХИТМ илмий ходими.
Izoh qoldirish