Ижтимоий тармоклардаги фитналардан сакланиш - барча фуқароларнинг масъулиятидир
Ватанимиз Ўзбекистон алломалар юрти. Тиб илми алломаси Ибн Сино, жуғрофияда етук олим Беруний, информатика фанида Хоразимий, ҳадис илмида Бухорий, Термизий, Дорамий, ақида илмида Мотурудий, Насафий ва бошқа юзлаб алломалар яшаб ўтган юртдир. Бобокалонларимиз жаҳон илмий салоҳиятига салмоқли ҳиссалар қўшганлар.
21 асрни оммавий ахборот воситалари, интернет ва телевидения, радиосиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зотан ҳар бир хонадонда телевизор, радио ,компьютер ,смартфон воситалари бўлиб, улардан илм ўрганиш, жаҳонда бўлаётган хабарлардан хабардор бўлмоқдамиз.
Бугунги кунда Мусулмонлар дийний идораси тасарруфидаги масжидларнинг расмий сайтлари ҳам фаъолият кўрсатиб келмоқда. Буларга мисол тариқасида: www.muslim.uz, www.islom.uz, www.surxonmuslim.uz, www.termiziy.uz, www.imomtermiziy.uz ва кўплаб, дийний саводхонликни оширадиган сайтларни келтиришимиз мумкин бўлади.
Оммавий ахборот воситаларида, дунёнинг баъзи мамлакатларида чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечираётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Ислом дини ниқоби остида, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар кўзга ташланмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаган: “Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим” сўзлари айни ҳақиқатга мос келади.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, вебсаҳифалар орқали тарғибот ўтказиш каби усуллардан фойдаланишмоқда. Айниқса, дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ёшлар ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Тинчликни сақлаш хушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Ҳаётда содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар, фарзандларининг тарбияси билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳам борлиги ҳам кузатилмоқда.
Агар ёшларимиз тарбиясига бефарқ бўлсак, уларни қайси сайт ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётганига эътиборимизни қаратмасак, уларни маънавиятларида бўшлиқ пайдо бўлади. Натижада ота-онасига ноқобил, турли бемазҳаблар сўзини дин деб қабул қилиб оладиган зомби болалар жамиятимизда пайдо бўлиб қолади.
Ҳадис шарифда: “Ибн Умар розияллоху анхумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоху алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳар бирингиз мутасаддисиз ва хар бирингиз ўз кўл остидагига масъулдир. Амир мутасаддидир. Эркак ўз хонадони аҳлига мутасаддидир. Аёл ўз эрининг хонадонига ва боласига мутасаддидир. Ҳар бирингиз мутасаддисиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагига масъулдир».[1]
Фарзандларимиз одоб ахлоқи, юриш туришидан доим хабардор бўлиб, уларни соф Ислом ақидаси билан тарбиялайдиган, миллий сайтларимиздан баҳраманд бўлишини таъминласак, уларда турли бузғунчи оқимларга қарши иммунитет ҳосил бўлади. Натижада ҳар қандай ёт ғояларга қарши маърифат билан жавоб қайтара оладиган, Ватанига содиқ ўғлонга айланади.
Хулласи калом, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва фаровон ҳаётни асраш, унинг мустақиллигига муносиб ҳисса қўшиш – Ватанимизда яшаётган барча фуқароларнинг энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозим.
Худайназаров. Фахритдин
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Ҳадисшунослик бўлими илмий ходими
[1] Бухорий: “Саҳиҳ Бухорий”67-китоб, 90-боб, 5200-ҳадис.
Izoh qoldirish