16.09.2022

“МАЪДАН УЛ-ҲОЛ” АСАРИДАН ОДОБ-АХЛОҚҚА ДОИР ШЕЪРИЙ ПАРЧАЛАР

Ҳар бир ижодкор ўз асарида ижтимоий одобларга алоҳида тўхталади. Ижтимоий одоб талқини инсон камолоти ва жамият фаровонлиги гаровидир. Мавлавий Жунуний бутун бошли асарларида инсон ахлоқи билан боғлиқ, барча тавсияларни Қуръон ва суннатга мувофиқ бериб ўтади. Поклик, ҳалол луқма, кибр, мурувват, ният, дўст танлаш, олимлар суҳбати, саховат, муҳаббат, садоқат, саодат, камолот, муножот, дуо, зикр, ёлғон сўзламаслик, ҳасаднинг зарари, инсонлар молига хиёнат қилмаслик каби юзлаб мавзуларни шеърий баён билан халқона тилда кенг китобхонлар оммасига мўлжаллаб тушунтирилган.

Бировларга озор бермаслик ҳақида шоир айтади:

Жаҳон вайрона аз вайрони дил шуд,

Сарову боғҳо аз сар сабил шуд.

Мазмуни: Дунё, қаср ва саройлар, боғу роғлар – қалбларнинг вайрон бўлишидан хароб бўлди.

Инсон дунёда дўстсиз яшаши имконсиз бир иш. Дўстлик муҳаббат ва шафқатга чорлайди. Маънавий меросимизда дўст танлаш ва дўстликнинг шартлари борасида кўплаб мулоҳазалар юритилган. Жунуний бу борада ўз фикрини қуйидагича баён этади:

Шинос эй банда ёри меҳрубонро,

Бидеҳ жон, ёб он жони жаҳонро.

Мазмуни: Эй инсон меҳрибон дўстни топганингда унга жонингни беришга тайёр бўл ва дунёни яратган Зотни талаб эт.

Ба бедрадон зи дарди дил чи гўйи,

Шакар аз ҳосили ханжар чи жўйи.

Аз ин шуд моили ҳар жинс бо жинс,

Ажина бо ажина, инс бо инс.

Мазмуни: Дардсиз кишиларга нега ўз дардингни достон қиласан? Заҳарли ханжардан қандай шакар олишга интиласан? Шунинг учун дунёда ҳар бир жинс ўз жинсига майл этади, жинлар жинлар билан, инсонлар инсонлар билан яқин олишади.

Тавҳид – Аллоҳ зотини якка ягоналигини шак-шубҳасиз тан олишдир. Убудият ва бандалик тавҳиднинг бош ғоясидир. Тавҳид аҳли эса ўз истак ва хоҳишларини фақатгина Аллоҳ таоло рўёбга чиқаришини яхши билишади. Мавлавий Жунуний қуйидаги байтда мусулмон бандасига хос ақидани тушунтиради:

Бихоҳ чизе, ки мехоҳий зи даргоҳ,

Биёбий мақсади дилро зи Аллоҳ.

Мазмуни: Нимани хоҳласанг илоҳий даргоҳдан сўрагин, дилингда бор мақсадларни Аллоҳ рўёбга чиқаради.

Қуръони карим, Ҳадиси шариф ва маънавий меросимизда кибр қаттиқ қораланган. Тарихда кўплаб салтанатлар кибр ва худбинлик натижасида парчаланиб кетган. Кибр ўз эгасини хорлик ва зорлик кўчасига элтади. Кибрли бўлиш инсоний фитратга хос эмас. Шайтон кибри орқали илоҳий даргоҳдан қувилди, инсон ҳам кибри орқали ҳақ раҳматидан бенасиб бўлади. Шоир кибр шайтон феъли эканлигини шундай баён этади:

Такаббур феъли шайтони лаъин аст,

Кужо ин хоҳиши мардони дин аст.

Мазмуни: Такаббурлик лаъанатланган шайтоннинг феълидир, тақво аҳлидан бундай истак ва ҳис ўчрамайди.

Юқорида таъкидлаганимиздек дил – Аллоҳнинг улуғ байти. Дилдаги ҳосил тилга чиқиши бор нарса. Яхши ва ёмонлик қалбдан бутун вужудга таъсир ўтказади. Дил экинзорида раҳмат, итоат, ибодат ва яхшилик донини экиш шарт. Экинзорда арпа эксангиз арпа ҳосил бериши аниқ. Буғдой эксангиз буғдой ҳосилини оласиз. Ибодат ҳам дил билан боғлиқ. Шоир таъбири билан айтганда:

Касеро, ки ҳусули дил набудаст,

Зи карбосу зи сад дона чи суд аст.

Мазмуни: Дилида мақсади бўлмаган кишининг кийилган оқ либоси ва тасбеҳидан не манфаат?

Саховат ва яхшилик инсонларни бир-бирга муҳаббатли қилиб тарбиялайди. Саховат бор жойда баракат ва раббоний файз бор. Бугунги кунда фақир инсонлар бой кишиларнинг саховатига қанча муҳтож эканлигини барчамиз биламиз. Бойлар камбағалларга берилган хайр-эҳсони гўзал хислат эканлигини Мавлавий Жунуний шундай эътироф этади:

Саховат хислати некўст, эй дўст,

Барорад мағзҳоро тоза аз пўст.

Мазмуни: Эй дўст, саховат шундай яхши хислатдирки, мағзларни пўстлоғидан тоза чиқартиради.

Одоб барча ишларда меъёрни сақлаш ва инсон ўз ҳаддини билишидир. Ҳад бу Аллоҳнинг ҳудудидир. Ҳудудуллоҳни белгилаб берувчи муҳим манба илоҳий калом, суннат, мазҳаб ва маънавий меросимиздир. Дин одобнинг аслини ва манфаатини инсонларга тушунтириб беради. Шоирнинг бу борадаги фикри шундай:

Ба теғи дин адаб ҳамчун ғилоф аст.

Адаб бар каъбаи мақсад тавоф аст.

Мазмуни: Дин теғига адаб ғилоф кабидир, адаб эса мақсад (инсоннинг асл мақсади убудиятни) каъбаси атрофини тавоф қилишдир.

Инсон зоти бир-бирига зоҳирда қараб баҳо бериши мумкин. Қалбини, ҳиссий туйғуларини фақатгина буюк зотлар бироз ҳис этади. Зеро қалблар кашшофи Аллоҳдир. Чиройли кийим, қимматбаҳо буюмлар инсон қадрини ҳеч қачон белгиламайди. Бироқ бугунги кунда инсон ташқи кўринишга маҳлиё бўлиб алданиши бор ҳақиқат. Кўз билан қарашдан кўра басират кўзи билан қараш афзал. Басират кўзи ақлу нақлга таянсагина инсонлар ҳолидан огоҳ бўлишига қурби етади. 

Инсон тарбияси ҳар замонда долзарб масалалардан. Тарбия бор жойда тинчлик фаровонлик ва бахтли ҳаёт ҳукмрон бўлади. Шарқ мумтоз мутафаккирлари маънавий меросида тарбия ва комил инсон ахлоқи тушунчаси кенг қамровга эга. Жунуний ҳам аввалги шоирлари қатори ўз адабий меросида руҳий тарбияни инсон камолотининг асосий озуқаси деб билади.

 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий тадқиқот бўлими катта илмий ходими – Каромиддин Жамаҳматов

Izoh qoldirish