20.09.2022

ГЎЗАЛ БОШҚАРУВ БАРЧА УЧУН ЛОЗИМДИР

Оқилона бошқарув ва гўзал сиёсат юритишга энг муносиб инсонлар подшоҳ ва ҳукмдорлар бўлиб, Аллоҳ таоло уларга ўз бандаларининг фаолиятларини идора қилиш, ҳукмронликларини тартибга келтириш учун қудрат бахш этди.

Подшоҳ ва ҳукмдорлардан кейин халқни идора қилиш, шаҳарларни бошқариш вазифаси юклатилган, оқил бошқарув ва гўзал сиёсат юритишга энг муносиб инсонлар ҳоким ва амалдорлардир. Ҳоким ва амалдорларнинг ҳар бири ўз мақоми орқали салтанат бошқарувига яқин бўлиб, ушбу мақом ва мартабага эга бўлмаганлардан кўра ҳукм юритишга энг муносиб инсонлардир. Ушбу тоифалар ўртасидаги афзаллик уларнинг мақом ва мартабаларидаги устунлик ҳисобига бўлиб, ҳар бир тоифанинг фаолияти муҳимдир, ушбу тоифага мансуб инсонларнинг ҳар бири эса гўзал сиёсат юритишга энг муносиб инсонлардир.

Подшоҳ ва ҳокиму амалдорлардан кейин неъмат соҳиблари ҳисобланган уларнинг мулозим ва хизматкорлари ўз қўл остидагиларга нисбатан гўзал бошқарув қоидаларига риоя қилишлари лозим. Улардан кейин эса уй соҳиблари ва хонадон бошлиқлари ўз хўжаликларидаги уларга бўйсунувчиларга нисбатан гўзал чора-тадбирларни амалга оширишга масъулдирлар.

Бошқача айтганда, тадбирли бўлиш барча учун лозим бўлиб, биз юқорида зикр қилган шахслар ва мартаба соҳибларининг ҳар бири мақом ва мартаба жиҳатидан гўзал бошқарув борасида энг муҳим воситачи бўлишга лойиқдирлар. Демак, бу даъват ва вазифа барчага тааллуқли бўлиб, фақатгина гўзал бошқарув даражаси мақом ва мартаба жиҳатидан тафовутларни келтириб чиқаради.

Тадбирли бўлиш барча учун лозим амаллардан бўлиб, ҳар бир инсон унинг қўл остида ҳаёт кечирадиган, сиёсат ва бошқарув соҳасида ундан ожиз бўлганларни гўзал сиёсат, фаросат, юксак тафаккур ва адаб асосида тўғри йўлга бошлаши, нотўғри йўлдан эса қайтаришга масъулдир. Бу борада энг эҳтиёжманд кишилар ҳукмдорлардир. Агар кимдир оддий инсонлар ҳаммадан ҳам кўра огоҳроқ, хавф-хатардан, зарар ва хароб бўлишдан кўпроқ эҳтиёт бўлишлари лозимлигини айтса, у ҳақиқатни сўзлаган бўлади. Зеро, ёр-дўстлари, ёрдамчи ва биродарлари бўлмаганлар ўз қўл остидагилари ва ёрдамчилари кўмагидан фойдаланувчилардан кўра ёрдамга, эҳтиёткорликка кўпроқ муҳтождирлар. Фақир ва эҳтиёжмандлар эса ҳаёт осойишталиги ва уни ислоҳ қилишга ғайратли ва бой-бадавлат кишилардан кўра кўпроқ муҳтождирлар.

Ибн Синонинг “Тадбирул манзил” рисоласидан

 

 Сарвар Саидов-Имом Термизий ХИТМ илмий ходими

Izoh qoldirish