ЁШ АВЛОД УЧУН ГЎЗАЛ НАСИҲАТЛАР
Эй фарзанд: Агар дастурхон атрофида ўтирган бўлсанг, таом олиб келинадиган томонга қарайверма, ўша тарафга диққат-эътиборингни қаратма, бундай ҳолатларда нафсингни жиловлаб, уни назорат қил. Дастурхонга ҳаммадан олдин қўл узатма, акс ҳолда одамлар сени нафсига тобе, ҳирсига мағлуб инсон сифатида эътироф этади, истакларга қул бўлган киши сифатида маълум ва машҳур бўласан. Бундай вазиятларда мен юқорида келтирган одатлар ва нуқсонлардан сақлан, сабр-тоқат ва эҳтиёткорлик билан қуролланишни ўзинг учун лозим амаллардан деб билгин. Зеро, кимки кам нарсага қаноат қилмаса, кўп нарсадан ҳам фойда топа олмайди. Дарҳақиқат, сен нафсингга қандай вазифани юкласанг, у ўша нарсага одатланади. Шундай экан, унга тўғри йўналиш ва мақсадни кўрсатиш орқали яхши амалларни одатга айлантиргин.
Эй фарзанд: Ўз обрў-эътиборингни айб ва нуқсонлардан эҳтиёт қил, уни шубҳа-гумонлар, ҳақорат ва камситишлар орқали қўлдан бой берма. Номуносиб кишилардан кўмак сўраш орқали ўзингни хор ва нотавон ҳолатга келтирма. Чунки улар сенинг эҳтиёжингни қондирмасалар, умидингни йўққа чиқарсалар, ор-номусинг топталади, агар илтимосингни қондирсалар, уларнинг эҳсон булоғи миннат доғидан мусаффо бўлмайди. Натижада улар олдидаги қарздорлик ҳисси сен учун катта қийинчилик туғдиради. Зеро, фазилат соҳиби учун одамларнинг миннатига бардош беришдан кўра тоғларнинг тепасидаги улкан харсангтошларни кўчириш осонроқ ишдир.
Эй фарзанд: Бой-бадавлат, фаровонликда ҳаёт кечир, аммо мол-давлат, бахт ва осон ҳаётга эришиш учун гўзал ахлоқ ва одатларингнинг ўзгаришига йўл қўйма. Саховат ва олижанобликни одат қил, дунёнинг ўткинчи бойликлари борасида эса бахиллик қилма. Кимки бойлик неъмати билан зийнатланса, аммо ҳаёт йўли гўзал ахлоқ ва эзгулик қоидаларига эмас, фақат бойлик орттиришга асосланган бўлса, у пасткаш, ношукур ва бадхулқ инсон даражасига тушиб қолади. Зеро, Аллоҳ берган неъматларда ҳеч бир нуқсон йўқдир, фақатгина ношукур бандалар бу неъматларни нуқсонли деб ҳисоблайдилар.
Мол-давлатга, тўкин-сочинликка қанчалик тез эришган бўлсанг, уларнинг шунчалик тез муддатда заволга юз тутмаслигига ҳеч қачон кафолат бера олмайсан. Мол-давлатинг барқарор ва доимо сенга ёрдамчи эканлигига ишончинг комил бўлмасин, унинг бардавом бўлишига умид ҳам қилма. Бойликка ишониб, ношукурлик ва такаббурликнинг қалбингга киришига йўл қўйма, дўст-биродарлар билан адоватга борма.
Мискин ва дарвишларни хору зор этма, шунда илоҳий саховатдан баҳраманд бўласан. Шунингдек, камбағаллик ва ҳаётнинг оғир дамларида сабр-матонатли бўл. Бу орқали ўзингни бахиллик ва пасткашлик иллатидан ҳимоя қилмоқни вожиб деб бил, ўз обрў-эътиборингни нокаслардан сўраш ва уларга ялиниш шармандалигидан сақла.
Аллоҳ таолонинг сенга берган кунига шукр-қаноат қил. Камбағаллик ва муҳтожликда заифликни намоён этиш, хору зорликни ихтиёр этиш орқали номақбул ҳаёт кечириш инсоннинг шарафини йўқ қилиб, унинг айб ва шармандалик ботқоғига ботишига сабаб бўлади. Инсон фақирликда Яратгандан гўзал умидлар қилишни тўхтатмаслиги, фойда ҳам, зарар ҳам Ундан эканлигига бефарқ бўлмаслиги керак. Дарҳақиқат, барча гўзал одоб дурдоналари ва мақтовга лойиқ ҳаётнинг асоси юқорида зикр қилинган шариф ҳикматларда мужассамдир. Ушбу ваъз-насиҳатларни ўзлаштириш орқали ахлоқ гўзал хислатлар билан янада бойийди.
Ибн Муқаффанинг “Адабул важиз” асаридан
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish