ҒАЗАБДАН САҚЛАНИШ ҲАҚИДА
Эй фарзанд: Ўз қалбингни мулойимлик, сукут, виқор ва саботга одатлантиргин, ушбу фазилатлар орқали қалбингни идора этгин. Жаҳлинг чиққан вақтда ғазаб ғалаба қозониб, ақл ва тафаккурингни тўсиб қўядиган даражага етмасин. Бу сени юксак ахлоқий фазилатларга хилоф бўлган одат ва иллатлар сари етаклайди. Шунинг учун ҳам бундай шармандали ҳолатларга эргашувчи, ёқимсиз натижалар келтирувчи ғазаб иллатидан эҳтиёт бўл.
Донишманд Суқротнинг ҳикматларида шундай дейилган: Агар инсон устидан ғазаб ғалаба қозонса, унинг тили фақатгина хато сўзларни сўзлайди. Маст киши ўз ҳолатининг қабиҳлигини бошқа маст инсон мастлигининг ёмон оқибатига гувоҳ бўлмасдан туриб билмаганидек, ғазабнок киши ҳам ўз ғазабининг ёқимсиз оқибатига мубтало бўлмагунча, ғазабининг ёмонлигини била олмайди. Донишманд Суқрот ҳикматларининг маъноси шуки, қаҳр ва ғазаб кучайган ҳолатда жазолашга шошилиш жоиз эмас. Акс ҳолда, қабул қилган нотўғри қарорингдан афсус-надомат чекасан, ушбу қарорингни тўғрилаш қобилиятини йўқотасан. Ғазаб ғалаба қилган ҳолатларда жазо ва азоб-уқубатларга лойиқ бўлмаганлар жазоланадилар, жазога лойиқ кишилар эса жазоланишдан қутулиб қоладилар. Натижада уларнинг зарарли ва гуноҳ ишлари давом этаверади. Бундай хулқ-атвор ва одатлар оқибатида халқ сени уятсиз ва ахлоқсиз инсонларга мансуб деб ҳисоблайди.
Ғазаб ва шаҳват ҳайвоннинг жамолидир,
Илм ва ҳикмат инсоннинг камолидир.
Шундай экан, ғазаб ва шаҳватни оёқости қилиш орқали одамийлик номига муносиб бўл.
Ибн Муқаффанинг “Адабул важиз” асаридан
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish