11.10.2022

АНИЙС АЛ-ҚУЛУБ

АНИЙС АЛ-ҚУЛУБ

أنيس القلوب

Бурҳониддин Онавийнинг тарихий-диний асари

 

Милодий 1143 йили Ани шаҳрида турк миллатига мансуб қўмондон фарзанди бўлиб туғилган Қози Бурҳониддин Онавийнинг ҳаёти ҳақида ўзининг “Анийс ал-қулуб” асарида берилган маълумотлардан бошқа маълумот йўқ. Унинг болалик ва ёшлик йиллари Ани шаҳрида ўтиб, ўз муҳити таъсирида форс тилини ўрганган. Шунингдек, у бошқа халқларнинг тиллари, ёзув шакллари, насронийлар ва яҳудийларнинг диний эътиқодлари билан танишган. У тафсир, ҳадис, фиқҳ каби диний илмлардан ташқари тиббиёт ва астрономия билан ҳам шуғулланган. 1161 йилда грузинлар томонидан асирга олинган. Уларнинг тили ва эътиқодларини яхши билганлиги туфайли асирликдан қутулиб, Анадолуга йўл олган. Бироз вақт ўтгач, Анига қайтиб, у ердан Табризга жўнайди. Бир муддат қозилик ҳам қилган Бурҳониддин Онавий Анадолуда ташкил топган Аҳлатшоҳлар беклиги ҳукмдори Сайфиддин Бектемур томонидан Аббосийлар халифаси Носир Лидиниллоҳга элчи сифатида Бағдодга юборилган. 

Маҳмуд исмли бир воизнинг таклифи билан ёза бошлаган “Анийс ал-қулуб” асарини 1212 йили Коняда тугатиб, Анадолу салжуқийлари султони Иззиддин Кайковусга тақдим этади. Бурҳониддин Онавийнинг Кисоий ва Табарий каби тарихчилар асарларидан фойдаланиб тайёрлаган бу форсий асари 28 минг байтдан иборат бўлиб, унинг асосий қисми пайғамбарларга оид қиссаларга бағишланган. Анадолу салжуқийлари тарихидаги энг қадимий маҳаллий манбалардан бири бўлган, етти қисмдан иборат “Анийс ал-қулуб” аслида диний-ахлоқий мазмундаги адабий асардир. Китобда пайғамбар қиссаларидан ташқари, Расулуллоҳнинг меърожга кўтарилишлари, жанглари ва мўъжизалари, Хулафойи Рошидин, Умавийлар ва Аббосийлар даврида содир бўлган баъзи воқеалар ҳақида маълумотлар берилган. Аббосий халифалари ҳақида сўз юритилган бўлимда у суннийлик анъаналарига амал қилган ҳолда Ғазнавийлар, хусусан Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистондаги истилолари ва Салжуқийлар борасида маълумотлар келтирган. “Анийс ал-қулуб” XII асрда Анадолудаги маданий-маънавий тараққиёт тарихидан ҳикоя қилувчи бебаҳо асардир. Ушбу асарнинг бизга маълум бўлган ягона нусхаси Сулаймония кутубхонасида 2984 тартиб рақами остида сақланади. 

Манба ва адабиётлар рўйхати:

  1. Қози Бурҳониддин Онавий. Анийс ал-қулуб. Сулаймония кутубхонаси. Тартиб рақами – 2984.
  2. Халил Йинанч. Туркия тарихи: Салжуқийлар даври. Истанбул: 1944. – Б. 54.
  3. Меҳмед Фуод Кўпрулу. Турк адабиёти тарихи. Истанбул: 1980. – Б. 244.

 

 

 

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқотлар бўлими илмий ходими

Izoh qoldirish