Мустақиллик неъматига шукр қилайлик.
Дунёда икки юздан ортиқ давлат, минглаб халқ ва элатлар мавжуд. Улар орасида Ўзбекистон дея аталмиш гўзал ва бетакрор мамлакатнинг ўз ўрни ва нуфузи, ўзига хос тараққиёт йўли борлиги қалбимизга ифтихор бағишлайди.
Мустақиллигимиз биз учун Она каби мўътабар, нондай азиз ва қадрлидир. Тарихи бир неча минг йиллар билан бўйлашадиган, жаҳон тамаддунининг тамал тошини қўйган, илм-фани, санъати, маданияти, улкан маданий ва маънавий мероси, олиму фузалолари билан донг таратган халқимиз ўз истиқлолини осонликча қўлга киритгани йўқ.
Мустақиллик халқимизга, миллатимизга ўзлигини теран англаш, минг йиллар давомида аждодларимиз томонидан яратилган бой маънавий-маданий меросдан баҳраманд бўлиш имконини берди.
Мустақиллигимизнинг турли йилларида миллатимизнинг буюк фарзандлари — Aҳмад Фарғоний, Aмир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Aлишер Навоий, Имом Бухорий, Aбдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Термизий, Хожа Aҳрор Валий сингари улуғ зотларнинг таваллуд саналари алоҳида нишонланди.
Шу билан бир қаторда бой илмий, диний-маърифий меросини кенг оммалаштириш ва ўрганиш мақсадида Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон сингари қадим ва муаззам шаҳарларнинг юбилейлари халқаро миқиёсда ташкил этилди.
Мустақилликнинг шонли ва зафарли йилларида халқимиз қўлга киритган ютуқлар сон-саноқсиз ва уларнинг ҳар бири асрларга татигуликдир. Буларнинг бари бетакрор ва ягона жонажон Ўзбекистонимизнинг буюк келажак йўлидан собитқадамлик билан дадил одимлаётганидан дарак беради. Ҳар бир Ўзбекистон халқи ушбу амалга оширилаётган ишларни теран англаб, мустақиллигимиз ва тинчлигимизни қадрига етиб, мамлакатимиздаги тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраши лозим. Зеро, тинчлик ва тотувлик энг улуғ неъматир.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
маркази халқаро алоқалар ва зиёрат
туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи
Фаррух Сайдуллаев
Izoh qoldirish