13.09.2021

ЁШЛАРИМИЗНИ ИЛМ-ФАНГА ЙЎНАЛТИРАЙЛИК!

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида ташкил этилган "Ёшларимизни илм-фанга йўналтирайлик!" номли тадбирда  масъуллар, илмий тадқиқотчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.

Тадбир аввалида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Умaров нутқ сўзлаб, иштирокчиларга илм олиш ва унинг фазилатлари, бугунги ёшларни илм-фанга йўналтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. 

Шунингдек, тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида тўхталиб ўтишди. Турли жабҳада иқтидорга эга ёшларни нуфузли миллий ҳамда халқаро олимпиадалар, мусобақалар ва танловларда салмоқли натижаларга эришишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларни илғор ва замонавий илм-фанга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

- Муқаддас динимиз - Ислом дини ҳам илму маърифат динидир. Илм инсонни икки дунё саодатига элтувчи бир восита бўлиб, ҳар – бир қилинадиган амал илм асосида бўлиши лозим. Ҳар қандай иш ёки бир амал мукаммал адо этилиши унинг илм асосида бўлишлигига боғлиқ.  Илм олиш инсонга ҳурмат ва фазилат олиб келади. Халқимизда “олим бўлсанг олам сеники” деган ибора бежиз айтилмаган. Инсон қанчалик илм олишда давом этар экан унинг билим доираси кегайиб боради, тафаккури очилади, теран фикрлайди. Шунинг билан бига ҳар қандай ишнинг ечимини топади,-дея ўз-фикрларини билдирди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ҳадисшунослик бўлими илмий ходими Фахриддин Худойназаров.

Бир сўз билан айтганда ҳар бир жамиятнинг ҳолати, тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи, уларнинг илму-салоҳияти, маънавияти ва онглилиги даражаси билан белгиланади. Ёшлар жамиятнинг эртанги келажаги, унинг фаол аъзоси, таъбир жоиз бўлса жамият эртасининг муносиб ворисларидир. Мазкур нуқтаи назарга кўра ўтказилаётган "Ёшларимизни илм-фанга йўналтирайлик!" номли амалий тадбирлар ҳам келажагимиз давомчиларининг мамлакатимиз ривожи йўлида муносиб кадрлар бўлиб етишишларига замин яратади.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar