27.08.2021

Имом Термизийнинг мустаҳкам қувваи ҳофизаси

 

Юртимиздан зеҳни ўткир ва хотираси мустаҳкам олимларимиз яшаб, илмий фаолият юритганлар. Ўша олимлар бири Имом Термизийдир. Имом Термизий минглаб ҳадисларни ёддан билган. Имом Термизий зеҳнининг ўткирлиги ҳамда қувваи-ҳофизаси кучлилиги хусусида тарихий манбаларда кўплаб мисоллар ва ривоятлар келтирилади:

Маккага кетаётганимда, йўлда бир Шайхни учратиб қолдим. Мен анча олдин бу Шайх томонидан ривоят қилинган ҳадисларининг икки жузини (қисмини)  бошқа бир кишидан эшитиш орқали ёзиб олгандим. Мен ушбу  шайх томонидан ёзилган ҳадис қисмлари ўзим билан бирга олганман деб ўйлаб, Шайхнинг ёнига бордим. Салом-аликдан сўнг мен унинг бошқа кишидан эшитган ҳадисларини айнан унинг ўз оғзидан эшитишни илтимос қилдим. 

Мен ушбу ҳадис жузларини қидира бошладим, лекин афсуски, бу жузлар ёнимда йўқ экан. Ёнимда унинг жойида бошқа оқ қоғоз бор экан. 

Мен қўлимдаги бўш оқ қоғозга қараб, Шайх айтган ҳадисларни эшита бошладим. Бир оздан кейин Шайх менинг қўлимдаги оқ қоғозни кўриб: “Бу қилиғинг учун мендан уялмайсанми?” - деди. Мен маъзурона ҳолда бор ҳақиқатни айтиб: “Сиз ривоят қилган ҳадисларнинг ҳаммасини ёддан биламан”, дедим ва уни бирин-кетин сўзма-сўз айтиб бердим. 

Шайх эса сўзларимга ишонқирамасдан: “Нима, менинг ҳузуримга келишдан олдин уларни махсус ёдлаган эдингми?” - деди. Мен: “Йўқ”, деб жавоб бердим ва: “Агар сўзларимга ишонмасангиз, бошқа ҳадислардан айтинг”, дедим. Шунда Шайх аввал ҳеч ким эшитмаган қирқта ҳадисни менга айтди. Мен эса Шайх менга айтган қирқта ҳадиснинг ҳаммасини бошидан охиригача бирма-бир айтиб бердим.  Бирорта ҳарфида ҳам адашмадим. Шунда Шайх: “Сенга ўхшаганини ҳеч қачон кўрмаган эдим”, - деди.

Шайхи Имом Термизийнинг хотираси кучлилигидан ҳайратга тушиб, бундай хотираси бор инсонни кўрмаганлигини қойил қолганлигини билдирган.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 

илмий ходими Олим Жўраев

 

 

Izoh qoldirish